Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Энди ўринбосар эмас, раҳбар ҳисобот берсайди...

Энди ўринбосар эмас, раҳбар  ҳисобот берсайди...

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи  ҳудуддаги ислоҳотлар самарадорлигини мунтазам ўрганиш, қонун ҳужжатларининг ижросини доимий назорат қилиш, мавжуд муаммоларга оқилона ечим топиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда. Хусусан, гуруҳнинг навбатдаги йиғилишида вилоят миқёсидаги бир қатор мутасаддиларнинг ўзига бириктирилган вазифаларни қандай бажараётгани ҳақидаги ҳисоботлари тинглангани фикримиз далилидир.

Муҳаммади Турсунмуродов – Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари. Партиямиз депутатлари дастлаб ана шу мансабдорнинг ахборотини эшитишди. Ҳисобдор ўз сўзини Солиқ кодексига киритилган ўзгартириш­лар тўғрисида маълумот беришдан бошлаб, кейин рақамлар таҳлилу таққосига ўтди. Унинг таъкидлашича, вилоят бўйича қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони жорий йилда 877 тага кўпайиб, айни пайтда 1 064 тага етмоқда. Шунингдек, ўтган уч ойда 2 522 та ер солиғи, 2 586 та мулк солиғи ва 1 414 та сув ресурсларидан фойдаланаётган корхоналар солиқ органларида ҳисобга олинган. Вилоятда барча солиқ турлари бўйича 2019 йил учун ҳисобланган жами солиқ суммаси 47,2 млрд. сўмни ташкил этган.

Солиқ ходимлари томонидан янги солиқ тизимининг тартиб-қоидалари ва ҳисоб-китоблари юзасидан тадбиркорларга мунтазам равишда тушунтириш ишлари йўлга қўйилган. Айниқса, фаолиятини тўхтатиб қўйган тадбиркорлар билан профилактик учрашувлар ўтказилиб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

 O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари маърузачига ўнлаб саволлар билан мурожаат қилишди. Қизғин баҳс-мунозара юзага келди, десак бироз муболаға бўлади. Лекин партиямиз вакиллари ўз сайловчилари манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан мутасадди раҳбардан тайинли жавоб олишга эришди.

Йиғилишнинг иккинчи қисмида Жиззах вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари Барно Рашидованинг ахбороти эшитилди.

Маълум бўлишича, ҳудуддаги 17 та мактабгача таълим муассасаларини қуриш ва реконструкциялаш учун 58 миллиард 65 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Шу объектлардан 2 таси янгидан бунёд этилиши, 1 таси мукаммал таъмирланиши, 14 таси реконструкция қилиниши белгиланган. 2018 йилда 110 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси очилган.

Умуман олганда, бугунги кунда вилоят миқёсида  5-6 ёшдаги 25 минг 633 нафар боладан фақат 12 минг нафари мактабгача таълим муассасалари орқали қамраб олинган. Демак, бу борада ҳали амалга ошириладиган ишлар кўлами талайгина. Бироқ, депутатларнинг фикрича, болаларни боғчаларга қамраб олиш билангина иш битмайди. Мазкур даргоҳларда таълим-тарбия сифатини яхшилаш, тизимга ахборот технологияларини кенг жорий этиш, методик қўлланмаларни кўпайтириш каби долзарб масалалар бор.

Эшитув давомида депутатлик гуруҳи аъзолари юқорида ҳисоботлари тингланган мутасаддилар раҳбарлик қилаётган соҳаларда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиликлар, тизимларга оид қабул қилинган фармон ва қарорлар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбир давомида вилоятдаги мактабгача таълим муассасаларини ичимлик суви, иситиш тизими, электр энергияси ва табиий газ билан таъминлашни тубдан яхшилаш борасида аниқланган муаммоларни партиявий воситалар билан ҳал этиш юзасидан депутатлик гуруҳининг аниқ вазифалари белгилаб олинди.

Сўнгсўз ўрнида

O‘zLiDeP – сўз ва иш бирлигига амал қиладиган сиёсий куч сифатида танилганини инобатга оладиган бўлсак, энди бу майдонда кураш йил сайин кучайиб бораётир. Эътиборлиси, сайловлар яқинлашяпти. Модомики, вакилларимиз иштирокида ўтаётган эшитув ва ҳисоботларга тегишли ташкилотларнинг раҳбар ўринбосарлари эмас, ўзларининг келишига эришиш ҳам, ўйлаймизки, партия нуфузини оширишга хизмат қилган бўлур эди, назаримизда.

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

“XXI asr” мухбири