Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАР: ДЕПУТАТЛИК НАЗОРАТИ НИМАДАН ДАРАК БЕРМОҚДА?

ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАР: ДЕПУТАТЛИК НАЗОРАТИ НИМАДАН ДАРАК БЕРМОҚДА?
Партиямиз вакиллари эркин иқтисодий зоналар фаолияти ташкил қилиниши ва самарадорлиги бўйича жойларда бевосита ўрганишлар олиб бориб, муайян хулосалар чиқардилар
Ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизациялаш, хусусан, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш – юксак тараққиётга эришишни мақсад қилиб қўйган ҳар қандай давлат учун энг долзарб ҳамда кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири саналади. Уни ҳар жиҳатдан мукаммал амалга оширишда эса эркин иқтисодий зоналар ғоят муҳим ўрин тутади. Бинобарин, 1996 йилдаёқ Ўзбекистон Республикасининг “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниши мазкур йўналишга аввал-бошданоқ жиддий эътибор берилганидан, мамлакатимиз гуллаб-яшнашига қаратилган ислоҳотлар узоқни кўзлаб амалга оширилганидан далолат беради.
 
Партиямиз эътиборида

Шу ўринда эркин иқтисодий зоналар салоҳияти, афзалликларини кўрсатувчи қуйидаги рақамларга диққат қаратиш мақсадга мувофиқ: бугунги кунда юртимизда фаолият юритаётган жами 14 та эркин иқтисодий ҳудуднинг шу йилнинг 6 ойидаги умумий савдо айланмаси деярли ярим миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Биринчи эркин иқтисодий зона ташкил қилинганидан буён ўтган муддат ичида 62 та истиқболли лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Мазкур саноат ҳудудларида 4 минг 600 дан зиёд юртдошимиз меҳнат қилаётгани эътиборга молик. Қайд этиш зарурки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлигини янада оширишнинг мантиқий давоми сифатида алоҳида аҳамият касб этди. Шунинг баробарида мазкур йўналишда сусткашлик, масъулиятсизлик ҳолатлари кўзга ташланаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Яқинда давлатимиз раҳбари эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилишда ушбу ҳудудларда олиб борилаётган ишлар қониқарли эмаслигини таъкидлади. Президентимизнинг 2017 йил 25 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида улар фаолиятини ташкил қилишда жиддий камчилик ва нуқсонлар мавжудлиги, бу эса мазкур ҳудудларнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётгани кўрсатилди.
Тадбиркорлар, мулкдорлар манфаатини изчил ифодалашни зиммасига олган, ўрта синф вакилларини тизимли равишда қўллаб-қувватлаётган O‘zLiDeP эркин иқтисодий зоналарга тааллуқли жараёнлардан четда туриши, бу борадаги ишларга бефарқ қолиши мумкин эмас, албатта. Бу масалалар дастурий мақсад ва ғояларига бевосита дахлдор бўлгани учун ҳам доимо партиямизнинг диққат марказида. Маслакдошларимиз мамлакатимиз раҳбари шу йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида O‘zLiDeP олдига ҳам бир қанча муҳим вазифалар қўйганини, энди эскича иш юритиб бўлмаслигини яхши биладилар. Хусусан, Президентимиз қарорида белгиланган вазифаларни изчил ва самарали амалга ошириш ижро ҳокимияти билан бирга партиямиздан ҳам ўзига хос фаоллик, жонбозлик талаб қилинмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва унинг ҳудудий ташкилотлари томонидан мазкур йўналишга оид иш режаси ишлаб чиқилган. Шу асосда муайян ишлар бажарилмоқда. Жумладан, ўтган ойларда халқ депутатлари ҳудудий кенгашларидаги партиямиз депутатлик гуруҳлари томонидан Президентимизнинг эркин иқтисодий зоналар, кичик саноат зоналарига доир қарор ва фармонлари ва, хусусан, “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги фармони ижроси атрофлича ўрганилди.
Халқимиз, жумладан, электоратимиз вакилларининг орзу-истакларига ниҳоятда уйғун бўлган вазифалар бекаму кўст бажарилаяптими? Мутасадди ташкилотлар, идоралар зиммаларидаги масъулиятни тўла ҳис қилган ҳолда иш олиб боряптими? Саноат ҳудудларида хусусий секторнинг эмин-эркин, қийинчиликларсиз фаолият кўрсатиши учун ҳамма шарт-шароит яратилганми? Депутатларимиз назорат-таҳлил фаолияти мобайнида шу сингари саволларга аниқ жавоб топишга ҳаракат қилишди.
 
