Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Энергия ресурсларининг ҳам ҳисоби бор

Энергия ресурсларининг ҳам ҳисоби бор
 
 
 
Қаҳрамон ЭРГАШЕВ
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

 

 

 

Бу дунёда ҳар қандай бойликнинг, у ер устида бўладими, остида бўладими, чек-чегараси, ҳисоб-китоби бор. Шу маънода аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини оширишда электр энергетика тармоғи муҳим ўрин тутади. Биз депутатлар ҳудудларга чиқиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволни ўрганиш жараёнида истеъмолчиларга етказиб берилаётган энергия ресурслари қийматини аниқлашда табақалаштирилган ёндашув мавжуд эмаслиги ҳамда бу нооқилона фойдаланишга сабаб бўлаётгани, муқобил энергия манбаларининг жорий этилмаганига гувоҳ бўлдик.

Президентимизнинг шу йил 8 ноябр­даги “Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада учраётган бундай камчилик­ларни бартараф қилиш баробарида, янги технологияларни амалиётга тат­биқ этишга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир. Мазкур ҳужжатга кўра, 2018 йилнинг 1 январидан энергия ресурсларидан тўғри ва тежамкорлик билан фойдаланишни рағбатлантирувчи бир қатор механизмлар назарда тутилмоқда. Жумладан, пишган ғишт, гипс, цемент ҳамда бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи, шунингдек, муайян хизматлар кўрсатувчи истеъмолчилар (ресторан, кафе ва бошқалар) уланган қуввати 750 кВА бўлган электр энергияси ҳамда табиий газ учун тўловлар Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан ўрнатиладиган ўсиб борувчи коэффициент ва тарифларга мувофиқ амалга оширилади. Уланган қуввати 750 кВА ҳамда ундан юқори бўлган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар сутка вақтларининг табақалаштирилган тарифи бўйича қилинади. Эътиборлиси, мазкур тартиб бюджет ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмалари насос станциялари, ўз навбатида, давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станцияларига нисбатан татбиқ этилмайди. Республика электр таъминоти тизимига юкламани тенглаштириш мақсадида электр энергиясидан фойдаланганлик учун тўловларнинг қулай тарифлари ишлаб чиқилмоқда.
Айтиш жоизки, 1997 йил 25 апрелдаги “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги қонунда юртимизда энергия тежалишига оид меъёрлар мустаҳкамлаб қўйилган эди. Айни пайтда “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойи­ҳаси ҳам тайёрланмоқда. Унда қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш билан бирга, электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳамда сотиш масалалари алоҳида инобатга олинаётир.
Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг барча тармоғига оид устувор вазифалардан бири, шубҳасиз, энергия манбаларидан фойдаланишда суиистеъмолчиликка йўл қўймаслик ва тежамкорлик билан ёндашишдир. Бунда жисмонан ҳамда маънан эскирган ишлаб чиқариш қувватларини энергия тежайдиган технологияларга алмаштириш, қолаверса, янги лойиҳаларни амалга оширишда айнан шу технологияларни, ишлаб чиқаришда эса электр ва газ тежайдиган қурилмаларни жорий қилиш, мавжуд хомашё базасидан оқилона фойдаланиш, иккиламчи қайта ишлаш лойиҳаларини илгари суриш, асосий ишлаб чиқариш ҳамда ёрдамчи қувватларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни оммалаштириш сингари йўналишларга кенг урғу берилмоқда. Мамлакатимизда энергия соҳасида тежамкор технологияларнинг жорий этилиши аҳоли фаровон турмуш тарзининг янада яхшиланишига хизмат қилиши шубҳасиз.