Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“ЕРНИ ЭЪЗОЗЛАГАН КАМ БЎЛМАЙДИ”

“ЕРНИ ЭЪЗОЗЛАГАН КАМ БЎЛМАЙДИ” дейди Янгиқўрғон туманидаги “Боймирзаев Жавоҳир” фермер хўжалиги раҳбари, O‘zLiDeP фаоли Асилахон Ҳусаинова.
           Янгиқўрғон тумани боғдорчилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган. Наманганнинг таърифи етти иқлимга кетган олмаю ноклари, асал таъмини берадиган узумлари, бозоргир қайроқи картошкалари худди шу заминда битади. Рақамларга эътибор беринг: янгиқўрғонлик миришкорлар бу мавсумда 8729 гектар боғ ва 4621 гектар токзордан 378 минг 404 тонна мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришга муваффақ бўлишди. Бу кўпми ёки оз?

      – Бир қарашда кўп, – дейди Асилахон Ҳусаинова. – Аммо... Бугунги кун нуқтаи назаридан қарасак оз. Очиқ тан олишимиз керак, биз ҳали она заминимиз имкониятларидан тўлиқ фойдаланаётганимиз йўқ. Ҳар бир қарич ерни эъзозлаб, барака топаётган фермерларимиз жуда кўп, шу билан бирга, “куним ўтса бўлди”га ишлаб, ернинг уволига қолаётганлар ҳам бор. Битта фермерни қарасангиз, ўзига қарашли боғдан мўл-кўл мева етиштириш билан бирга, қатор ораларига сабзи, пиёз, картошка каби бозоргир маҳсулотларни экиб, ўзи ҳам бойиб, элни ҳам бойитиб ётибди. Бошқаси бўлса, боғ қатор ораларини бурганзорга, тиканзорга айлантириб қўйган...

      – Муҳтарам Президентимизнинг яқиндагина  юртимизда биринчи маротаба нишонланган Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини ҳамда куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасини эшитиб, ўқиб, очиғини айтаман, ҳайратга тушдим. Тан олиш керак, ўтаётган йил жамиятимизда туб бурилиш даврини бошлаб берди, – дейди O‘zLiDeP Янгиқўрғон туман кенгаши аппарати раҳбари Рустамжон Миразимов. – Кўп бўлмади, яқинда депутатлик гуруҳи йиғилишимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва олдимизда турган долзарб вазифалар масаласини атрофлича ўргандик. Қаранг: туман миқёсида салкам минг гектар боғ ва токзорлардан самарасиз фойдаланилаётган экан. 145 гектардан ортиқ эски, яроқсиз боғларимиз бор экан. Интенсив боғлар яратиш, мевани қайта ишлаш, четга экспорт қилиш масаласида ҳам анча-мунча оқсоқликларга йўл қўяётганимиз маълум бўлиб қолди. Боз устига, бозорларимизни қишин-ёзин тўлдириб турган томорқа ер эгалари фаолияти, муаммолари, очиқ тан олишимиз керак, бугунгача эътиборимиздан четда қолиб келарди. Биз эндиликда тумандаги тегишли ташкилотлар билан қиш­лоқма-қишлоқ, маҳаллама-маҳалла, хонадонма-хонадон юриб, деҳқон хўжаликлари ерлари ва томорқаларни хатловдан ўтказиш билан бирга, ердан самарали фойдаланиш масаласини қатъий назоратга олишга, бу соҳадаги камчиликларни бартараф этишга, ҳар бир томорқачига имкон қадар кўмаклашишга қатьий бел боғладик.

        ...Қиш офтобининг нимтатир тафти кишига хуш ёқади. Йўлнинг ҳар икки ёқасидаги адоқсиз боғлар ҳосили аллақачон йиғиштириб олинган. 

