Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЭЪТИБОРНИНГ ЭРТАСИ ЯХШИ

ЭЪТИБОРНИНГ ЭРТАСИ ЯХШИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги “Жисмоний ва маънавий етук ёшлар эзгу мақсадларга етишда таянчимиз ва суянчимиздир” мавзусидаги маърузасида ёшлар ташкилоти ва бошқа жамоат ташкилотлари ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида етарли иш қилмаганликлари оқибатида уюшмаган, яъни ишламайдиган, ўқимайдиган, тайинли бир машғулотга эга бўлмаган, салбий таъсирларга берилувчи ёшлар сони ортиб, жиноят содир этиш, диний-экстремистик оқимлар, террорчи гуруҳларга қўшилиб қолиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини танқид қилган эди.
 
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” деб номланган маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалар вилоят фаоллари ва депутатлар учун дастуриламал эканини алоҳида қайд эди. 
Шундан сўнг, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг ижроси бўйича вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Долли Аллаевнинг ҳисоботи эшитилди. 
– Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиққанмиз, – деди у. – Вилоятда 1 миллион 800 минг нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар бор. Коллеж ва мактабларнинг спорт залларида ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун барча шароит яратилаяпти, китобхонлик кунлари ташкил этилмоқда.
Асосий эътибор ёшлар бандлигини таъминлаш, зарарли оқимлар таъсиридан асраш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун аҳоли дам олиш масканлари, спорт тўгараклари ишини  талаб даражасида ташкил этишга қаратилаяпти. Вилоят Савдо-саноат палатасида ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг “Ватан равнақига менинг ҳиссам” шиори остида ҳудудий кўргазмаси ташкил этилади. Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутахассислари “Томорқада, кичикроқ ер майдонларида паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик, боғдорчилик, иссиқхона ташкил этиш бўйича” ёшларга бепул маслаҳат кўрсатишмоқда. Вилоят Бандлик бошқармаси туман ва шаҳарларда бўш иш ўринлари ярмаркасини мунтазам ташкил этиб, Марказий банкнинг вилоят Бош бошқармаси тижорат банклари томонидан ёшларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кредитлар ажратилишига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишаётир. 
Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 1 218 нафар вояга етмаган ёшлар профилактик ҳисобга қўйилган бўлиб, олиб борилган маънавий-маърифий, сиёсий тарбиявий ишлар натижасида 684 таси ҳисобдан чиқарилди. Ачинарлиси шундаки, бундай рўйхатга олинган ёшларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ва уюшмаган ёшлардир.
Ёшлар муаммосини ўрганиш, мақбул ечимларини топиш мақсадида “Ватан келажаги сенинг қўлингда” шиори остида “Ҳоким ва ёшлар” лойиҳаси доирасида  учрашувлар ташкил этилди. Уларда иштирок этган 6 322 нафар ёшлар томонидан бир талай таклиф ва муаммо ўртага ташланди. Мурожаатларни инобатга олган ҳолда ҳар бир туман ва шаҳар марказларида кутубхона ва китоб дўконларини ўз ичига олган Ёшлар маркази барпо этилади.
Сессияда Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Лутфулла Ёзиев, депутат Алишер Бойқараев ва бошқалар сўзга чиқиб, уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш долзарб масала эканини таъкидлашди. Ўтган даврда ўтказилган меҳнат ярмаркаларида қатнашган 6 681 нафар ёшларнинг 5 478 нафари касб-ҳунар коллежлари битирувчиси эканлигининг ўзиёқ мазкур қатламни иш билан таъминлаш борасидаги ишлар яхши эмаслигидан далолат беради. 
– Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка йўналтириш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган лойиҳалар яхши натижа беряпти, – деди вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Лутфулла Ёзиев. – “Диплом билан – бизнесга”, “Ишбилармон талаба”, “Келажак фермери” каби танловларда ёшларга  бизнес-режа тузиш, гаров таъминоти, банкдан молиявий кўмак олиш тартиби, кредитдан самарали фойдаланиш, тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлар ҳақида батафсил тушунтиришлар бериляпти. Бугун Қашқадарёда 22 минг 605 нафар O‘zLiDeP аъзоси бўлиб, шундан 11 минг 557 нафари ёшлардир. Кенгаш томонидан 400 дан ортиқ уюшмаган ёшлар билан сўровномалар ўтказилиб, 50 нафарининг бандлигини таъминлашда амалий ёрдам берилди.        
Сессияда ёшларнинг жамият ҳаётидан мустаҳкам ўрин олишига қаратилган ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва амалий таклифлар инобатга олинган ҳолда қарор қабул қилинди.         

 

Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири