Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ер суйганни эл суяди

Ер суйганни эл суяди

Деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларига ҳамда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш ишлари аҳволини ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида ташкил этилган республика ишчи гуруҳи – Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, мутасадди ташкилотлар ва ҳокимликлар вакиллари навбатдаги ҳудудларда бўлишди
                                                      
Устасигафарқи йўқ

Шуни алоҳида  эътироф этиш жоизки, ҳудуднинг экологияси,  иқлим шароити  мураккаблиги ва ерларнинг шўр  бўлишига қарамай, аҳоли ўз томорқасидан унумли фойдаланиб келмоқда.

31 244 гектар томорқанинг 11 132 гектарига ва ғалладан бўшайдиган 20 600 гектар ерга ҳам такрорий экин экиш кўзда тутилган.  Ишчи гуруҳ дастлаб Тўрткўл туманида фаолият юритаётган “Томорқа хизмати” МЧЖ фаолияти билан танишди. Ушбу жамият аҳолига, айниқса кам таъминланган оилаларнинг қаровсиз ерларини шудгорлаб бериш, иссиқхона барпо қилиш, минерал ўғит, уруғ ва кўчатлар етказиб беришда яқиндан кўмакчи бўлмоқда. Тасарруфидаги  1 гектарлик иссиқхонада бодринг, помидор, булғор қалампири етиштириляпти. Шу кунгача кам таъминланган оилаларга 20 та иссиқхона қуриб берди. 1 000 тонналик совутгичли омборида маҳсулотлар сифатли сақланган ҳолда йил давомида Россия, Қозоғистон давлатларига экспорт  қилинмоқда. 

                       Фермер хўжалиги ери қаровсиз...
Дониёр ака Юсуповнинг 4 сотихлик иссиқхонасидаги 60 туп лимони бу йил ҳосилга кирди. Бироқ ҳар тўкисда бир айб, деганларидек,   Уллибоғ  овул фуқаролар йиғинида 39 та хонадон томорқасини эътиборсиз қолдирган. Ҳатто бу ҳудуддаги “Тўрткўлли Қурбонбой” фермер хўжалигининг 80 сотих ери ҳам қаровсиз ҳолда бўлиб, бир неча ойдан бери ерга ишлов берилмаётганини қандай тушуниш мумкин? Ҳолатга эътиборсиз бўлиш фурсатни, даромадни бой бериш дегани. Шу боис ишчи гуруҳ тегишли мутасадди ташкилот вакиллари билан суҳбатлашиб, қаровсиз қолган ерларни шудгорлаб беришди. 8 та оилага ўзларига ажратилган майдонларда сабзавот ва дуккакли экинлар экишда кўмаклашилиб, уларга уруғ ва кўчатлар етказиб берилди.

                         Жамғарма кўмагида
70 ёшни қаршилаган Норгул опа Абдуллаеванинг ерга меҳри ўзгача. Яқиндагина Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлими жамғармаси ҳисобидан ажратилган 120 миллион сўм кредит эвазига 10 сотихли иссиқхона барпо қилганди. Ҳозирда гул, лимон, апельсин, мандарин, киви ва банан кўчатлари экиш учун тайёргарлик кўрмоқда.

– Бу йил 30 гектар ерга ғалла экиб, гектаридан 65 центнердан  ҳосил олдик,  – дейди  Элликқалъа туманидаги “Дошқалъа” фермер хўжалиги раҳбари Р. Рўзметов. – Бўшаган ерни зудлик билан шудгор қилиб, так­рорий экинга ҳозирлаяпмиз. 15 нафар кам таъминланган оилага экин экиб даромад кўриши учун 30 сотихдан ерни шудгорлаб бердик...

                      20 миллион сўмни ким берарди?
Асосий даромади томорқадан бўлган Замира Собирова 15 сотих ерига картошка, саб­зи, помидор, бодринг, саримсоқ пиёз эккан. Ўзининг айтишича, ҳар йили 20 миллион  сўм соф фойдани шу томорқасидан олади.  Узумзорининг ўзи икки тоннагача ҳосил беради. 

