Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЭСКИЧА ЁНДАШУВЛАР БИЛАН ИШЛАБ БЎЛМАЙДИ

ЭСКИЧА ЁНДАШУВЛАР БИЛАН ИШЛАБ БЎЛМАЙДИ
Президентимизнинг шу йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган йиғилишдаги маърузаси O‘zLiDeP учун ҳам муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Қарши шаҳрида ўтказилган ўқув-семинарда ана шу фикр алоҳида қайд этилиб, партиямизнинг маърузадан келиб чиқувчи устувор вазифалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг масъу­лияти, ҳудудий партия ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари ва бошқа долзарб мавзулардаги маърузалар тингланди.
Семинарда давлатимиз раҳбарининг маърузасини чуқур ўрганиш, ундан келиб чиқадиган устувор вазифаларни бажариш учун фаолиятни қайта кўриб чиқиш кераклиги таъкидланди. Партия вилоят ташкилотининг мафкуравий ишлар бўлими ва Сиё­сий таълим марказининг ишлари бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги танқид қилинди. Аҳоли билан ўтказилаётган мулоқотларда таъсирчан воситалардан самарали фойдаланиш, бу ишга депутатлар ва фаолларни жалб этиш зарурлиги билдирилди. Сайловчилар билан учрашмайдиган, депутатлик бурчини унутган, партия билан алоқани узиб қўйган айрим вакилларни чақириб олиш зарурлиги ҳам ошкора айтилди. “Ёшлар қаноти” ҳам зиммасидаги вазифаларни тўлақонли бажариши учун ўз устида ишлаши, изланиши зарур. Шунинг­дек, бошланғич ташкилотлар етакчилари ва аъзоларининг фаоллигини ҳамда сиёсий билимларини ошириш борасида шаклланган ёндашувларни ўзгартириш керак.
– Президентимиз маърузаси теран, холис ва ҳаётий таҳлилга асосланганлиги, бинобарин, партия, депутатлар фаолияти, иш услуби ва тафаккурини тубдан ўзгартиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, – деди “ХХI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси Норқобил Жалилов. – Ўзини сиёсий етук деб ҳисоблаган киши ислоҳотларнинг оддий бир иштирокчиси эмас, балки ташаббускори бўлиши шарт. Хусусан, депутатлар, аввало, ўзига, ишига муносабатни ўзгартириши, бетиним изланиши ва амалий ишлари билан сайловчилар эътиборини қозониши керак.
Ўқув-семинар иштирокчилари 4 та гуруҳга бўлиниб, муайян мавзулар бўйича машғулотлар ўтказдилар.
Тадбир сўнгида туман ва шаҳар кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг ҳисоботларини эшитиб бориш, партия маҳаллий тузилмалари, депутатлар ва БПТ ўртасидаги ҳамкорликни янада яхшилаш борасида тавсиялар ишлаб чиқилди.
Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири
* * *
O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган ўқув-семинарда партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ходимлари, депутатлар, қуйи тузилмалар етакчилари иштирок этди.
Тадбирда малакали маърузачилар томонидан партия фаолиятида пиар технологияларини қўллаш, тарғибот тадбирларини янги босқичга олиб чиқиш, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг ва унумли фойдаланиш борасида батафсил тушунчалар берилди. Шунингдек, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда қуйи тузилмалар ва депутатлик гуруҳларининг ҳамкорлигини самарали ташкил этиш, депутатлик назоратининг барча шакл ва усулларидан фойдаланиш, ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш сингари муҳим масалаларни ҳал этиш борасида сўз юритилди, билдирилган таклифлар муҳокама қилинди.
– Партиявий лойиҳалар ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилган, – дейди O‘zLiDeP Нуробод туман Кенгаши аппарати раҳбари Марҳабо Усанова. – Лекин уларни юксак савияда амалга ошириш учун қўшимча кадрлар керак. Масалан, партия туман ташкилотлари икки ходимдан иборат, холос. Уларнинг барча ишларни бирдек бекаму кўст уддалаши мушкул. Лойиҳаларни амалга ошириш учун алоҳида ходимлар тайинланса, айни муддао бўларди. Биз шу сингари таклифларнинг бир қанчасини ўртага ташладик.
Тадбирда, шунингдек, депутатлар фаолияти масаласида ҳам муҳим гаплар айтилди. Хусусан, уларни чақириб олиш эмас, балки ишини тўғри ташкил этишга ёрдам бериш, депутатларимиз камайишига йўл қўймаслик бўйича ­фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Муҳаббат РАВШАНОВА,
“XXI asr” мухбири
 
***
Наманганда бўлиб ўтган ўқув-семинарни O‘zLiDeP вилоят Кенгаши аппарати раҳбари Носиржон Абдуллаев қисқача кириш сўзи билан очди.
 – Бугун эскича усуллар билан ишлаб бўлмайди. Ҳар бир партия ходими, депутат сиёсий, ҳуқуқий билимларини мунтазам ошириб бориши, сайловчиларга берилган ваъдаларни бажариши, улар билан мунтазам учрашиши, муаммолар ҳал қилинишига амалий ёрдам бериши лозим.
Ўқув-семинарда партия вилоят Кенгашининг депутатлик бирлашмалари билан ишлаш бўлими мудири Орифжон Маҳмудов ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари ўринбосари Сайфиддин Ҳусаиновнинг маърузалари тингланди. Улар депутатлик мақоми, ваколати, депутат сўрови, депутатлик назорати каби масалалар юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини ҳам билдирдилар.
Тадбирда, шунингдек, партия вилоят Кенгаши масъул ходимлари таҳлилларга асосланган маъруза қилдилар.
Ўқув интерфаол усулда ташкил этилди. Ҳар бир мавзу юзасидан баҳс-мунозаралар, савол-жавоблар қизғин тус олгани диққатга молик.
– Мен партия тизимида иш бошлаганимга ҳали кўп бўлгани йўқ, – дейди O‘zLiDeP Янгиқўрғон туман Кенгаши аппарати раҳбари Рус­там Миразимов. – Семинардан катта таассурот олдим. Айниқса, ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Мусохон Юсуфжоновнинг “Келажак депутатлари”, “Ёш тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганиш”, “O‘zLiDeP кутубхоналари” лойиҳалари ҳақидаги мулоҳазалари манзур бўлди.
Семинар мавзулар кўлами ва долзарблиги, ташкилий жиҳатлари билан қатнашчилар эътирофига сазовор бўлди. Маслакдошларимизни, хайрихоҳларимизни Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида ишлашга, изланишга давъат этди.
Комилжон ФАЙЗИЕВ,
O‘zLiDeP Наманган вилоят
 Кенгаши матбуот хизмати ходими