Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Эшик санаб ўтган куним

Эшик санаб ўтган куним

         Бошимдан ўтган мазкур воқеани ёзишдан олдин жуда кўп ўйладим. Иккиланганим боиси, тиббиёт соҳаси вакиллари орасида жонкуяр, фидокорлари талайгина. Гапим эгасини топгунича, буларнинг кўнглига озор бериб қўймасмикинман, деган андиша бўлди. Гуруч курмаксиз бўлмайди-ю, аммо оқ либосли “курмак”ларнинг учраши қандай ёмон оқибатларга олиб келишини ўйлаган ҳолда қўлимга қалам олдим... 
          Кечагина бир дугонам билан Учтепа туманидаги 26-оилавий поликлиникага бордик. Мен лат еган оёғимни кўрсатишим, у эса газетага мақола тайёрлаш учун маълумот олиши керак эди.

          Қабулхонада ўтирган кўҳликкина ҳамшира қиз кўрик учун келганимизни эшитгач, “Қайси кўчадансизлар”, деган савол билан мурожаат этди. 3-талабалар турар жойидан эканлигимизни билгач, йўл кўрсатди: “Йўлакдан тўғри бориб ўнгга”.

         Ўнгга бурилгач билдикки, бу ерда хоналар кўп экан. Бирма-бир барча хоналарга бош суқа бошладик. Лекин оқ халатда ўтирганларнинг ҳеч бири нима безовта қилаётганини сўрамас, саволлар эса бир хил эди:

– Қайси кўчадансизлар?

– 3-талабалар турар жойиданмиз.

– Ҳамшираларинг ким?

– Билмаймиз...

– Талабаларни 14-хонадаги шифокор кўради.

         Ҳеч бўлмаса биз учун ажратилган шифокор бор экан-ку, деб ўзимизни хурсанд қилиб, 2-қаватдаги 14-хонага йўл олдик. Шу хонада ўтирган қиз обдон савол-жавоб қилгач, шифокорнинг кетиб қолганини маълум қилди.

         Эсизгина, шифокор кетиб қолмасин деб югуриб-елиб 13:00 га етиб келгандиг-а! Ҳамширанинг тавсияси билан 15-16 хоналарни қараб кўрганимизда ҳам шу аҳволга дуч келдик. Хайрият, 17-хонада врач бор экан. Навбат кутаётган келинчакнинг ёнидаги ўриндиққа ўтирар эканман, шу хонадан чиққан ҳамшира сўроққа тутди:

         Қайси кўчадансиз? (Тавба, булар ўзини топилмалар идорасида ишлаймиз деб ўйлайдими, топиб олган саволлари ҳам бир хил!)

          Саволига жавоб берганимиздан сўнг, “Сизлар 9-хонага боринглар, талабалар ўша ерда кўрикдан ўтказилади”, деса бўладими?! Оёғимга азоб бераётган оғриқ энди бошимга ҳам чиқди. Бу нима деган гап, “Отангга бор, онангга бор” экан-да! Менинг-ку фақат оёғим қайрилган, юрак касали билан келганлар инфаркт бўлар экан-да. Шуни ҳамроҳимга айтиб, 9-хонага (1-қаватда) тушар эканман, яқиндагина тез ёрдам билан боғлиқ воқеа ёдимга тушди.

          Хонадошимнинг тоби қочиб “10-03” ни чақирдик. Бир ярим соатда... “тезгина” етиб келган тез ёрдам шифокори унинг аҳволини кўриб, шифохонага олиб кетмаса бўлмаслигини айтди.  Мен ҳам бирга бордим. У ерда бизни қабул қилаётган шифокор биринчи ёрдамга нима қилинганини олиб борган ходимдан сўради.

– Ҳеч нарса, – дея жавоб берди у.

– Нима ҳаққингиз бор ҳеч нарса қилмай олиб келишга, биринчи ёрдамни ўша ернинг ўзида бериш кераклигини билмайсизми?

– Биламан, лекин менда дори йўқ.

– Бу нима деганингиз?

Мен болалар бўйича чақириқларга бораман, бу қиз катта экан...

     Улар суҳбатлашар экан, миямда бир ўй ғужғон ўйнайди: ёшига мос шифокорни жўнатмас экан, телефонда ёшини сўраб нима қилади, ёки бу фақат расмиятчилик учунми?

– Ётқизинг! – буюрди шифокор.

       Сўнг анальгин, димедрол қилиб ухлатиб қўйди. Мен эса катта-катта олтита дафтарга имзо қўйдим. 1-анальгин учун, 2-димедрол, 3-пахта, 4-спирт, 5-нина, олтинчиси эсимда йўқ. Балки бешта бўлгандир. Ҳа, бунинг нима аҳамияти бор? Аҳамиятлиси, бемор ширин уйқуга кетганда “Уйғотиб олиб кетаверинг, бу жой бизга керак”, дея касал одамни икки марта безовта қилишди-да...

– Қайси кўчадансиз, – деган савол хаёлларимни тарқатиб юборди. Қарасам 9-хона рўпарасига келиб қолган эканмиз. Савол-жавоблардан ўтиб, шифокор ҳузурига кирдик. 

– Нима бўлди, – сўради у.
–Қайириб олдим, шекилли, аниғини эслолмайман, аммо қаттиқ оғрияпти.

–Хирург ёки невропатологга учрашинг, оғриқ қолдирувчи дори ичиб юринг.

Шу бир оғизгина гапни эшитиш учун шунча елиб-югурган бўлсам-да, ҳатто оғриётган жойимга қараб ҳам қўймади...

     Сўнг... қабулхонадаги ҳамширадан билдимки, хирург 13:00 гача ишлар экан. Биз иккигача дарсда бўлсак. Хирург ҳам нима дерди. Оғриқ қолдирувчи дори ичинг деса керак-да!

      Ҳафсалам роса пир бўлди. Майли, ҳеч бўлмаса дугонамнинг ишини ҳал қилиб кетайлик.

     3-қават. Муовиннинг хонаси. Тўлачадан келган икки аёл суҳбатлашиб ўтирибди. Ҳамроҳим бош суқиб сўради.

– Ассалому алайкум, кечирасиз, Дилдора опа борми?

– Йўқ, бироздан сўнг келинг.

– Кеча ҳам келувдим, газетаданман. Маълумот беришлари керак эди.

– Иеее, газетаданмисиз, келинг, келаверинг Дилдора опангиз мен бўламан-да, – дея тўрда ўтирган аёл гавдасини кўтарди.

Ана холос. Бемор учун йўқ, журналистга бор?! Уят ҳам қолмабди!

        “Ходим” илтифот билан бизга жой кўрсатди (шифокор дейишга тилим бормаяпти). Сўнг олис маҳаллага бориб, шифохонага келолмайдиган беморларни текширувдан ўтказишганини мақтаниб гапирди...

         Эътибор берсам, қабулда навбатда турганлар уларнинг текшириб бўлишларини эмас, хонасига келишини кутишаётган экан, балки улар ҳам муовинидан ўрнак олиб, хонада ўзини йўқ деб ўтиргандир... яна ҳам билмадим.

 

Чарос ЁҚУБОВА