Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Эрол Кая: Улкан имкониятлар ўлкаси бу!

Эрол Кая: Улкан имкониятлар ўлкаси бу!

           Шу йил 29 апрель куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон бошчилигидаги делегация юртимизга ташриф буюрди. Меҳмонлар орасида мазкур мамлакатнинг бир қанча таниқли ишбилармонлари ҳам бор эди. Жумладан, “Arifiye fidancilik” компанияси раҳбари Эрол Кая Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерлик маркази вакиллари билан ҳам учрашди. Ўзаро мулоқотда туркиялик тадбиркор икки стратегик ҳамкор ва қaрдош мaмлaкaтлaр прeзидeнтлaри иштирокида бўлиб ўтгaн бизнeс-форумдан олган таассуротлари, туркиялик инвесторлар ва ишбилармонларни диёримиз билан ҳамкорлик қилишга туртки бераётган омиллар ҳақида сўз юритди.

              – Ўзбекистонда 2017-2021 йилларга мўлжалланган аниқ дастур – Ҳаракатлар стратегияси асосида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, фаол ташқи сиёсат, қулай бизнес ва инвестицион муҳитни шакл­лантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар бутун жаҳон сиёсатчилари ва ишбилармонлари томонидан эътироф этилмоқда, – дейди Эрол Кая. – Албатта, амалга оширилаётган ислоҳотларда шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг хизматлари ниҳоятда катта. Биргина мисол: шу инсоннинг ташаббуси билан Ўзбекистон-Туркия муносабатларида янги саҳифа очилди. Ташқи сиёсатда, аввало, қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилашга алоҳида аҳамият қаратилиб, барча муаммолар бартараф этилди. Бугун мамлакатларимиз ўртасида барча жабҳаларда ҳамкорлик узлуксиз ривожланиб бормоқда. Жумладан, Туркия фуқаролари учун ҳам Ўзбекистонда 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилинди. Бундай янгиланишлар халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Бошқача айтганда, Ўзбекистоннинг имижи тобора юксалиб бораяпти.

            Ўзбекистон иқтисодий соҳада ҳам мислсиз салоҳиятга эга. Дунё кезиб юрган тадбиркор сифатида дадил айтишим мумкинки, бугун мамлакатнинг иқтисодий ўсиш имкониятлари Европанинг кўпгина мамлакатларидан ҳам юқори. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури томонидан Ўзбекистон бизнес юритиш учун қулайликлар яратиш борасида энг кўп ислоҳотларни амалга ошираётган давлатларнинг биринчи ўнталигига киритилгани фикримни тасдиқлайди.

             Бизга қардош бўлган ушбу мамлакатдаги ижобий ўзгаришлар Туркия ишбилармонлари томонидан ҳам ғоят юқори баҳоланмоқда. Икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги самимий ва дўстона муносабатлар, ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган қатор келишувлар биз ишбилармонлар учун нафақат янги имкониятлар яратди, балки маълум маънода зиммамизга масъулият ҳам юклади. Тадбиркорлар ўртaсидaги алоқаларни янaдa кeнгaйтириш, улaрнинг ҳуқуқ вa қонуний мaнфaaтлaрини ҳимоя қилиш, икки томонлaмa сaвдо ҳaжмини 5 миллиaрд AҚШ доллaригa ошириш борасидаги юқори даражадаги келишувлар, албатта, туркиялик инвeсторлaрининг Ўзбeкистондaги фаолиятида сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб беради. Бу менда ўзбек ишбилармонлари билан бизнесни йўлга қўйиш, тегишли йўналишлар бўйича қизғин ҳамкорлик қилиш иштиёқини янада кучайтирди ва бундай истак барча сармоядор ватандошларимда ҳам вужудга келди, десам янглишмайман.

              Бугун Тошкентдаги ҳамкорларимиз билан “Ландшафт дизайн” лойиҳасини амалга ошириш бўйича меморандум имзоладик. Мазкур лойиҳа мамлакатингиз пойтахти ва бошқа шаҳарларининг Европа мегаполисларидан қолишмайдиган мутлақо янги қиёфасини шакллантириш, ландшафт дизайни ва бошқа замонавий инновацион технологияларни кенг жорий этиш, замонавий манзарали ўсимликларни юртингизда етиштириш каби ишларни амалга оширишга қаратилган. Қайд этишим зарурки, бу йўналишда корхонамиз катта тажрибага эга. Ҳозирда дунё­нинг 15 мамлакати, жумладан, Италия, Германия, Россия сингари давлатларга ҳар йили 7-8 миллион долларлик манзарали ўсимликлар экспорт қилиняпти. Ушбу ташрифда иштирок этган  туркиялик тадбиркорлар ўз салоҳиятини яқин кунларда ўзбек заминида намоён этишларига ишончим комил.

“XXI asr” мухбири

Беҳзод ИСРОИЛОВ ёзиб олди.