Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Энди ахборот воситаларида ёшга оид тоифа белгисининг бўлиши қонунан мажбурий ҳисобланадими?

 Энди ахборот воситаларида ёшга оид тоифа белгисининг бўлиши қонунан мажбурий ҳисобланадими?

            Шу йилнинг 9 март санасидан эътиборан “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун расман кучга киради, дея ёзади бу ҳақда O`zLiDeP фракцияси аъзоси Расул Кушербаев  “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

           Қонун илмий, илмий-техникавий, статистик ахборотни ўз ичига олган ёки жамият учун тарихий, бадиий ёҳуд ўзгача маданий қимматга эга бўлган ахборот маҳсулотларидан бошқа барча ахборот материаллари айланишига амал қилади.
Демак, 9 мартдан ушбу хусусиятга эга бўлмаган барча ахборотлар, шу жумладан рекламалар, аудио, видео ва матнли хабарлар, кинофильм, мультфильм, оммавий томоша ва концертлар, интернетга жойлаштириладиган ахборот, компьютер ўйинлари, шунингдек томошабоп тадбирлар воситасида тарқатиладиган ахборот ушбу қонун талабларига кўра болалар ўртасида тарғиб қилиниши ўз хусусиятига қараб чекланиши ёки маълум ёш тоифаси қўйилган ҳолда берилиши шарт.
          Энди телевидение, босма нашрлар, интернет каналлари, реклама воситалари ва бошқа ахборот воситаларида"0+", "7+" , "12+" , "16+", "18+" ёшга оид тоифа белгиси ёзувини акс эттириш қонунан мажбурий ҳисобланади. Ушбу ёш тоифасини ахборот тарқатувчиси мустақил равишда қўяди. Агар бунга малакаси етмаса Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида аккредитациядан ўтган экспертларга мурожаат этиш мумкин.
            Эътибор қилинг: агар катталар учун мўлжалланган дастур ва материалларда ёш тоифаси қўйилмаганлигини кўрсангиз марҳамат қилиб бу ҳақда ваколатли орган – Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига мурожаат юборишингиз мумкин.
            Қонундаги талаблар интернет тармоғида ахборот тарқатаётган шахслар учун ҳам алоҳида масъулият юклайди.
Ҳаммангизни болаларнинг соғлом ва баркамол руҳда камол топиши учун ёт таъсир ва ахборотлардан ҳимоялашда муҳим асос бўлиб хизмат қиладиган янги қонунга тўлиқ амал қилишга чақириб қоламиз!