Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

"Facebook" тан олди: у Android-смартфонлардаги қўнғироқ ва SMS-хабарларни кузатмоқда!

          Кейинги кунларда “Facebook” компанияси устида бир қатор можаролар давом этаётир. “WhatsApp” яратувчиларидан бири – Брайан Эктон ушбу ижтимоий тармоқ ўз фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини сотишда айблаб, уни бойкот қилишга чақирмоқда, деб ёзади “Terabayt.uz” сайти бу ҳақда.

         Қолаверса, “Facebook” билан боғлиқ яна битта масала кўтарилди – мазкур ижтимоий тармоқ ўз иловалари орқали фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини тўплаб борар экан. Жумладан, Android-смартфон тутаётган ва унда “Facebook” иловасини ишлатаётган бўлсангиз, сизнинг ҳатто оддий қўнғироқ ва SMS-хабарларингиз ҳам бу компания кузатуви остида!

          “Facebook” бу борада ўз муносабатини билдириб, чиндан ҳам Android-қурилмалар эгаларининг хабарлашув ва сўзлашувларини кузатиб келаётганини тан олди. Шу билан бирга, бу «кузатув» опционал характерга эга эканини ва фойдаланувчиларнинг розилиги билангина амалга оширилаётганини таъкидлади.

            Ижтимоий тармоқ баёнотида маълум қилинишича, фойдаланувчи Android-девайсида “Messenger” ёки “Facebook Lite” иловаси орқали авторизациядан ўтаётганида, ундан розилик олинади. Яъни, бу жараёнда унинг контактлари, шунингдек қўнғироқлари ва хабарлари ҳақидаги маълумотларнинг доимий узатилиб турилишига рухсат сўралади. Фойдаланувчилар эса бу огоҳлантирув хабарномасини ўқиб ҳам ўтирмасдан, автоматик тарзда тасдиқлаб юбораверадилар. Демакки, телефондаги қўнғироқларингиз ва хабарларингизни кузатиб бориши учун “Facebook”ка ўзингиз рухсат берган бўлиб чиқяпсиз!

           Қизиғи шундаки, Facebook компаниясининг iOS тизими учун ишлаб чиқилган иловаларида айни шу функция йўқ. Демак, "iPhone" эгаларининг айни мана шу маълумотлари “Facebook” томонидан кузатиб борилмаяпти.