Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Энг муносиблар номзод сифатида кўрсатилди

Энг муносиблар номзод сифатида кўрсатилди Тошкент шаҳар Халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик ўзининг қизғин палласига кириб бормоқда.

 Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Олмазор туман Кенгашининг Конференциясида ҳам муҳим сиёсий жараёнда партиянинг иштироки билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда навбатдаги сайловлар янги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий шароитларда ўтиши кутилаётгани алоҳида таъкидланди. Бу, аввало, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида юртимиз ҳаётининг барча жабҳаларини тубдан ислоҳ қилиш борасида марказда ва ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан бевосита боғлиқ эканлиги эътироф этилди. 

Шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонуни  сайловларни тенглик, очиқлик, ошкоралик принциплари асосида ўтишини таъминловчи муҳим ҳуқуқий база эканини қайд этиш жоиз.

Шундай масъулиятли, муҳим сиёсий аҳамиятга эга бўлган сайлов кампаниясида муносиб иштирок этиш эса O‘zLiDePнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

Ўз дастурий йўналишидан келиб чиқиб, O‘zLiDeP асосий эътиборни, Марказий Осиёнинг энг йирик мегаполиси ҳисобланган Тошкент шаҳри туманларида жадал олиб борилаётган иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларга қаратади. Шунингдек, давлат бошқаруви органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва кучли фуқаролик жамияти асосларини амалга оширишда фаол бўлишга чорлайди.

Бунда хусусий мулк ҳимоясини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорлик учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, соҳа ривожи учун зарур бўлган самарали инфратузилмани янада ривожлантириш каби муҳим масалалар партиямиз томонидан илгари сурилаётган долзарб йўналишлар саналади.

Конференцияда партия Олмазор туманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тараққий эттириш, айниқса, бу тармоқлар қамровида ёшлар ва хотин-қизлар улушини кўпайтириш, бандликка кўмаклашиш, натижада турмуш фаровонлигига эришишни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйганлиги айтилди.

Ҳозирги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 16 фоиздан, инвестицияларнинг 18 фоизидан, саноат маҳсулотларининг 20 фоизидан ортиғи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Албатта бу салмоқли кўрсаткичларда тадбиркорлик субъектларининг ҳиссаси ниҳоятда катта.

Партия дунё бозорида рақобатбардош саноат маҳсулотларининг янги турларини ишлаб чиқариш, замонавий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ва ахборот инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги узоқни кўзловчи мақсадларни амалга оширишни ўз олдида турган муҳим вазифа, деб билади. Ушбу ишларни амалга оширишда айнан тадбиркорлик субъектлари етакчилик қилади, деб ҳисоблайди.

Шу туфайли, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, шахсий ташаббусларга кенг йўл очиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш масалалари партиянинг асосий мақсадларидан бири бўлиб хизмат қилади.

Тадбир давомида партия ўз фаолияти давомида хусусий мулк дахлсизлиги бўйича конституциявий тамойилни ҳимоя қилиб, ҳаётга изчил татбиқ этишда фаол ҳаракатни олиб бориши таъкидланди.

 Йиғин ниҳоясида Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутатлигига O‘zLiDePдан номзодлар кўрсатилди ва тасдиқланди.

***

O`zLiDeP Юнусобод туман Кенгаши Конференциясида ҳам туман Кенгаши фаолияти ҳамда сайловга тайёргарлик масаласи атрофлича кўриб чиқилди.

— Маълумки, сайловда муносиб номзодларнинг иштирок этиши сиёсий партиялар учун юқори натижага эришишда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Шу боис бугун партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини яхши биладиган, энг асосийси, мамлакатимизда давом этаётган янги босқичдаги ислоҳотлардан яхши хабардор ва унга дахлдор, жавоб беришга қодир, ҳудудда обрў-эътибор қозонган фаолларимиз депутатликка номзод сифатида кўрсатилди, — дейди туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Д. Зайнутдинова. — Ўрни келганда яна бир нарсани айтиб ўтиш жоиз, яъни, пойтахтимиз туманларида вакиллик органларининг ташкил этилиши бу — шаҳар ҳаёти ва аҳолиси учун янги ва янада кенг имконият деганидир.

Конференцияда оммавий ахборот воситаларида номзодларнинг сайловолди дастурини тарғибот ва ташвиқот қилиш, депутатликка номзодларнинг ҳужжатларини тайёрлаш ва сайлов комиссиялари билан ишлаш, партия ваколатли вакили, номзодларнинг ишончли вакиллари, кузатувчиларни тайёрлаш ва улар билан ишлаш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир якунида Халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгаши депутатлигига O‘zLiDePдан номзодлар кўрсатилди.

***

Таъкидлаш жоизки, пойтахтимиздаги барча партия туман Кенгашларининг Конференциялари кўтаринки руҳда ўтказилиб, уларда халқ депутатлари туман Кенгашларига O‘zLiDePдан муносиб номзодлар кўрсатилиб, бир овоздан тасдиқланди.

 

 

 

Элбек ШОЙИМҚУЛОВ,

“XXI asr” мухбири