Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЭРКИН, ОЧИҚ МУЛОҚОТ

ЭРКИН, ОЧИҚ МУЛОҚОТ
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида фаолият юритаётган бошланғич партия ташкилоти аъзолари ҳамда партия туман, вилоят Кенгашларидаги сафдошларимиз саъй-­ҳаракатлари билан партиянинг Интернетдаги саҳифалари орқали келаётган талай мурожаатлар шу куннинг ўзида, айримлари эса бир неча кунда  ўз ечимини топмоқда. Бундан  аҳоли ҳам, масала ҳал қилинишига ҳиссасини қўшаётган фаол­ларимиз ҳам мамнун.
Мурожаатлар кўлами кенгайиб бораётгани, улар билан ишлашда қуйи бўғин фаоллигини ошириш долзарб вазифа эканлиги инобатга олиниб,  Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасида таянч тузилма аъзолари учун ўқув-семинар ташкил этилди. Унга партиянинг Тошкент шаҳар, вилоят ва туман ташкилотларидаги қуйи бўғинлар билан ишловчи мутахассислар, шунингдек, ўндан ортиқ БПТ раиси ҳам таклиф этилди. Иштирокчиларга, жумладан, бошланғич ташкилотга ҳудуддаги ечимини кутаётган муайян масала юзасидан тушган мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартиб-қоидалари тўғрисида батафсил маълумот берилиб, улар мазкур йўналишда ишлаб чиқилган схема билан таништирилди. Ҳар бир мавзу, масала юзасидан қатнашчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиргани ҳам эътиборга молик.
 
Моҳира Камалова,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси БПТ аъзоси:

 – Оддий фуқаронинг мурожаати туман (шаҳар) Кенгашидаги депутатимизга, партия юқори органларига етиб боргунча анча вақт ўтади. Шуни ҳисобга олиб, аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш механизмини янада такомиллаштириш керак. Хусусан, БПТ ваколатларини янада кенгайтириш айни муддаодир.
Шунингдек, семинарда қонунлар лойиҳалари бў­йича партиямиз позицияси ва муносабатини белгилаб чиқиш, унинг муҳокамасини ташкил этиш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямизга тақдим этиш тартиби борасида ҳам тўлиқ тушунча берилди.
 
Адҳамжон Ҳусейнов,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси БПТ аъзоси:

– Назаримда, таянч нуқталар янада самарали фаолият олиб бориши, тарғибот тадбирларини юксак савияда ташкил этишда уларга кўпроқ қулайлик яратиш учун тегишли регламент ишлаб чиқиш керак. Унда  тадбирларни ўтказиш, хусусан, қуйи бўғин жойлашган ҳудуддаги муаммони жойида ўрганиш масаласи ҳам киритилса, кўпроқ натижага эришиш мумкин.
Фикрлар хилма-хил. Таклифлар ҳам кўп. Демак, сафдошларимиз партиявий фаолиятга лоқайд эмас. Айниқса, бу жараёнга маҳаллий кенгашлардаги депутатларни ҳам жалб қилиш фикри кўпчиликка маъқул келди.
 
Нодира Жумадиллаева,
партия Янгийўл туман
ташкилотининг БПТлар билан ишлаш
бўйича консультанти:

– Очиғи, аҳоли ўзи сайлаган маҳаллий кенгашлардаги депутатларнинг аксариятини яхши танимайди. Бунда бизнинг ҳам айбимиз бор. Мазкур камчиликларни бартараф этиш, аҳоли билан депутат ўртасидаги мулоқот узвийлигини таъминлаш учун ҳар чоракда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўз сайловчиларига, хусусан, БПТ раислари ва партия электоратига амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот бериш амалиёти жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Эркин, очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган ўқувда партия тизимидаги барча бошланғич партия ташкилотларини фаолликка чақирган ҳолда ҳар ойда лоақал битта муаммони ҳал этиш бўйича мурожаатнома тайёрлаб, уларга етказиш таклифи бир овоздан маъқулланди. Дарҳақиқат, ҳар бир БПТ биттадан муаммони кўтариб чиқиб, уни ижобий ҳал этса, бир ойда 11 минг 101 та катта-кичик масала ўз ечимини топади. Хўш, бунга эришиш мумкинми? Ушбу мавзуни келгуси сонларда давом эттирамиз.
 

ЭНДИ СОН ЭМАС, СИФАТ МУҲИМ

Президентимиз жорий йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партия­лар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган учрашувда “Бугунги кунда амалда фаолият кўрсатаётган тўртта сиёсий партияга расман жами бўлиб 1 миллион 150 мингга яқин фуқаро аъзо. Савол туғилади: уларнинг қанчаси партиянинг ғояси, мақсад ва вазифаларини чин юракдан ҳис қилади ва шу ғояни амалга ошириш учун курашга тайёр?” деган ҳақли саволни қўйган эдилар. Дарҳақиқат, аъзолик масаласида сон ортидан қувиб, сифат унутиб қўйилган ҳолатлар ҳам бўлган. Эндиликда бу борада партиямизнинг ҳар бир фаолига, айниқса, аҳоли билан бевосита ишлайдиган қуйи бўғинларга жиддий талаблар қўйилмоқда. Хусусан, фуқаролар партияга аъзо бўлишни онгли равишда, ўқиб-ўрганиб, тушунган ҳолда танласин ва унинг ишларида фаол иштирок этсин.
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасидаги бошланғич партия ташкилоти йиғилишида Президентимизнинг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасидан келиб чиқувчи галдаги долзарб вазифалар хусусида сўз юритилди.
– Аҳолини партия фаолиятига қизиқтириш учун, аввало, уларни яхшироқ тинглашимиз, одамлар орасига чуқурроқ кириб боришимиз керак, – деди йиғилишда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасидаги Сиёсий таълим маркази раҳбари Баҳодир Тагаев. – Айниқса, БПТга келиб тушадиган мурожаатлар билан ишлаш тизимини қайта кўриб чиқиш керак.  Муаммоларни ҳал этишда  депутатлар ва матбуот кучидан тўғри фойдаланиш, барча фаолларда тегишли кўникма ва малакани янада мустаҳкамлаш зарур.
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходими Нилуфар Ҳотамова эса
тарғибот тадбирларни янги усулда амалга ошириш лозимлигини қайд этди. Бунда аҳолининг ҳар бир қатламига алоҳида ёндашув, аудитория билан ишлашда замонавий услублардан фойдаланиш талаб этилади. Бинобарин, қуйи бўғинлардаги фаолларни махсус дастур асосида ўқитиш керак.
Сўзга чиққанлар БПТ иш режасини янада такомиллаштириш, ҳамкор ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталдилар.
Сайёра АСРАНОВА,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасидаги БПТ раиси