Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Энди ишлар қоғоздамас, амалда бажарилади!

Энди ишлар қоғоздамас, амалда бажарилади! Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Бухоро вилояти шаҳар ва туманларида ҳам ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати раҳбарлари бошчилигидаги секторлар фаолияти йўлга қўйилган. Бу эса ободонлаштириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш борасидаги масалалар ечимида аниқ натижаларга эришишда муҳим омил бўлмоқда.

17 та маҳалла фуқаролар йиғинини қамраб олган Бухоро шаҳри ҳокими сектори ишчи гуруҳи аъзолари саъй-ҳаракати билан 124 та кўп қаватли уйнинг томи, 312 та уйнинг кириш йўлаги мукаммал таъмирланди. Совуқ сув қувурлари янгиланди, 160 дан ортиқ уйнинг коммуникация тармоқлари тузатилди. Энг муҳими, 252 хонадонга мўлжаллаб барпо этилган 7 та кўп қаватли арзон турар-жойлар қисқа вақт ичида қуриб, фойдаланишга топширилди. Маълумки, янги ташкил этиладиган иш ўринларининг асосий қисми тадбиркорлик субъектлари улушига тўғри келади. Шаҳарда 850 га яқин кичик бизнес субъекти фаолият кўрсатарди, сектор раҳбари ташаббуси билан бу кўрсаткич 76 тага кўпайиб, яна 120 та янги иш ўрни барпо этилди.

 Натижаларнинг сабаби битта: алоҳида дастур ва йўл харитаси шакллантирилган! Шу боис ёрдамга муҳтож оилаларнинг 780 тасига умумий қиймати
6 миллион сўмдан зиёд озиқ-овқат етказилди, 20 таси замонавий газ плиталари билан таъминланди, коммунал тўловлардан қарздорлиги ҳомийлик асосида қоп­ланди. Бухоро шаҳар Васфий кўчасида яшовчи Б. Пўлатова оиласига “Артель” газ плитаси, Л. Аминовага “ЖАК” тикув машинаси, М. Мирзаева хонадонига ногиронлик аравачаси ва чойшабларни ана шундай ҳожатбарор тадбиркорлар тақдим этишди. Ишбилармон Ж. Ҳайитовнинг ўзи ногирон аъзолари бор 4 та оиланинг коммунал тўловлардаги қарзини қоплади...

Худди шундай самарани Олот тумани ҳокими раҳбарлигидаги биринчи сектор ишчи гуруҳи фаолияти мисолида ҳам кўрса бўлади. Тўрт мингга яқин хонадон бирма-бир ўрганиб чиқилди. Ўзбекистон маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Шерзод Жумаев оиласининг имкониятлари ҳисобга олиниб, ушбу хонадон аъзоларининг чорвачилик билан шуғулланиши учун тегишли шароит яратиб берилди, бир ой ичида майда туёқли 4 бош мол парвариши йўлга қўйилди. Яна баъзи фуқароларнинг томорқаларида иссиқхонага жой ҳозирланди, аёлларга тикув машиналари олиб берилди, юзлаб инсон ишли бўлди. Фуқароларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатлари асосида ҳудуддаги Кўл Човдир, Баҳористон, Мухтор, Ўзбекис­тон ва Баёт маҳаллаларидаги ариқ ва каналлар саховатпеша ҳомийлар маб­лағлари эвазига ҳашар йўли билан тозаланди, таъмирланди.

Вобкент туманидаги секторлар фаолияти янада қизғин паллада. Туманни 2018-2019 йилларда ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш дастурига асосан жорий йилда барча йўналишлар бў­йича умумий қиймати 144 миллиард 461 миллион сўмлик 313 та лойиҳани амалга ошириш ва 1 351 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга туман ҳокими раҳбарлигидаги биринчи сектор доимий эътибор қаратгани учун ўтган давр мобайнида 100 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди. 180 га яқин киши ишга жойлаштирилди. Тижорат банкларининг имтиёзли кредити асосида 20 нафар хотин-қиз тикув машинали бўлди. Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида тижорат банкларининг тумандаги филиаллари олти ойда 540 нафар фуқарога 4 миллиард 186 миллион 200 минг сўм сармоя берди. Бундан қувонган вобкентликлар айни пайтда паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик, балиқчилик билан андармон, айримлари иссиқхона, баъзилари тикув цехи очган.

“Обод қишлоқ” дастурига киритилган Анжирбоғ ва Пахтакор маҳалласида катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш, янги инфратузилма объектларини барпо этиш ишлари давом этмоқда. Анжирбоғ қишлоғидаги 250 та хонадон таъмирланди, 75 та уй томи шифер билан ёпилди. Энди қишнинг ёғинли-қировли кунлари хавотирли ўтмайди. Хонадонлар атрофига 5 мингдан зиёд кўчат ўтқазилди, 2 гектар анжирзор барпо этилди. Ҳожи Анжир Фағнавий зиёратгоҳида реконструкция ишлари бош­лаб юборилди. “Пирмаст” маданият ва аҳоли дам олиш маркази биноси янгидан қурилди. 2 километрдан зиёд газ қувури таъмирланиб, хонадонларга табиий газ узлуксиз етказиладиган бўлди. Пахтакор маҳалласидаги 9-мактабгача таълим муассасаси 1 миллиард сўмлик таъмирдан чиқарилди.

Кўлхатиб, Чўрикалон, Чангарон ма­ҳал­­ласидаги 43 та кам таъминланган оиланинг яшаш жойи ҳомийлар кўмагида таъмирланди, 19 нафар боқувчисини йўқотганга арзон уй олишда кўмаклашилди. Шакаркент аҳоли пунктида ҳам шу каби 16 та оилага икки ва уч хонали уй топширилди.

 “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган бунёдкорликларни бошқа шаҳар ва туманлардаги секторлар фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Масалан, вилоят ички ишлар бош­қармаси бошлиғига Вобкент, Ғиждувон ва Шофиркон туманлари бириктирилган. Сектор раҳбарларининг масъулиятини ошириш бўйича йўлга қўйилган тизимли ишлар самараси яққол кўзга ташланмоқда. Ҳовли-жойларни кўздан кечириш асносида аниқланган 7 400 та муаммо бартараф этилди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бош­лиғи Вобкент, Шофиркон, Ғиждувон, Пешкў, Ромитан, Когон тумани ҳамда Когон ва Бухоро шаҳарларидаги халқ қабулхоналарида сайёр қабул ўтказгани натижасида 250 дан ортиқ мурожаатнинг салкам 100 таси қаноатлантирилди, қолганлари бўйича жисмоний ва юридик шахсларга тушунтиришлар берилган.

Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган секторлар фаолияти Бухорода ҳам қисқа вақт ичида халқнинг ишончини оқлаб, фуқароларнинг мавжуд муаммоларига ўз вақтида ечим топиш ҳамда юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Халқона ибора билан айтадиган бўлсак, амалий ишлар қоғозда эмас, амалда бажариляпти. Муҳимиям шу, аслида!

 Асхор ИСТАМОВ,

“XXI asr” мухбири