Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЭНГ ҚАДРДОН ДЎСТ, ЭНГ ҚИММАТ ДУРДОНА

ЭНГ ҚАДРДОН ДЎСТ, ЭНГ ҚИММАТ ДУРДОНА
Шу йилнинг 3 август куни Президентимизнинг ижодкор зиёлилар
билан бўлиб ўтган учрашувдаги маърузасини тинглаган инсонларнинг қалби-шуури ўзгача ҳайрат, севинч, ҳаяжонга тўлди.
 
Оммавий ахборот воситалари орқали билдирилаётган холис муносабатлар, жамоатчилик орасида ўтаётган учрашув ва тадбирларда айтилаётган самимий эътирофлардан ҳам кўриняптики, ижод дунёсига дахлдор – шоир-ёзувчими, кино-театр намояндаларими, хуллас, санъат ва маданият соҳаси вакиллари, ёхуд журналистлар ана шу унутилмас учрашувдан бир олам таассурот олди, тан олиш керакки, ҳамманинг кўнглидаги гап­лар ўртага ташланди, хайрли ташаббуслар қўллаб-қувватланди.
Дарҳақиқат, Президентимиз ижод аҳлини уйғоқликка, фидойиликка, қалбдан, чин юракдан ҳалол ишлашга, бугунги шиддатли даврга хос фаолликка, ташаббускорликка чорлади.
“Юртимиздаги бугунги ижодий муҳитни кузатсак, у қандайдир турғунликка тушиб, бир жойда депсиниб тургандай, кўпчилик ижодкорларимиз ўз ташвиш ва муаммолари билан ўралашиб қолгандай таассурот қолдиради...”
Бу жуда ўринли, холис ҳамда адолатли баҳо.
Оддий мисол, кейинги йилларда ўзбек кинематографиясида савияли кинофильмлар саноқлигина яратилганини ҳисобга олмаганда, аксарият суратга олинган картиналар “бир марталик” яъни, қандай қилиб бўлса-да, пул топиш илинжида, савиясиз томошабин ортидан қувиш услубига мослашиб кетди. Айрим “фильм”лар ҳатто бир марта кўришга ҳам арзимайди. Бундай киноларда, маърузада айтилганидек, ҳатто халқимизга таниқли бўлган, халқ артистлари ҳам роллар ижро этишаётгани бежиз надомат билан тилга олинмади. Шундоқ кўриниб турибди: аксарияти тирикчилик учун! Ўзингиз айтинг, пойтахтимиз марказидаги довруғли киносаройнинг афиша устунларини безаб турган қайси бир фильмни ҳақиқий киноасар, дейиш мумкин?..
Қўшиқлар-чи, эҳ, ҳатто тўйларда ҳам куйлашга арзимас қўшиқлар... Айниқса, хусусий ТВ ва нодавлат радиотўлқинларда эфирга узатилаётган “куй-нағмалар”га-ку асло чидаб бўлмай қолди. Тавба дейсиз, на маъно, на мазмуни бор бундай қуруқ хиргойибоп машқларни эълон қилишга ким рухсат беряпти? Бундай олди-қочди гап-сўзлардан тузилган шовқин-суронли “қўшиқ”лардан озгина савияси бор одамнинг жиғибийрони чиқади. Ачинарлиси, маъносини кундуз куни чироқ ёқиб ахтарсанг-да тополмайдиган “ҳингир-ҳингир”ларга қулоғи ўрганиб бораётган, умрида бирорта бадиий асар ўқимаган баъзи ёшларга бундай “куй-қўшиқ”лар янада катта таъсир қилаётганидир.
Давлатимиз раҳбари адабиёт ва санъатнинг беқиёс кучига жуда катта баҳо бериб, улуғ адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг машҳур иборасини эслаб, “атомнинг кучини ўтин ёришга сарфлаяпмизми?” деб бежиз айтмадилар. Чиндан ҳам ҳақиқий ижодкор юрт тақдири, келажаги учун ёниб, куйиб яшаши керак. У ўзини эмас, кўпроқ ўзгаларни, у фақат бугуннигина эмас, узоқ келажакни ҳам ўйлаб ижод қилмоғи зарур эмасми? Ёзган асари, у хоҳ битта шеър бўлсин, хоҳ бирор йирик бадиий воқелик, ёки кино, спектакль, куй-қўшиқ, ёки соатлаб термулсанг ҳам боқиб кўз узолмайдиган мусаввир чизган нодир асарлар... Ҳа, ҳақиқий асарнинг умри унинг муаллифидан кўра кўпроқ яшашини тарих исботлаб қўйган. Ана шундагина унинг нафи авлодларга татийди.
