Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ O‘zLiDeP аъзоларига жиддий масъулият юклайди

ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ O‘zLiDeP аъзоларига  жиддий масъулият юклайди

Президентимизнинг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони аграр соҳадаги туб ислоҳотлар учун мустаҳкам асос бўлиши кенг жамоатчилик, хусусан, сафдошларимиз, электоратимиз вакиллари томонидан ҳам якдиллик билан эътироф этилмоқда.

 

O‘zLiDeP шу кунларда мазкур фармоннинг қишлоқ мулкдорлари учун аҳамияти, соҳани такомиллаштириш, самарадорлигини оширишдаги ролини тушунтиришга бағишланган тизимли тадбирлар ўтказяпти. Жумладан, яқинда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида Зангиота туманидаги “Истиқлол олмалари” хусусий агрофирмасининг шийпонида “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланиши – бугунги давр талаби” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Қайд этиш керакки, ушбу тадбир айнан олмазор боғ ичида ўтказилганида ўзгача маъно бор. Чунончи, тўп­ланганлар соҳибкор юртдошларимизнинг бунёдкорлик салоҳияти нималарга қодирлигини ўз кўзлари билан кўрдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ёш фермерлар Кенгаши масъул ходимлари ҳамда кўп тармоқли фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, томорқа ер эгалари қатнашган тадбирни O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Тўлқин Файзиев олиб борди.

– Фармонда белгиланган вазифалар ке­йинги вақтда қишлоқ хўжалигида сурункали тус олган талай камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади, – деди Т.Файзиев. – Хусусан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланишдаги шахсий манфаатдорлиги ва масъулиятини ошириш, бу борада парламент, вакиллик ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг экин майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда жавобгарлигини ошириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш сингари чора-тадбирлар мамлакатимизда ердан фойдаланишнинг янги босқичига ўтилганидан далолат беради. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, фракциямиз аъзоси Исломжон Зокиров қатнашчилар диққатини фармон қабул қилиниши заруратини вужудга келтирган айрим омилларга қаратди. Биринчидан, шу пайтгача асосий эътибор фермер хўжаликларига кўрсатилаётган эди. Бундан буён эса деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳам қонуний йўсинда қамраб олингани учала тармоқни ҳам бирдек ривожлантиришга хизмат қилувчи институционал ёндашув бўлди. Иккинчидан, республика фермерлар Кенгаши фаолияти кутилган натижаларни бермагани туфайли унинг ўрнида янги тузилма ташкил қилинди. Учинчидан, фармон фуқароларимизда ерга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш, деҳқончилик маданиятини юксалтириш бўйича муҳим дастуриламал вазифасини ҳам бажаради.

– Жорий йил мобайнида жойларга чиқиб, соҳадаги ишларни ҳам бевосита ўргандик, – деди партиямизнинг парламентдаги вакили. – Салмоқли ютуқлар билан бирга фармонда баён этилгани каби камчиликларга ҳам гувоҳ бўлдик. Ишончимиз комил: муҳим ҳужжатда белгиланган вазифалар мулкдорларнинг масъ­улиятини оширишга, фермерларнинг қайта ишлаш йўналишидаги фаолиятини кенгайтиришга замин ҳозирлайди. Умуман, фармон мамлакатимизда қишлоқ хўжалигидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш, юртимиз иқтисодий қудратини юксалтиришда муҳим таянч вазифасини ўтайди.

– Фармон билан танишган ҳар бир киши ердан фойдаланиш эндиликда янгича мезонлар асосида баҳоланишини англамоқда, – дея таъкидлади Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши масъ­ул ходими Соҳибжон Ҳатамов. – Жумладан, кейинги йилдан бошлаб ҳар чоракда фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги халқ депутатлари туман кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш унумдорлиги эса ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб борилади. Ер майдонларидан самарасиз фойдаланган ер эгаларига нисбатан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишига қадар қатъий жавобгарлик чоралари кўрилади.

O‘zLiDeP Зангиота туман Кенгаши аппарати раҳбари Дилафрўз Исмоилова ўз чиқишида алоҳида урғу берганидек, партиямиз ердан, хусусан, томорқадан унумли фойдаланаётганларни изчил қўллаб-қувватлаб келаётир. Жумладан, “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида тадбиркорлигини бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида партиямизнинг энг қуйи бўғинлари маҳаллий кенгашлардаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари аъзолари ва туман (шаҳар) партия ташкилотлари билан ҳамкорликда томорқасида хусусий тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ёки иш бошлаб, айрим қийинчиликларга дуч келаётган оилаларга кўмак бераётир. Президентимиз фармони мазкур лойиҳанинг қанчалик аҳамиятли эканидан ва айни вақтида йўлга қўйилганидан далолат беради. Шу билан бирга, фармонда белгиланган чора-тадбирлар сайловолди дастуримиздаги вазифаларимизга ҳамоҳангдир.


Мулоқот чоғида фермерлар, томорқа ер эгалари ҳам сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони, айниқса, соҳага алоқадор барча одамлар учун айни муддао бўлганини ҳаётий мисоллар асосида гапиришди.

Мутасаддилар ер эгаларини ўйлантираётган саволларга батафсил жавоб бердилар. Улар илгари сурган таклиф ва ташаббуслар, фикр-мулоҳазаларга ўз муносабатларини билдирдилар.

Тадбир иштирокчилари туманнинг Ёшлик кўчасида яшовчи Турғун ака Дўлтаев барпо этган 8 сотихлик иссиқхонани бориб кўришди. Бу ерда хилма-хил хонаки гуллар барқ уриб ўсаётир. Деҳқоннинг турмуши фаровон, эл орасида обрўси баланд. Турғун ака гул парвариши ҳадисини олгани боис шу йўналишда иш бош­лаш ниятидаги кишилар кўп маслаҳат сўраб келишади. Уруғ, кўчат харид қилиш истагидаги одамларнинг-ку қадами узилмайди. Моҳир гулчи соҳа сир-асрорини ўғлига ўргатяпти. Бир неча ёшларга ҳам томорқада гулчиликни йўлга қўйишда ёрдам бераётгани таҳсинга лойиқ.

Давра суҳбати якунида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг фаолиятини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дас­турини ишлаб чиқиш, бу йўналишда партия тузилмалари, O‘zLiDeP фракцияси ва депутатлик гуруҳларининг вазифалари муҳокама этилди.

Беҳзод ИСРОИЛОВ,
“XXI asr” мухбири

Суратларни Солижон ЗОИРОВ олган.