        – Ҳув, қирнинг тепасидаги яшил пайкални кўряпсизми? – дейди Асилахон. У кўрсатган томонга қараб, поёнсиз қирлар бағридаги экин майдонига кўзимиз тушади. Бу бир қарашда қир бағрига ёзилган яшил гиламни эслатарди. – Куз аввалида тажриба тариқасида ўн тўрт гектар ерни ҳайдатиб, лалмига ғалла экувдик. Қаранг, бехато униб чиқди. Қорлар ёғишидан аввал ўғитлаб қўйдик. Қани, кўрайлик-чи... тажрибамиз ўзини оқласа, келгуси йил янада кўпроқ лалми майдонга экамиз. Шу ўринда бир оғриқли масалани айтай-да. Туманимизда неча йилдирки, ғалла режаси бажарилмайди. Мен деҳқон сифатида бунинг сабабларини ахтариб, таҳлил қилиб кўрдим. Янгиқўрғон тоғли туман: табиатимиз, иқлимимиз ўзига хос. Ҳар йили 15 майдан 15 июлгача авжи буғдойнинг “сут-қатиқ” даврида бир тентак шамол қўзғалиб, дўл аралаш жала қуйиши бор. Ана шу табиий офат ҳосилни уриб, буғдой пояларини ётқизиб кетади. Оқибатда бошоқлар пуч бўлиб қолади. Тошкентга, гидрометмарказга бориб, ён дафтаримдаги қайдларни уларнинг компьютеридаги саналару рақамлар билан солиштириб ҳам кўрдим. Тўппа-тўғри чиқди. Қаранг, табиатнинг шу инжиқлиги туфайли ҳар йили ўттиз-қирқ фоизгача ҳосилни бой берар эканмиз. Яқинда туманимизнинг янги ҳокими Асадулла Икромович билан учрашганимда ана шу ҳақида айтиб бердим. Ўзимиздан чиққан, шароитимизни беш қўлдек биладиган ёш раҳбар-да, “Хабарим бор, мен ҳам шу фикрдаман. Келгуси йилдан бу масалани юқори ташкилотлар олдига кўндаланг қўямиз. Меҳнатимизга яраша ҳосил олмаганимиздан кейин, ернинг умрини беҳуда ўтказишдан не наф? Буғдойнинг ўрнига интенсив боғлар қиламиз. Сархил олма, нок кўчатларидан ўтқазамиз. Картошкачиликни янада ривожлантирамиз, мевани қайта ишлашга, сақлашга асосий эътиборни қаратамиз, энг оғриқли жойимиз – қишлоққа саноатни олиб киришга, ёшларимизни иш билан таъминлашга устувор вазифа сифатида қараймиз. Тўхтаб қолган корхоналаримизни ишга туширамиз. Шу йўл билан даромадларимизни ошириб, турмушимизни фаровон этиб, одамларимизни рози қиламиз”, деди барака топкур...

       Оддий бир фермер, партиямиз аъзосининг кенг миқёсда фикрлаши, умум иши учун жон куйдириши, албатта, кишини хурсанд қилади.

       Рўпарада Ўнғор тоғи кўзга ташланади. Тоғ этагида серфайз Заркент қишлоғи: уй-жойлар, боғ-роғлар ястаниб ётибди. Заркентга бироз етмасдан сўлга қайриламиз. Бу йўл ҳадемай бизни Асилахон туғилиб ўсган, файзли-тароватли Ўзак қиш­лоғига элтади. Асилахоннинг фермер хўжалиги қиш­лоқнинг шундоқ этагида экан.

       – Бу йил олма унча бўлмади, лекин нок билан олхўри шохини кўтаролмай қолди, – дейди боғ ёқалаб борарканмиз қаҳрамонимиз. – Ўзи, 29 гектар еримиз бор эди. Шундан 6 гектари тутзор, 15 гектари ғалла. Қолгани янги боғ. Бу йил қаровсизроқ қолган қўшни фермер хўжаликлари ерларидан яна 32 гектарини қўшиб олдик. Ернинг умри беҳуда ўтмаслиги керак-да. Боғ қатор ораларини фермер хўжалигимиз аъзоларига оилавий пудрат асосида бўлиб берганмиз. Бундан ташқари, Пошшоотасой ёқасидан олти гектар ер ўзлаштириб, икки гектарини маҳалламиздаги кам таъминланган, серфарзанд оилаларга томорқа қилиб бердик. Икки гектарига ғалла, яна икки гектарига янги кўчат экиб қўйибмиз. Келгуси йили бу кўчатлар ҳосилга киради.

