Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Эътиқодсиз яшаб бўлмайди

Эътиқодсиз яшаб бўлмайди
O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши ҳузуридаги Сиёсий таълим маркази ташаббуси билан “Муқаддас ислом динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида давра суҳбати уюштирилди. Унда партия фаоллари, диний уламолар,  Наманган шаҳри, Наманган ва Уйчи туманларидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маслаҳатчилар ва ёшлар вакиллари иштирок этдилар.
Айтилдики, бугун дунёнинг қайси нуқтасида бўлаётган уруш-муҳорабаларга  қараманг, унинг замирида эътиқодий зиддиятлар ётганига амин бўласиз. Эътиқод – инсоннинг ўта нозик туйғуси ҳисобланади. Инсон номсиз ёки шонсиз яшаши мумкин, илло эътиқодсиз яшай олмайди. Буни яхши англаган турли бузғунчи кучлар ўзларининг манфур мақсади йўлида инсонларнинг эътиқодий туйғуларидан фойдаланишмоқда. Турли қўпорувчилик ҳаракатларни муқаддас Ислом дини билан боғлашга уринаётганлар хусусида ҳам шу гап. Ҳолбуки, Ислом – тинчлик, ҳамжиҳатлик динидир. “Ислом” сўзининг ўзак маъноларидан бири ҳам “тинчлик” деган маънони англатади. Бундан англашиладики, бузғунчи кимсаларнинг дин ниқоби остида амалга ошираётган хунрезликларига муқаддас динимизнинг мутлақо алоқаси йўқ.
Маълумки, Ўзбекистон – кўпмиллатли мамлакат ҳисобланади. Йиллар давомида барча фуқаролар дини, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар,  аҳил, тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда. Миллатлараро ҳамжиҳатлик, динлараро бирдамликда жонажон Ватанимиз бутун дунёга ўрнак бўлаётгани халқаро миқёсда аллақачон эътироф этилган. Бу юртимизда олиб борилаётган бағрикенглик сиёсатининг амалий ҳосиласидир.
Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб виждон эркинлигини таъминлаш масаласига устувор аҳамият берилди. Жумладан, динимиз, миллий қадриятларимизни, буюк аждодларимизнинг хотираси, меросини тиклаш, қадамжоларини обод қилиш бўйича жуда кўп ишлар қилинди ва бу тадбир ҳозир ҳам изчил давом этаётир.  Агар собиқ мустабид тузум даврида юртимизда 80 га яқин масжид фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 2 минг 42 тани ташкил этмоқда. Ўша қарамлик йилларида Ўзбекистонда саноқли кишиларгина муқаддас ҳаж зиёратига бориш имкониятига эга бўлган эди, холос. Мус­тақиллик шарофати билан эса ҳар йили 5 мингдан зиёд юртдошимиз ҳаж зиёратига бориб келяпти. Жорий йилда 7 200 нафар фуқароларимиз ушбу муборак сафарни амалга ошириш имконига эга бўладилар.
Ижтимоий ҳаёт барқарорлиги – жамиятнинг маънавий муҳитига боғлиқ экани сир эмас. Шу маънода турли мутаассиб гуруҳлар ўзларининг ёт ақидаларини ҳар хил воситалар ёрдамида фаол тарғиб қилишаётганидан ҳушёр бўлиш керак. “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиоридан асл мақсад-муддао ҳам  шу.  Ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқарорлаштириш, диний-экстремистик оқимларга адашиб кириб қолган, бугун қилмишидан пушаймон бўлаётган одамларни соғлом ҳаётга  қайтариш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёшлар тарбияси каби масалаларда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, кўпни кўрган, ҳаёт тажрибасига эга бўлган нуронийларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади.      
Тадбир баҳс-мунозара, савол-жавобларга бой бўлди. Давра суҳбатидан келиб чиқиб, тарғибот ишлари таъсирчанлигини янада ошириш, бунда партия кенгашлари, “Ёшлар қаноти”, Аёллар билан ишлаш бўлимларининг “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари, республика Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, Ички ишлар идоралари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш зарурияти алоҳида таъкидланди.
 
Комилжон ФАЙЗИЕВ,
O‘zLiDeP Наманган вилоят
Кенгаши матбуот хизмати ходими