Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Энди янгиликка интилган ютади

Энди янгиликка интилган ютади

Бугун ҳар бир андижонлик ҳамюртимиз Президентимизнинг “Халқимиз дунёқарашида инновацион муҳитни яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, рақобат, ривожланиш бўлмайди. Бу соҳада ўзгариш­ларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма пайдо қилмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз”, деган фикрларига ҳамоҳанг яшашга интиляпти, десак муболаға бўлмайди.

Вилоятда айни кунда барча соҳада инновацион технологияларни қўллаш, жумладан, заминимизда етиштирилаётган хомашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш мақсадида кластер усулини жорий этиш ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда. Бу борада инновацион ғоялар марказининг фаолияти алоҳида эътиборга молик. Мазкур муассаса вилоятдаги илғор ғояли инсонларни, шижоатли ишбилармонларни, фидойи олимларни бирлаштиряпти, ҳамжиҳатликда янги ишланмалар рўёбга чиқарилмоқда. Аҳолининг барча қатламларидан инновацион ғоя ва таклифларни йиғиш, улар асосида янги лойиҳалар тайёрлаш, технологиялар яратиш ҳамда амалиётга жорий этишда ёрдам кўрсатиш бўйи­ча секторлар фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Марказ қошидаги кенгаш янги ғояларни  таҳлил қилиб, умумлаштираётир.

– Инновацион ғояларни ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш чораларини кўряпмиз, – дейди Андижон туманидаги инновацион ғоялар маркази раҳбари Дилмурод Султонов. – Янги дастурлар, илмий лойи­ҳалар, бизнес-режалар тайёрлаш, тадбиркорларга, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига турли хизматлар кўрсатиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳаракатидамиз.

Дарҳақиқат, шундай. Масалан, инноватор мутахассис Х. Рўзиев кимёвий воситаларсиз комплекс таъсир этувчи “Биоэнергия-М” биофунгицидини мукаммаллаштириб, фермер ва деҳқон хўжаликларига тавсия қилди. Бу тажрибалар асосида қўлланмалар тайёрланди.

Олимлар, мутахассислар биргаликда қорамолларнинг наслини яхшилаш учун эмбрионларни кўчириб ўтказиш технологиясини тайёрладилар. Марҳамат тумани ветеринария бўлими мутахассиси, олим М.Исахонов лойиҳани амалга ошириш учун сафдошлари билан фаолият олиб бормоқда.

Марказ технологи А.Ўринбоев “Тупроқ балл-бонитетини аниқлашнинг соддалаштирилган тезкор инновацион усулини жорий этиш” лойиҳасини ишлаб чиқди. Шу кунларда у янги технологияни вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси билан биргаликда эксперимент экпертизасини ўтказишга ҳозирлик кўряпти.

Зилола  РАҲМОНОВА,

“XXI asr” мухбири