Афсуски, бугун чин ижод маҳсули қайси, ўртамиёнаси қайси, умуман талаб даражасида бўлмайдигани қайси, ажратиш мушкул. Буларни саралайдиган, халқимизга маънавий озуқа бериш ўрнига, зиён берадиган “асарлар”дан буткул воз кечишни ўйлайдиган пайт етиб келди. Уларни фарқлай билиш эҳтиёжи бугун нон билан сувдек зарур бўлиб турибди. Тўғри, шоҳ асарни вақти келса замоннинг ўзи белгилайди, савиясизлари ўз-ўзидан унутилиб кетади. Аммо тўғри келган, келмаган “асарлар”нинг инкубатордан чиққан жўжалардек чиқариб ташланиши ҳам ҳар қандай ўқувчи ёки томошабинни чалғитиши, маънавиятимизга зиён етказиши сир эмас.
Ачинарли муаммолардан бири – бу сўнгги вақтларда фақат даромад учун нашриётлар томонидан тўғри келган хом-хатала машқларни ҳам китоб ҳолида чоп қилинаётганидир. Бир пайтлар, узоқ эмас, 28-30 йил илгари, алоҳида китоб чоп қилиш у ёқда турсин, бирорта матбуот нашрида, ҳатто туман газетасида ақалли битта шеър эълон қилишнинг ўзига яраша бадиий талаблари бор эди. Ҳозир-чи, 6-синф боласи ҳам, кеча бозорда мол сотиб, даллоллик қилиб юрган одам ҳам бир юмалаб ёстиқдек келадиган китоб муаллифига, “ижодкор”га айланиб қолмоқда.
Шу ўринда Президентимизнинг “Ўзбекис­тонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз”, деган сўзлари ҳам зиёлиларнинг айни кўнглидаги иш бўлди. Айтиш керакки, савиясиз чоп этилаётган “асар”ларнинг бари асосан – бизнес, яъни сотиб, пул топиш илинжидаги ҳаракатлардан ўзга нарса эмас.
Халқимизнинг маънавий ҳаётини янги босқичга кўтариш учун Президентимиз томонидан кетма-кет қабул қилинган қарор ва фармонлар орасида ижод аҳлини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Илҳом” жамоат фондининг ташкил этилиши, миллий кинематография ҳамда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини, Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш, кечагина эса маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича имконият ва имтиёзлар белгилангани ҳар қанча эътироф этса арзийди. Шундай экан, энди фақат изланиш, чин дилдан ишлаб, бундай эъзоз, имкониятни оқлаш ҳам зарур.
Президентимиз халқимиз маънавиятини, маърифатини янада ўстириш учун, айниқса, ёшларнинг баркамол, дунё миқёсида ўз ўрнига эга бўлиб вояга етишишлари учун нега бу қадар жон куйдириб, юртимизнинг ижодкорларини нега фаолликка даъват этмоқда? Негаки, халқимиз маданияти, маърифати қанчалик юксак бўлса, Ватанимиз шу қадар қудратли, шу қадар улуғворроқ бўлади, элимиз нафақат ўтмишдаги буюк боболари билан ғурурланиши, балки бугуни ва эртаси билан ҳам жаҳонда тенги йўқ кучли миллатга айланади. Бунинг учун эса ҳар бир инсон аввало китобга, ҳақиқий китоб мутолаасига ҳам қайтиши керак. Китоб – маънавият, маданиятга биринчи йўл, пойдевор ҳисобланади.
Шу боис, айнан китоб ва китоб мутолаасига оид кўнгилдан кечган мулоҳазаларга ҳам тўхталсак.
Янги йилнинг дастлабки кунлари эди. Аниқроғи, январь ойининг 12 куни Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг китоб чоп қилиш, уни тарқатиш, халқимизнинг маънавий дунёсини янада оширишга, айниқса ёшларнинг, керак бўлса, мактабгача ва бошланғич таълимда ўқиш маданиятини ва мутолаа кўникмаларини шакллантириш ҳамда бошқа бир қатор муҳим жиҳатларга эътибор қаратгани халқимизни, биринчи навбатда юртимиз зиёлиларини хушнуд этди.