“Ургут”

Мазкур эркин иқтисодий зона 816 гектар майдонни эгаллаган. Шу йилнинг биринчи ярмида 178,8 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 57 та лойиҳа ҳужжатлари эркин иқтисодий зона дирекциясига тақдим этилган. Улар эркин иқтисодий зоналар маъмурий кенгашига хулосалар олиш учун юборилди. Мазкур лойиҳалар 2018-2019 йиллар давомида амалга оширилиши натижасида 3706 та янги иш ўрни яратилиши мўлжалланяпти. Шунингдек, 621 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши, жумладан, 46 миллион AҚШ доллари қийматидаги экспортбоп маҳсулотлар тайёрланиши кутилмоқда. Қайд этиш жоизки, эркин иқтисодий зонада фаолият юритишга даъвогарларнинг лойиҳаларини кўриб чиқиш учун қабул қилишда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг импорт ўрнини босувчи ва экспортбоплигига алоҳида эътибор қаратилмокда. Маъмурий кенгаш томонидан 126,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 39 та лойиҳага ижобий хулоса берилиб, уларнинг амалга оширилиши туфайли 2551 та янги иш ўрни барпо этилиши кутилмоқда. Илгари сурилаётган барча лойиҳаларни мукаммал деб бўлмайди. Чунончи, маъмурий кенгаш 11,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 8 та лойиҳани такомиллаштириш учун эгаларига қайтарган. Улар пухта кўриб чиқилиб, камчиликлари тузатилгач, кенгашга яна тақдим этилиши мумкин.
Ҳозирги кунгача 39 та лойиҳа ташаббускори билан инвестиция шартномалари тузилиб, уларга “Эркин иқтисодий зона қатнашчиси” гувоҳномаси берилди. Шунингдек, 34 та ташаббускорга ер ажратиш учун вилоят ҳокими номига тавсияномалар киритилди. 5 тадбиркор ишлаб чиқариш фаолиятини ўз бино-иншоотларида амалга ошириши белгиланган. Ишонч ҳосил қилганимиздек, талабгорлар, лойиҳалар ва маблағ борасида ҳам ҳаммаси жойида. Бироқ навбатдаги ишлар ҳам лойиҳаларга хулоса бериш сингари силлиқ кетармикин? Хавотирга сабаб шуки, ҳудудда канализация, электр таъминоти, газ, сув таъминоти бўйича кўпгина муаммолар мавжуд. Устига устак, эркин иқтисодий зонанинг баъзи нуқталарида маҳаллий аҳоли томонидан ноқонуний қурилишлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорларга маъқул жиҳат шуки, партиямиз депутатлик гуруҳи томонидан ана шу каби муаммолар ҳал қилиниши бўйича дадил қадамлар ташланмоқда. Тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари йўлланяпти. Қўшма йиғилишларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Сессияларга масала киритилиб, уларнинг қарорлари ижроси қатъий назоратга олиняпти.
 