      – Юзга яқин бошланғич партия ташкилотимиз бор, – суҳбатга қўр ташлайди Рустамжон Миразимов. – Ҳар бир бошланғич ташкилотимиз бештадан оилани оталиққа олган бўлиб, маиший аҳволи, тирикчилик манбаи, томорқасидан қай тариқа фойдаланаётганини доимий назорат қилиб боради. Керак бўлса, йўл-йўриқ кўрсатади, амалий ёрдам беради. Асила опа партиямиз фаоли сифатида маҳалласидаги ўнта оилани оталиққа олган. У ўтган йили ҳеч кими йўқ етим боланинг уйли-жойли бўлишига кўмаклашди. Уйланиш тўйида опа бошлиқ фермер хўжалигининг барча аъзолари бош-қош бўлиб туришди...

     – Мени шу кунларда битта муаммо қийнаяпти-да, – дейди шу пайт хўжалик аъзоларидан бири Одилжон.

     – Қандай муаммо экан у? – қизиқсинади партия етакчиси.

     – Қишлоғимизда, шундоқ сойнинг бўйида бир неча йилдан бери ишламай ётган, ташландиқ ўқувчилар ёзги оромгоҳининг 10 сотихча келадиган бассейни бор. “Шуни менга беринглар, тоза тупроқ тўкиб, устини плёнка билан ўраб, иссиқхона хўжалигига айлантираман”, деб тумандаги, вилоятдаги мутасаддиларга бир неча бор учрашдим. Ишнинг кўчиши қийин кечяпти. Менга шу масалада ёрдам берсаларинг, ўз маблағим ҳисобидан иссиқхона ташкил этиб, қишин-ёзин помидор, бодринг, ҳар-хил кўкатлар етиштиришни йўлга қўярдим.

      – Яхши, – деди ён дафтарига нималарнидир қайд қилиб қўяркан Рус­тамжон. – Партиямиз бу масалани ўз назоратига олади. Керак бўлса, раҳбарларга депутатлик сўрови билан чиқамиз.

       Одилжоннинг чиройи очилди.

        Асила Ҳусаинова катта, серфайз оила соҳиби. Турмуш ўртоғи Бекмирза ака Қўчқоров фермер хўжалигида ўзи билан бирга ишлайди. Оиладаги бир ўғил, уч қизнинг барчаси ота-она изидан боришди. Меҳнаткаш, одобли фарзандлар бўлиб камолга етишди. Бугун уларнинг ҳаммаси ҳам уйли-жойли, олий маълумотли бўлиб, турли жабҳаларда фаолият кўрсатишади. Неваралар бирин-кетин улға­йиб келяпти.

       – Биласизми, – дейди Асилахон. – Муҳтарам Президентимизнинг фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш, ердан самарали фойдаланиш ҳақидаги фармон ва қарорлари зиммамизга жуда катта масъулият юкламоқда. Бугун тақдирини ер билан боғлаган ҳар бир инсон олдида ғоят муҳим, кечиктириб бўлмас вазифалар турибди. Бундан буён ўзига ишониб топширилган ерни эъзозламаган, ҳар бир қаричидан унумли фойдаланмаган, интилиб изланмаган, ташаббус кўрсатиб, янгилик яратиб ишламаган одамни ҳаётнинг ўзи бир чеккага чиқариб қўяди. Давлатимиз раҳбари чин дилдан ишла, меҳнат қил, бой бўл, барака топ, деяпти. Бу йўлда биз қишлоқ кишиларига, фермерларга, томорқачи деҳқонларга барча имконият эшикларини очиб бераяпти.

          Айтинг энди, биз бу имкониятлардан оқилона фойдаланмасак, давлатимиз раҳбарининг даъватига “лаббай” деб жавоб бермасак, ким деган одам бўлдик?

 Ортиқали НОМОЗОВ,

“XXI asr” мухбири.

Наманган вилояти