Ҳаммамизга аён, замон шиддат билан ўзгармоқда. Интернет олами каттаю кичикнинг, айниқса, ёшларнинг фикру зикрини забт этмоқда. Энг ёмони, ёшлар қалбини, онгу шуурини “оммавий маданият” деб аталмиш маданиятсизлик, офат, забт этишга, имкони бўлса, ўргимчак тўридек эгаллашга ҳаракат қилаётгани ҳам бор гап. Президентмиз нуфузли йиғилишларда алоҳида таъкидлаётганидек, қаердаки маънавий бўшлиқ бўлса, ўша ерда турли ёт ғоялару оқимлар мустаҳкам салоҳият, деярли билим ва тафаккурга эга бўлмаган инсонларни, айниқса ёшларни ўзига жалб қилишга ҳаракат қилади. Бундай пайтда нажот нимада? Нажот албатта – китобда, мутолаада! Чунки мутолаа инсон қалбини ирода кучи билан тўлдиради, унинг мушоҳадасини кенгайтиради. Мутолаа билан машғул инсон ўзини турли хил иллатлардан сезиларли равишда иҳоталай боради.
Китобдек оқил дўст, китобдек яқин сирдош, китобдек доно маслаҳатгўй йўқ, дейилгани ҳам бекор эмас. Бу ҳақ гап. Ана шу жиҳатдан ҳам ёшларга китобнинг сеҳру жозибасини кўрсата билишимиз зарур. Бунинг учун мактаб ўқувчиларига китобни севишни тарғиб қилаётган ўқитувчи, аввало, ўзи кўп ўқиган, мутолаа маданиятига эга инсон бўлиши лозим. Фарзандини китобга даъват қилаётган ота-она, аввало, ўзи ақалли йилда бир марта бирорта асарни ўқиб туриши зарур эмасми? Агар у ўқиган китобнинг мазмунини фарзандига жўшиб ҳикоя қилиб берса, ана шундагина фарзандларимиз ҳам китобнинг тенгсиз мўъжиза эканлигини, унинг бетакрор сеҳрга эгалигини кашф этишади, англай билишади.
Лекин бугунги кунда болаларимизга маънавий озуқа берадиган, уларнинг кўзини қув­натадиган, кўнглини яйратадиган сифатли, безакдор китоблар етарли даражада нашр этилмоқдами? Тўғрисини айтганда, дўконларимизда китоб кўп, лекин уларни ўқишга вақтимиз, алоҳида қунт ва ҳафсаламиз етишмаслиги сабаб, улар камдек туюлади. Масалан, дунёнинг қай бир буюк адиби асарларини ҳозирги пайтда топишнинг имкони йўқ деб ўйлайсиз? Уларни исталган китоб дўконидан ўзбекча нашрини ҳам, рус тилидагисини ҳам топиш мумкин.
Хўш, ўзимизнинг “Ўткан кунлар” ёки “Кеча ва кундуз”ни охирги марта қачон ўқигандик? Тан олиб айтиш хижолатли, албатта. Лекин бугунги кунда айрим “сариқ” матбуотдаги олди-қочдиларни тинимсиз “мутолаа” қилиб борувчилар ўзларини “ашаддий китобхон” санасалар, бу ҳам асло ажабланарли ҳол бўлмаса керак.
Бу борада O‘zLiDePнинг  ўз электорати орасида китобхонлик маданиятини янада кенгроқ тарғиб этиш мақсадида  ўтказаётган истиқболли лойиҳалари, танловлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Агарда китоб харид қилиш масаласида айрим мулоҳазалар айтилса, ҳа, бу борада қайсидир маънода муаммолар мавжуд, деб қўшилишингиз мумкин. Чунки шундай китоб­лар нашр этилмоқдаки, сифати ва бугунги даврга тўла жавоб берадиган қимматбаҳо кўриниш, безакли бўлиб, нархи анчагина баланд ва ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармаслиги мумкин. Аммо  кутубхоналарга аъзо бўлиб, истаган китобни ўқиш қийин иш эмас-ку?
Дунё адабиёти чексиз бир океан бўлса, ўзбек адабиёти ҳам ҳадсиз бир уммондир. Халқимизнинг етук олимларидан бири Алибек Рустамов ўзининг бир мақоласида ёзган эди: “Биргина Алишер Навоий ижодини астойдил ўқиб ўрганишга бир инсон умри камлик қилади”. Шундай экан, миллий адабиётимизнинг атоқли намояндалари Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Миртемир, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Шароф Рашидов, Шукур Холмирзаев, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Тоғай Мурод, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Ўткир Ҳошимов, Муҳаммад Юсуф сингари ёзувчи ва шоирлар яратган асарларни қай даражада ўқияпмиз?
Бугунги кунда халқимизнинг самарали ижод қилаётган таниқли адиблари Худойберди Тўхтабоев, Муҳаммад Али, Эркин Аъзам, Ҳалима Худойбердиева, Усмон Азим, Анвар Обиджон ёки Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдош, Шойим Бўтаев, Исажон Султон сингари сўз усталари битаётган гўзал асарларнинг қай бирини ўқиб улгурдик? Хуллас, ўқийман деганга ўқишга арзирли асарлар кўп. Фақат ҳафсала ва вақт бўлса бас.
