Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Етти ўлчаб бир кесиш керак

Етти ўлчаб бир кесиш керак

Мутафаккирлар солиқ амалларини тарозининг икки палласига қиёслаб, посангининг тенг бўлиши юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги учун хизмат қилишини алоҳида таъкидлаган. Президентимизнинг шу йил 13 февралдаги “Солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепцияси тарозининг икки палласини вобаста тутишга қаратилган, десак муболаға бўлмайди.

             Концепцияда солиқларни соддалаштириш, сонини қисқартириш, ставкаларини пасайтириш орқали иқтисодиётга инвестицияларни фаол жалб этишга имконият яратиш мақсад қилинган. Амалдаги солиқ тизимида хўжалик юритувчи субъектларнинг айланма маб­лағларидан белгиланган ставка бўйича ягона солиқ тўлови (асосий ставкаси 5 фоиз) ҳамда бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга 3,2 фоиз солиқ тўланган бўлса, эндиликда фақатгина олинган даромаддан солиқ тўлаш тартиби жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу мен каби тадбиркорларни кўп йиллар ўйлантирган масалалардан бири эди, десам янглишмайман. Чунки илгари бош­лаган ишингдан фойда оласанми-йўқми, лекин албатта солиқ тўлашинг шарт эди. Шу жиҳатдан концепцияда бунга алоҳида эътибор қаратилгани ҳар бир тадбиркорни қувонтириши табиий.

             Солиқ турларини қисқартириш билан бирга, ставкаларини ҳам кескин пасайтириш назарда тутилмоқда. Маҳсулот ва хизматлар нархини белгилашга бевосита таъсир кўрсатувчи қўшимча қиймат солиғи ставкасини амалдаги 20 фоиздан 12 фоизга пасайтириш белгиланган. Бу дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Янги ислоҳот ўз самарасини бериб, иқтисодиётда ҚҚС узилиши тушунчаси йўқолади. Маҳсулот ишлаб чиқарувчи (етказиб берувчи) ҚҚС тўловчи бўлганда ҚҚС суммаси маҳсулот таннархига киритилмайди ва солиқдан солиқ олиш бартараф этилади. Бу қулайлик, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектларидаги бухгалтерлар ишини енгиллаштиришга, соддалаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

             Мазкур концепцияда мулоҳазага чорловчи жиҳатлар ҳам йўқ эмас, албатта. Тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан, оилавий ва хусусий корхоналарнинг самарасиз ташкилий-ҳуқуқий шаклларини бекор қилиш масаласи илгари сурилмоқда. Бугун давлатимиз раҳбари томонидан аҳолини иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда мазкур таклиф қанчалик ўзини оқлайди? Зеро, аҳоли бандлигини таъминлашда тадбиркорлик, айниқса, унинг оилавий шакли алоҳида ўринга эга. Бандлик масаласини ҳал этишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тизими улуши юқори экани бу масалада етти ўлчаб бир кесиш зарурлигини кўрсатади.

             Партиямизнинг “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳаси доирасида қанчадан-қанча ёшлар ва аёллар банкдан кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўйди. Ўтган йили шу мавзуда 500 дан зиёд ўқув-семинарлари ташкил этилиб, 26 мингдан ортиқ хотин-қиз қамраб олинди, мингдан зиёд опа-сингилларимизга бизнес бошлаш учун тижорат банкларидан кредит ажратилди.

                Жаҳон тажрибасида ҳам бизнеснинг ушбу кўриниши фаол қўллаб-қувватланаётганини кўриш мумкин. Масалан, Германияда кичик ва ўрта фирмаларнинг 95 фоизини айнан оилавий тадбиркорлар ташкил этади. Бундай фирмалар кўпинча авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтади, ҳатто айримлари йирик трансмиллий корпорациялар даражасига етган. Кўпчилик эшитган “Class”, “Knauf” ёки “Herrenknecht” компаниялари ана шундай корхоналар сирасига киради. Бизнесга бундай масъулиятли муносабат рақобатга чидамлиликни оширади. Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолат 2009-2011 йиллардаги инқироз пайтида жуда яхши кўзга ташланди ва айнан оилавий корхоналар Германиянинг бошқа корхоналарига қараганда ишлаб чиқариш ва молиявий кўрсаткичларини яхшироқ ҳолатда сақлаб қолди. Интернет маълумотларига қараганда, ўтган йили Италия иқтисодиётида оилавий компанияларнинг улуши 90, Германияда 85, Испанияда 70 ва Швейцарияда эса 60 фоизни ташкил қилган.

             Партиямизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш, унга кўпроқ қулайликлар яратиш қўллаб-қувватланмоқда. Партия ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари мазкур масала юзасидан ҳам таклифлар ишлаб чиқиш­лари зарур.

            Янги солиқ концепциясининг маромига етказиб қабул қилиниши, тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатлари аниқ акс эттиши учун барчамиз бирдек фаол бўлишимиз талаб этилади. Ҳақиқатан, қайси мамлакатда солиққа тортиш шартлари қулай, фойда олиш коэффиценти юқори, ҳисобот топшириш енгил, харажатлар камроқ бўлса, сармоя оқиб келаверади. Демак, иқтисодиётнинг асосий таянчи тадбиркор экан, солиқ тизимида унинг манфаатларини ёқлаш бугуннинг талабидир.

Фурқат ҚАЛАНДАРОВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,

O‘zLiDeP Бектемир тумани Кенгаши раиси