“Ғиждувон”

Депутатларимизнинг ушбу ЭИЗда амалга оширган ўрганишларидан аён бўлганидек, ҳозиргача 66,3 миллион долларлик 18 та лойиҳа ҳудуд маъмурий кенгаши томонидан маъқулланди. Уларнинг рўёбга чиқиши шарофати билан  1004 та иш ўрни вужудга келади. Лойиҳаларни амалга ошириш учун 9 та тадбиркорга вилоят ҳокимининг қарорига асосан ер майдонлари ажратилди. Ишбилармонлар томонидан барпо этиладиган иншоотларга архитектура-лойиҳа буюртмаларини расмийлаштириш учун тегишли корхона ва идораларнинг техник шартлари, хулосалари олиниши тугалланди.
Афсуски, баъзи тўсиқ-ғовлар иш суръатларига салбий таъсир кўрсатяпти. Жумладан, собиқ пойафзал фабрикаси ҳудудида ноқонуний қурилган 2 та уй-жойни бузиш чўзилиб кетмоқда. Эски ип-йигирув ва тўқув фабрикасининг атрофидаги  ноқонуний тикланган 9 та иншоотни бузиш ишлари бўйича белгиланган тартибда даъво киритилмаган ва ишлар ҳануз бошланмаган. Газ қувурларини ўтказиш учун 2,91 га ер ажратиш тўғрисида шу йил июнь ойида Ғиждувон туман ҳокимининг қарори чиққан эди. Аммо шу вақтга қадар газ қувурини тортиш ниҳоясига етмаган. Шунингдек, ҳудудда электр подстанциясини қуриш учун ер ажратилиши тўғрисида туман ҳокимининг қарори чиққан бўлса-да, тегишли ишлар бажарилмаяпти. Қолаверса, ЭИЗ ҳудудига сув ва канализация ўтказиш, электр тармоқларини ишга тушириш, автомобиль ва темир йўллари бунёд этиш билан ҳам ҳеч ким жиддий шуғулланмаяпти.
 
“Қўқон”

Саноат ҳудудига 283,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияларни киритиш истагини билдираётган тадбиркорлар 61 нафарга етди. Сармоялар ишбилармонларнинг ўз маблағлари, банк кредитлари, хорижий инвестициялар ҳисобидан шакллантирилмоқда. Лойиҳалар тўла амалга ошса, 6219 киши иш билан таъминланади. Республика маъмурий кенгаши томонидан
14 та лойиҳа кўриб чиқилаётгани, 27 та лойиҳа бўйича ташаббускорлар ва тижорат банклари томонидан бизнес-режалар ишланаётгани диққатга молик. Эркин иқтисодий зонада муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини жадал ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Лекин уларнинг бажарилишида сусткашликка йўл қўйилаётир. Хусусан, электр линиялари тортиб келиш билан боғлиқ ишлар негадир пайсалга солиняпти. Эркин иқтисодий зона иштирокчилари – “Наманган евро қурилиш дизайн”, “Бетон плита”, “Авалон призма”, “Ипчи зиё барака” хусусий корхоналарига ажратилган ер майдони ҳудудидаги электр ўтказгичлар устунларини кўчиришга маблағ ажратилмаяпти.
 
“Ҳазорасп”

Ушбу эркин иқтисодий зонага тадбиркорлик субъектларини жалб этишга депутатларимиз ҳам муайян ҳисса қўшаётгани диққатга молик. Айни кунгача тақдим қилинган 15 та инвестицион лойиҳанинг  9 таси  эркин иқтисодий зоналар маъмурий кенгаши томонидан маъқулланди. Қолганларининг кўриб чиқилиши давом этаётир. Жумладан, сендвич панеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган, МЧЖ шаклидаги “Питнак Панел” қўшма корхонаси, юртимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун баъзи эҳтиёт қисмлар тайёрлаш лойиҳасини амалга ошираётган  “Уз Корам-Ко” хусусий корхонаси, кир ювиш машиналари йиғувчи технологияни ўзлаштираётган “Ҳазорасп маиший техсоз савдо” масъулияти чекланган жамияти  иш бошлаш арафасида. 
Таассуфки, ушбу саноат ҳудуди ҳам юқорида баён этилган каби  нуқсон-камчиликлардан холи эмас. Шу билан бирга “Ягона дарча” тамойилида фаолият юритилишида тадбиркорлар эътирозларига сабаб бўлаётган айрим қусурлар бор. Тижорат банклари томонидан баъзи лойиҳалар бўйича сармоялар ажратилиши нега орқага сурилаётгани бўйича ҳам қаноатланарли изоҳлар йўқ. Муҳандислик-коммуникация масалаларида ҳам тегишли ташкилотлар томонидан кўп ишлар охирига етказилмаган. Айтайлик, 2,1 миллион доллар инвестиция киритиш, 45 та янги иш ўрни ташкил қилиш шарти билан ЭИЗ иштирокчиларидан бирига айланган “Нур Муҳаммад Ислом Обод” хусусий корхонаси раҳбари Ж. Ибодуллаевнинг айтишича, корхона бино-иншоотлари қурилиши аллақачон якунланганига қарамай, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари мавжуд эмаслиги тадбиркорларга ҳар томонлама зарар келтирмоқда. 
 
