Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Faccebook-ФБдан кетаман!

Faccebook-ФБдан кетаман!

Бўлди, бас, миямни дам олдираман. Бир неча кунга, балки ойга, балки бутунлай тарк этарман. Қара, ҳаёт қандай гўзал, осмон мусаффо. Реал ҳаётда ҳамма бир-бирига меҳрибон, одамларнинг юзида хотиржамлик. Менга нима зарил муаммоларга ўралашиб?

Икки кундан бери шаҳарнинг гавжум бир кўчасида қаровсиз ётган итнинг ўлиги ҳақида пост қўйсам, “ўзинг олиб бориб кўмсанг асаканг кетадими” деган маломатларни эшитиш менга керакми ўзи? Шундан кўра бошимни оғритмай маза қилиб дам олсам бўлмайдими. Мана, бозорларимизни қаранг, қандай фаровонлик... ҳув анави нон сотаётган хола энамни эслатиб юборди, беғубор, соддадил энамни. “Энааа” деворгим келди-ю, андиша қилиб ёнига яқинлашдим. Ҳай “энама” эвараси тенги болани чунонам сўкаяптики, ҳеч қайси луғатда йўқ бундай сўкинч сўзлари. Ҳатто менинг сўконғич “кумирим” ҳам анча одобли экан момонинг олдида. Гўшт бозорига ўтиб бир килодан сал ошиқроқ суяксиз гўшт олдим, тузукроқ овқат қиламан шу ФБга кетказган вақтимнинг ўрнига деб ўйладим. Уйга қайтаётсам бироз транспорт кутишимга тўғри келди, ҳечқиси йўқ катта мамлакатларда ҳам кичик хатолар бўлиб туради, дедим ўзимга ўзим. Бир ярим минглик “Дамас”ни машина йўқлиги учун икки минг дейишди, ҳай 500 сўмга ўлиб қоламанми, дедим ўзимга ўзим. Кўчага киришим билан ўнқир-чўнқир йўлларга кўзим тушди. Депутатимизнинг кўчаси бирам текислигини ўйлаб кетдим, тегирмон нав­бати билан 20 йил кутилган бу кўча асфальт бўлишини яна озроқ кутсанг ўлиб қолмайсан, халқ ноибининг кўчаси асфальт бўлдими, сеники ҳам тузалади, деб юпатдим ўзимни. Фикримдан кўнглим бирам ёришди-ей. ФБга кирмай ҳам позитив фикрласа бўларкан-ку! Хаёл суриб ўтирсам, хўжайиним тунд қиёфада кириб келди. Нима бўлди десам, банк яна битта ҳужжат етмаяпти деб қайтарибди. Бунча булар қоғоз йиғишни яхши кўради, бечора неча кундан бери сарсон, банкдагилар макулатурага топширадими шунча қоғозни? Газимизни профилактика учун ўчириб қўйишибди уч кунга, демак уч кун “ролтон” еймиз. Айтганча, бозордан мақтаб-мақтаб сотилган гўштни тузлайман деб чиқарсам, муштдай суягам қўшилиб чиқиб келди. Бу суяк қандай қилиб гўшт орасига тиқилганини билолмай ҳайронман.

Ҳовлида кроватда ўтириб хаёл сурдим – бўлди, бас, Faccebook-ФБга... қайтаман!..

Барно СУЛТОНОВАнинг Фейсбукдаги
шахсий саҳифасидан олинди.