Албатта, ўқиш билан уқишда фарқ бор.
Ҳозирги пайтда, юқорида айтганимиздек, ким ва қандай даражада китоб чоп эттираяпти, гўёки фарқи йўқ, бунинг учун биров жавобгар ҳам эмасдек. Бу ғоят таажжубли ҳолат. Ахир, адабиёт биринчи навбатда мафкура, тарбия воситасидир. Айниқса, ёшларимиз маънавий дунёсини янада бойитмоқчи эканмиз, бу борада фақатгина моддий рағбат, даромаднигина ўйлаш катта хатолик бўлса керак.
Айнан шу хусусда юртимиздаги хусусий нашриётлардан бири, “Akademnashr” бош директори Санжар Назар матбуот нашрларининг бирида яқинда чоп қилинган мақоласида қуйидагича мулоҳаза юритади:   
– Кўплаб соҳа вакиллари китоб ва китобхонлик ҳақида турли-туман фикрлар билдира бошлашди. Аслида фикрлардаги ранг-барангликлар шаклий характерга эга, моҳияти эса битта – китобхон халқ бўлишимиз зарур. Ажойиб ҳолат! Лекин айнан шу ҳолатда турли ташаббуслар ва хайрли ғоялар учун маълум хавф яшириндир. Яъни, биз муаммонинг мавжудлигини қайд этсак, унга ўз муносабатимизни билдирсак, унинг ечими топилган тақдирда ҳаётимиз қанчалик яхши бўлишини англаб етсак, битта марра забт этилди, демак. Ва бу ўзига яраша қониқиш ҳиссини пайдо қилади. Елкамиздаги юкни енгиллаштиргандай бўлиб, масъулиятимизни камайтиради. Бошқа томондан, кўп такрорланадиган сўзлар секин оҳорини йўқотиб, “қизил” сўзга айланади, асл маъносидан узилиб қолади. Бора-бора бундай сўзлар ўқувчига акс таъсир этишни бошламайдими?
Қўрқаманки, бугун ҳаммамиз китобхонлик учун курашувчи, китоб учун жонкуяр бўлиб кўринишдан нарига ўтолмасдан қолиб кетмасак эди. Шундай бўлмаяптими?! Шунча гап-сўзларнинг амалий ифодаси ўлароқ, айтганларимизга муносиб ҳаракатлар ҳам қилаяпмизми? Менинг жавобим ҳозирча ижобий тасдиқ маъносида эмас.
Фикримча, бунинг учун китоб нашрларига алоҳида солиқ имтиёзлари жорий этилса, маъқул иш бўлар эди. Гарчи, Ўзбекистон дунёдаги китоб энг арзон бўлган мамлакатлар сирасига кирса-да, аҳолимизнинг реал даромадларидан келиб чиқиб, қоғознинг таннархини янада арзонлаштириш йўлларини излаш керак. Юксак савияли, сифатли китоб нашр этиш учун зарур моддий-техник база жуда муҳимдир, аммо яхши муаллифлар ундан-да муҳимроқ. Демак, муаллифлар қалам ҳақларининг муносиб бўлишини таъминламоғимиз ҳам зарур.
Яна мамлакатимизда халқаро китоб кўргазмаси ўтказишнинг аллақачон вақти келди деб ўйлайман. Ноширларимиз жаҳон ноширлари билан беллашиб бўйлашиши, тажриба алмашиниши ўта муҳим, албатта. Масалан, “Йил нашриёти”, “Йил китоби” аниқланиб, уларни жиддий моддий рағбатлантириш йўлга қўйилса, мақсадга молик бўларди.
“Китоб тафаккур қанотидир”, дейди улуғ адиб Ойбек. “Мен ўзимдаги барча яхши хис­латлар учун китобдан миннатдорман”, деган эди яна машҳур ёзувчиларимиздан бири. Чўлпон бир шеърида “Қишда китоб ўқиб чиққан, колхозчилар, ҳорманглар”, деб ёзган эди. Демак, китоб ҳамма замонлар учун энг мўътабар бойлик, энг эзгу машғулот бўлган.
Айтиш жоизки, юртимизда китобхонликка эътибор, ёшларни китоб ўқишга кўпроқ жалб қилиш масаласи, бу шунчаки таълим-тарбия муассасалари, ўқитувчилар, ёинки маънавий соҳада меҳнат қилаётган инсонларгагина тегишли бўлмай, ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар битта ота-она зиммасидаги доимий бурч, қалб амрига айланмоғи керак.
Абдурасул ЖУМАҚУЛ