Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ерни шудгорламай экин экиш мумкинми?

Ерни шудгорламай экин экиш мумкинми? Қаршида “Қишлоқ хўжалигида тупроқни ҳимояловчи ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда қурғоқчиликка чидамли экинлар уруғчилигини ташкил қилиш” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Семинар БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ҳамда шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Унда тегишли соҳалар мутахассислари, вилоятдаги қишлоқ хўжалигига алоқадор ташкилотлар вакиллари, фермерлар ва деҳқонлар иштирок этди.

Иштирокчиларга уруғчилик ва қишлоқ хўжалиги экинлари навларини рўйхатга олиш бўйича амалдаги миллий қонунчилик ва халқаро нормативлар бўйича умумий маълумот тақдим этилди. Жумладан, Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро конвенция ва унинг салоҳиятини ошириш воситалари ҳамда уруғчилик компанияларини ташкил этишда кредитдан фойдаланиш ҳақида ахборот берилди. Деҳқончиликнинг тупроқни ҳимояловчи ва ресурс тежовчи бир қанча исботланган устун жиҳатлари бўлиб, у бугунги кунда Шимолий ва Жанубий Америка давлатлари, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда кенг қўлланилмоқда.

– Тупроқни ҳимояловчи ва ресурс тежовчи деҳқончилик ердан фойдаланишнинг биз яшаб турган замонда кашф қилинган истиқболли кўринишларидан биридир, – дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг қурғоқчилик бўйича эксперти Азиз Нурбеков. – Уни алоҳида технология эмас, ёндашув деб атаган маъқул. Чунки у турли-туман ва ўзгариб бораётган агротехника усулларидан ташкил топган бўлиб, асосий мақсади тупроққа ишлов бериб безовта қилишни, ундан нам қочишини ва озуқа моддалар йўқолишини камайтиришдан иборат. Бу тупроқ табиий шароитда бажарадиган бир қатор экология функцияларини сақлаб қолишда ёрдам беради. Тупроқни ҳимояловчи ва ресурс тежовчи деҳқончилик ерга минимал ишлов беришдан, уни кам шудгорлаш, тупроқни умуман безовта қилмасликкача (экинни тўғридан-тўғри ерни ҳайдамай экин экиш) бўлган йўлни босиб ўтди. Ушбу технология ерни ҳайдашга ҳожат қолдирмайди. Ерни ҳайдамаслик тупроқнинг юқори қатламида органик ўғитлар моддаларини сақлаб қолиб, улар шамол ёки сув таъсирида емирилишининг олдини олади. Алмашлаб экиш экинларини тўғри танлаш тупроқни ҳимоялаш концепциясининг асосий унсури ҳисоб­ланади.

Семинарда мамлакатимизда тупроқни ҳимояловчи ва ресурс тежовчи қишлоқ хўжалиги амалиётининг умумий ҳолати, истиқболлари хусусида фикр алмашилди. Масалан, тупроқни ҳимояловчи ва ресурс тежовчи деҳқончилик технологияси ерни ҳайдашга ҳожат қолдирмайди. Ер ҳайдалмай экин экилган даладаги рентабеллик маблағ тежалгани ҳисобига икки карра юқори бўлади. Кейинги йилларда ҳосилдорлик ошиши билан бирга, рентабеллик ҳам ўсиб боради.

Томчилатиб суғоришнинг афзалликлари, уруғчилик секторини ривожлантириш, ўсимликлар қолдиқлари билан ишлаш, бегона ўтларга ҳамда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашишнинг самарали усуллари хусусида ҳам маълумот бериб ўтилди.

Ўлмас БАРОТОВ,

ЎзА мухбири