Ишчи гуруҳ вакиллари Пахтачи овул фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган Искандар Матякубов хонадонига ҳам киришди. 77 ёшни қаршилаган Искандар ота ҳали ҳам бақувват. Қамишу саксовуллар ўсиб турган шўр ерни қайта-қайта шудгорлаб, ишлов бериб обод қилган. 

Қумли ерни уч метргача қазиб, 3 сотих ерга иссиқхона қурибди. У лимон, апельсин, мандарин экди. 

– Йилда 2,5 тоннагача ҳосил оламиз, – дейди ота. – Унинг ортидан келадиган фойдани кўриб, 5 нафар фарзандим ҳам ўз шахсий иссиқхоналарини қуришди. Жорий йилги даромаддан иккита автомобиль сотиб олдик, чойхона очдик. Қарабсизки, тадбиркорлигимиз ҳам кенгайиб бормоқда. 20 га яқин шогирдим ҳам лимончилик билан шуғулланяпти. Ўтган йили эришган ютуқларим, меҳнатларим ортидан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландим...

Нукусликлар эса асосан, помидор, бод­ринг, тарвуз, қовун етиштириб, маҳсулотларни Нукус шаҳри ва бошқа туманларга етказишади. Арзигул опа Байтиева  30 сотих шахсий томорқаси ва 80 сотих дала томорқасида помидор, қовун, тарвуз етиштиради.

– Маҳсулотларимизни Самарқанд, Бухоро, Хоразм каби вилоятлардан келган мижозлар шу жойнинг ўзидан сотиб олишмоқда, – дейди опа. – Қозоғистонга ҳам экспорт қиляпмиз.  Ўтган йили 50 миллион сўм даромад кўрган бўлсак, бу йил 70 миллионга етади насиб этса. Ён атрофимиздаги ташландиқ, шўр, саксовул ўсиб ётган ерга ҳам ишлов бериб, унумли фойдаланяпмиз. Меҳнатларим бесамар кетмади, ўтган йили “Энг намунали томорқачи” кўкрак-нишони билан тақдирландим.
                                  Семинар даланинг ўзида
Ўрим-йиғим мавсуми бошлангани муносабати билан Янгибозор тумандаги “Жўрабек – Қумобод” фермер хўжалиги далаларида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда жорий йилда вилоятда ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик кўриш, жумладан, ҳудудий ғалла штаблари, туман ишчи гуруҳлари ва ғалла ўрим-йиғим отрядларини ташкил этиш, дон қабул қилиш шохобчаларини мавсумга тайёрлаш, комбайнлар учун эҳтиёт қисмлар захирасини яратиш ва бошқа ташкилий тадбирлар ўз самарасини бераётгани таъкидланди.

Вилоят миришкорлари жорий йилда 33 200 гектар майдонда ғалла етиштирди. Об-ҳавонинг ноқулай келишига қарамай, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилгани мўл ҳосил олишда муҳим омил бўлаётир. Айни пайтда тўлиқ пишиб етилган ғалла ҳосилини замонавий комбайнлар ёрдамида қисқа фурсатда ўриб-янчиб олиб, қабул масканларига етказиш мақсадида сифатли техника ва ишчи кучи жалб этилган ҳолда 101 та махсус отряд ташкил этилди.

Шунингдек, 396 та ғалла ўриш комбайнлари, 468 та юк автомобили, 869 та трактор тиркамалари, 156 та кўчма устахона, 156 та ёқилғи-мойлаш материалларини ташиш агрегатлари хизмат қилади. Учрашувда, шунингдек, ғалла парваришида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам қайд этилди. Келгусида бу камчиликларни такрорламаслик, имкон даражасида бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

                                             Раётда тўкис ҳаёт
Шундан сўнг ишчи гуруҳ Шовот туманидаги аҳоли томорқаларини ўрганишди. Тумандаги Раёт маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларга кирилганида, ҳудуд аҳолиси ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиб, қўшимча даромад олишаётганига гувоҳ бўлишди.

Маҳаллада 5 минг 180 нафардан ортиқ аҳоли 924 та хонадонда истиқомат қилади. 61 гектар аҳоли томорқалари, 82 гектар дала томорқалари мавжуд бўлиб, у ердагилар асосан ғалладан бўшаган ерга эртаки картошка, сабзи, карам, пиёз етиштиришмоқда. “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти кам таъминланган оилаларнинг қаровсиз ерини шудгорлаб, уруғ, кўчатларини келтириб экиб беришяпти.

Дурдибой Қулматов намунали томорқачилардан.

– 12 сотихдан шахсий дала томорқамиз бор, – дей­ди Дурдибой Қулматов. – Бир қисмига экилган ғаллани йиғиштириб, ўрнига сабзи, помидор, лавлаги, пиёз, булғор қалампири, бақлажон, дуккакли экинлар экдик. Ҳозиргача 12 тонна ҳосил олдик. Бир йилда 3 мартагача ҳосил оламиз.
                                         Янтоқзор мевазорга айланади
Қўшни мевазорликларга қўшимча имконият сифатида дала томорқалари ажратиб берилган эди. Афсуски айримлари фойдаланилмаётган экан. Янтоқзор шундан далолат берарди. Шу куни бу томорқалар шудгорлаб берилди. Сабзавот экиш учун уруғ ва кўчатлар етказилди.

 Жийдали қалъалик 70 ёшли Рўзимбой Отажонов томорқасини кўрсангиз кўзингиз қувнайди.

– 12 сотих томорқамга бор меҳримни бераман, – дейди отахон. – 3 сотихи иссиқхона. Унда 100 га яқин экин – апельсин, мандарин, лимон, кивининг турли нави, манзарали дарахтлар, 50 га яқин гул кўчатлари етиштирилади.

Янгийўл маҳалласи аҳли ҳам томорқачиликнинг ҳадисини олган. Улар боғ ораларига тўқсонбости ва дуккакли экинлар экиш ва етиштиришни қойиллатишади. Меҳнатсевар Сурайё Тўраеванинг айтишича, йилига 30-40 миллион даромад олар экан.
                                       Боғотнинг обод боғлари
Ишчи гуруҳ Боғот туманидаги ер эгалари билан ҳам учрашди.

 “Нурафшон” МФЙдаги Ҳасанбой Ёқубов оила аъзолари билан қишин-ёзин даласида меҳнат қилади. 8 сотих томорқасида помидор, пиёз, картошка, 2 сотих иссиқхонасига бодринг эккан.

– Бодрингни килосини 7-8 минг сўмдан сотиб, яхшигина даромад олдик, – дейди Ҳасанбой ака. – Яна бир иссиқхона қуряпмиз. Йиллик даромад – камида 20-30 миллион сўм.

                                  Тўй қилдик, автомашина олдик

Янгибозор тумани Паҳлавон Маҳмуд маҳалласида умргузаронлик қилаётган Оллаберган Абдуллаевнинг ўз томорқасидан ташқари 20 сотих дала томорқаси ҳам бор. 10 сотихида  ҳар йили тарвуз етиштиради. Қуёш нурида етилиб, ширинлиги билан ажралиб турадиган Оллаберган аканинг тарвузлари ҳар йили биринчилардан бўлиб бозорга чиқади.

– Яна 10 сотих  ерда помидор, карам, сабзи етиштирамиз. Шу даромаддан рўзғор бут, тўйлар қилдик, автомашина сотиб олдик, – дейди у.

Таъкидлаш жоизки, жойларда олиб борилган тарғибот ва ташвиқот ишлари самараси ўлароқ мазкур маҳалланинг ўзида 105 та хонадон соҳиблари “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури асосида томорқаларида иссиқхоналар қуриб, ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишяпти.

Умуман олганда, иссиқ ва қуруқ иқлим шароити, ёзнинг жазирамаси, қишнинг қаҳратони демай меҳнат қиладиган, фарзандларини  меҳнаткаш ва фидойи этиб тарбиялаётган инсонларга ҳар қанча ташаккур айтсак кам.

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси
ва Хоразм вилояти кенгашлари
матбуот хизматларининг
маълумотлари асосида
“XXI asr” мухбири
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА тайёрлади.