Депутатлик салоҳияти ишга солинмоқда

– Депутатлик гуруҳлари томонидан ўтказилаётган доимий, таъсирчан ва тизимли назорат-таҳлил ишлари давомида аниқланган муаммоларни ҳал қилиш юзасидан йиғилишлар мунтазам ўтказилмоқда, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг депутатлик гуруҳлари билан ишлаш сектори мудири Собир Жабборов. – Тадбиркорлар, масъул идоралар ҳамда эркин иқтисодий зоналар дирекциялари ходимлари қатнашаётган мулоқотларда муаммолар батафсил муҳокама қилиниб, уларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар, йўл-йўриқлар ишлаб чиқиляпти. Билдирилаётган талай таклиф ва тавсиялар ўрганилмоқда. Истеъмол маҳсулотларига бўлган талабни аниқлаштирувчи ва прогноз қилувчи алоҳида илмий-тадқиқот муассасини ташкил қилиш, эркин иқтисодий зона иштирокчиларига қурилиш ашёларини имтиёзли нархларда сотиб олишларига кўмак бериш, улар томонидан расмийлаштириладиган айрим ҳужжатларга белгиланган тўловлар учун имтиёзлар жорий қилиш, эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарига оид барча норматив ҳужжатларни қиёсан ўрганиб чиқиш ва олинган хулосаларни муаммолар ечимини топиш жараёнида қўллаш кабилар шулар жумласидандир. Шу билан бирга, мулкдорлар орасида эркин иқтисодий зонанинг афзалликлари, саноат ҳудудида ишлаётган ишбилармонлар учун белгиланган солиқ, божхона имтиёзлари хусусидаги тарғибот-тушунтириш ишлари муттасил уюштириляпти. Бундан ташқари, партиямиз вакиллари тадбиркорлар дуч келаётган қийинчилик ва муаммоларни ҳал қилишда депутатлик сўровидан унумли фойдаланмоқдалар. Ҳудудий кенгашлардаги депутатларимиз томонидан мазкур 4 та эркин иқтисодий зонада кўзга ташланган камчиликлар юзасидан тегишли ташкилотларга 10 дан зиёд депутатлик сўрови юборилди. Уларнинг аксарияти муаммолар ҳал қилинишида ўзига хос туртки, катализатор вазифасини бажарди, десак янглишмаймиз. Айрим салбий ҳолатлар бўйича депутатлик гуруҳларининг махсус йиғилишлари ўтказилиб, уларнинг хулосалари халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида кўриб чиқилмоқда.
O‘zLiDeP Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан бирга мазкур йўналишда парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириш бўйича бошқа қатор ишларни режалаштираётганини ҳам қайд этиб ўтиш лозим.
Айни вақтда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз эркин иқтисодий зоналарда олиб борилган ўрганишлар натижалари асосида вазирлик ва идораларга расман мурожаат этиб, шунингдек, йиғилишларда тезда ҳал этилиши лозим масалаларга мутасаддиларнинг диққат-эътиборини қаратмоқда. Мухтасар айтганда, партиямиз эркин иқтисодий зоналарда тадбиркорлар учун ҳар томонлама қулай шарт-шароит вужудга келтириш учун бутун куч ва имкониятларини ишга солмоқда.
 
Беҳзод ИСРОИЛОВ,
“XXI asr” мухбири