Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ерингизни томчилатиб суғоринг ва ягона ер солиғидан озод бўлинг!

Ерингизни томчилатиб суғоринг ва ягона ер солиғидан озод бўлинг!
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 июлдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг янги ставкалари тасдиқланди ва жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб амалга киритилиши белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизматининг маълумотларига таяниб ЎзА хабар қилмоқда.
 
 Маълумотларга кўра, эндиликда саноат корхоналари сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни оширилган ставка бўйича (ер усти манбалари 300 сўм, ер ости манбалари 360 сўм), барча автотранспорт воситаларини ювиш корхоналари, солиқ солиш тизимидан қатъий назар, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни (ер усти манбалари 1000 сўм, ер ости манбалари 1 минг 250 сўм) тўлашлари шартлиги белгилаб қўйилди.
 
Мазкур ўзгариш натижасида саноат, маиший-коммунал хўжаликлари ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналари томонидан ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш мақсадида, сув ресурсларидан тежамкорлик билан оқилона ва самарали фойдаланиб, чучук сув манбалари ифлосланишини олди олиниши таъкидланмоқда.
 
"Замонавий сув тежамкор технологияларни амалиётга татбиқ этиш долзарб масалалардан бири сувни тежаш технологияларини қуйидаги икки гуруҳга ажратиш мумкин.
 
Анъанавий усулда сувни тежаш. Бу усулда мамлакатимизда йиллар давомида ота-боболаримизнинг миробчилик борасидаги яъни, эгат олиб суғориш, қисқа эгат олиб суғориш, икки ёқлама суғориш, субирригация каби суғориш усулларини ўз ичига олади.
 
Кейингиси янги замонавий сувни тежаш усуллари, яъни инновацион сув тежамкор технологиялардир. Бунга: томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш, ерни лазерли текислаш, ер остидан томчилатиш, плёнка ташлаб суғориш, плёнка қувурлар орқали суғориш, бетон ва пластмас латоклар ёрдамида сувни узатиш кабилар усуллар киради", – дейилади манба маълумотида.
 
Мавзунинг долзарблиги шундаки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 367-моддасида юридик шахслар, ер участкасининг қайси қисмида томчилатиб суғоришдан фойдаланаётган бўлса, ўша қисмида томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ойдан бошлаб беш йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод қилиниши белгиланган.
 
Агар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда томчилатиб суғоришдан фойдаланилса, сувни тежаш билан бирга ягона ер солиғи тўлашдан ҳам озод қилинади.