Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЭНГ ОЛИЙ НЕЪМАТ

ЭНГ ОЛИЙ НЕЪМАТ
У борки, саҳар уйғониб, Яратганга шукрона айтаман: “Шундай фаровон кунларнинг фарзанди бўлганим, куну тунларимизни файзли этганингга минг қатла шукр!”. Сўнг деразани ланг очиб, мусаффо, парисуқ осмонимизга тикиламан. Юз-кўзимни силаётган роҳатбахш ва ёқимли насимдан баҳри дилим очилади. Мунис шабада ўзи билан она тупроқнинг исини олиб келади – кўксимда улуғвор, буюк ҳислар боз жўш уриб, савобли амаллар қилиш, шошилишга ундайди: “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор, вақтингни беҳуда ўтказма, саодатли дамларнинг ҳаққини адо этмоқ лозим!”
У борки, оиламиз билан бемалол нонушта қилиб, биримиз ишга, биримиз боғчага, биримиз ўқишга отланамиз.
У борки, байрамлар, дам олиш кунлари баҳонасида бизни катта йўлга кузатган, оқ ювиб-оқ тараган мукаррам зотлар – ота-оналаримиз ҳузурига ошиқамиз. Ширин дийдордан сархуш бўламиз. Саватчага солиниб, деворга илинган тансиқ неъматларини бирин-кетин олиб чиқа бошлайди, мўътабар онамиз. Майиз, қовунқоқ, туршакларнинг асалдек таъми синашта пайтимиз – ўтиш даврини ёдга солади. Вужуд ажиб бир хотираларга – болалик битикларига ғарқ бўлади. Кузда тиллодек товланиб ётган ўзан ёдга тушади; Олабош сигирнинг елинидан “пов-пов” этиб ёғилаётган сутни қўмсаб, тамшаниб қўямиз. Орзуманд дамлар соғинчи нақадар тотли, а?..
У борки, билаклари олов йигитлар саховатли замин кучига куч қўшадилар. Бўйсара, навниҳол қиз-жувонларнинг шодон кулгуси эшитилади, хонадонлардан. Нурафшон юз, раёҳин ифор тутади, давраларни... 
Бир чети тишланган ширмойи нон... У борки, йигитлик бурчини адо этмоқ учун ҳарбий хизматга кетган алпомишкелбатлар сарҳадларда кумушдек садоқат билан собит турадилар.
У сўзнинг номи – ТИНЧЛИК!
ТИНЧЛИК – энг қадрли, энг суюкли, энг буюкдир!
“Ўзимизнинг уйимиз яхши”
...Беш ёшли ўйинқароқ ўғлим эшикдан кира солиб сўрайди:
– Бугун боғча опам Ватан ҳақида шеър ўқиб бердилар, Она Ватан, деб айтдилар, сизнинг исмингиз Ватанми?
Саволлари ниҳоясиз аржумандимни тиззамга ўтқизаман.
– Ватан – мана шу яшаб турган уйимиз, оиламиз, ҳовлимиз, шаҳримиз, Ўзбекистонимиз, ҳаммаси – Ватан.
– Боғчам-чи?
– Боғча ҳам. Чунки кун бўйи у ерда ўйнайсан, сархил таомлар тановвул қиласан, дўстлар орттирасан. Ана шуларнинг бари аслида Ватан, болам!.
Ватан танланмайди
Тақдир тақозоси билан бадавийлар оиласида туғилсам, эллик даражали иссиқда қутурган қум бўрони мен учун энг гўзал манзара бўлур эди.
Тақдир тақозоси билан эскимослар оиласида туғилсам, эллик даражали совуқда қутурган қор бўрони мен учун  энг гўзал манзара бўлур эди...
Мен Ўзбекистонда туғилганим билан фахрланаман”.
Устоз ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобида юқоридаги сарлавҳа остида битилган мазкур сўзларни ўқиган ўқувчи борки, унда инкор этиб бўлмас ҳақиқат борлигини англайди. “Қайси юртда нон арзон бўлса, ўша ерга кўчиб юрадиган одамда Ватан туйғуси бўлмайди”, дейди адиб яна изоҳ бериб.
Дарҳақиқат, оқ ва қора ёнма-ён бўлганидек, Ватаннинг қадрига етувчи, ўзга  юртнинг буғдойидан ўз элининг сомонини  афзал билувчилар қанча кўп бўлмасин, фарзандлик бурчига номуносиб калтабинлар ҳам борлигидан ачинасан, киши. Баъзилари бор: яшаш-туриши жо­йида, нафақат ўзи, рафиқаси ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги автомобилларнинг соҳиби, фарзандлари замонавий даргоҳларда таҳсил олишади. Хусусий фирмаси ҳам бор. Тағин татиб кўрмагани – ўтган даврни мақтагани мақтаган. Ўзидан сўрасангиз, туғишган акаси билан (бегона эмас!) бир ҳовлида, бир қозон-товоқдан таомланишга бир йил зўрға чидаганлардан. “Ахир бегона эмас экан-ку, туғишганингиз”, деб кўринг-чи, жавоби тайёр: “Алоҳида, мустақил бўлиб яшаганга нима етсин!”, дейди керилиб.
Яна бир тоифа инсонлар бор. Кўп эмас, бир ойгина ўзга давлатда бўладими, йўқми, уч-тўрт киши тўпланди дегунча, тағин ўша даҳмаза: “У давлат (мустақил бўлганига ярим, салкам бир аср бўлган!) нинг имкониятларига гап йўқ, бизда ҳали унақа, бунақа...”. Буларга ҳам айтгинг келади: “Йигирма ёшда сен нимага эришган эдинг? Умуман, ўша таърифини келтираётган мамлакатинг-чи? Мустақиллик уларга ҳам биз каби йўқотишларсиз, тинчлик йўли билан насиб этганмикан, халқидаги меҳр-оқибат ҳам биз каби андоза оларлик даражадами? Кексаларга ҳурмат, кичикларга иззат, ўтганларни қадрлаш-чи?..”
Бугун Ўзбекистонимизнинг йигирма олти йиллик истиқболини таърифлашга-ку қалам ожиз. Кундан-кун  рўй бераётган  янгидан-янги ўзгаришлар, қад кўтараётган замонавий иморатлар, кенг ва равон кўчалар, обод ва тўрт фаслда ҳам тўкин-сочин бозорларимиз ва..
Хуллас, йил сайин, ой сайин гуллаб-яшнаётган ота юртимга, пойтахти азимга тикилиб кўзларим қувнайди, дилим яйрайди.
Энг қувончлиси, ушбу жаннатмонанд заминдаги тинчлик ва фаровонликдан завқланган халқимиз яратувчанлик, эзгу ишлар билан машғул. Илойим, тинчлигимизга ҳеч қачон кўз тегмасин, истиқлолимиз абадий бўлсин!
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА