Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ФАОЛИЯТ БОР, САМАРА-ЧИ?

ФАОЛИЯТ БОР, САМАРА-ЧИ?
O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши йиғилишларида Нуробод туман партия депутатлик гуруҳи фаолияти хусусида бот-бот илиқ гаплар айтилади. Бу бежиз эмас. Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлари сони 12 нафар бўлиб, жами депутатлик ўрнининг 36 фоизини ташкил қилади. Қайд этилган сон нисбатан салмоқли, албатта. Демак, фаолият ҳам ишончга лойиқ бўлиши керак.
Хўш, ишчанлик самараси қандай?
2017 йилнинг ўтган даврида O‘zLiDeP туман Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан  турли масалаларда 54 та сўров юборилган. Бунинг 24 тасига қонунда белгиланган муддат бузилган ҳолда кечикиб жавоб берилган бўлса, 30 тасига умуман жавоб олинмаган. Бу нима деган гап, ахир?!
Гапнинг давомини Нуробод туман Кенгаши депутати, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Холмурод Сориевдан эшитайлик:.
 – Чунончи, жорий йилнинг 10 март санаси билан туман ҳокимининг иқтисодий ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Абдураҳмоновга “Хусусий мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда назорат қилувчи органлар, мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик субъектларининг хўжалик ва молиявий фаолиятига ноқонуний аралашуви учун жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида”ги ҳисоботини олиш мақсадида депутатлик сўрови берган эдик. Мақсад, депутатлик гуруҳи томонидан мазкур масалада эшитув ташкил қилиш эди. Аммо ҳанузгача ҳеч қандай жавоб бўлмади.  Ўтган олти ой давомида депутатлик гуруҳимиз биргаликда туманнинг барча ҳудудларида ўнга яқин сайёр учрашувлар ташкил этиб, одамлар, айниқса, қишлоқ мулкдорлари аҳволини ўргандик.  Асосий муаммо –  кўрсатилган хизматларга тегишли тўловни вақтида амалга оширмаслик! Жумладан, Нурбулоқ ММТПга қарашли “Юлдуз-3” фермер хўжалиги Жума пахта заводига 12 миллион 212 минг сўмлик техник хизмат кўрсатган, лекин бир неча йилдан (!) бери маблағини ундиролмаган.  Депутатлик гуруҳи аралашуви билан наинки “Юлдуз-3”нинг, балки  “Нурли Ағрон”, “Ҳайдаробод”, “Асрорнинг тилло тоши” фермер хўжаликларининг ҳалол меҳнатлари ҳақи ҳам ундириб берилди.
Демак, депутатлик гуруҳи ишлаяпти.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан белгиланган режага мувофиқ, партия депутатлик гуруҳи, Регламент ва депутат одоби доимий комиссияси ва Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаро хавфсизлиги масалалари доимий комиссиялари билан ҳамкорликда ҳудуднинг Сайройқўрғон ўрмон хўжалиги, Ағрон, Олға, Жом, Сахоба, Тим, Тепақул қишлоқларида сайловчилар билан учрашувлар, очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Бу тадбирларга  туманнинг барча даражадаги мутассадди раҳбарлари таклиф этилиб, ҳисобот ва ахборотлари тингланди, танқидий таҳлил этилиб, тегишли тавсиялар берилди. Хусусан, жорий йилнинг январь ойи­да Ағрон қишлоғида бўлиб ўтган сайёр қўшма йиғилишда депутатлик гуруҳи ва доимий комиссиялар қўшма қарори билан Ағрон ҚВП мудири Рустам Мирзаев ва у бошқараётган муассаса фаолияти қониқарсиз, деб топилиб, мудирнинг ўз вазифасида қолиш-қолмаслик масаласи бўйича туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарига тавсия берилди. Бирлашма мутасаддилари ҚВП мудирига яна бир имконият беришни маъқул топишди чоғи, мудир “ҳайфсан” билан жазоланди.
 Шу ўринда яна бир гап. O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишлари халқ вакилларининг ўз сайлов округида ташкил этилмоқда. Муаммолар сайловчилар билан очиқ-ошкора муҳокама қилиниб, шу жойнинг ўзида мутасадди ташкилот раҳбарларининг ахбороти эшитилмоқда.
Хусусан,  шундай сайёр йиғилишларда Нуробод туман марказий шифохонаси бош шифокори ахбороти эшитилди. Йиғилишда Олға ва Чорвадор маҳалласи  вакиллари ҚВПни қайта тиклаб беришни сўрашди. Чунки, Сепки қишлоғида ташкил этилган тез тиббий ёрдам жойлашган оралиқ масофа бу маҳаллаларга узоқлик қилмоқда. Депутатлар ва мутасаддилар масалани ўрганиб чиққач, Олға маҳалласида тез фурсатда қишлоқ врачлик пункти фаолияти қайта тикланди.
– Ўтган йилнинг 30 декабрь куни Халқ депутатлари Нуробод туман Кенгаши сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19 апрелдаги “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг тумандаги Нурбулоқ ва Амир Темур ММТПларидаги ижросини ўрганиб ахборот берган эдик, – дейди депутат Акром Авғонов. – Бунинг сабаби бор. Кейинги йилларда ушбу ҳудудларда ерларнинг мелиоратив ҳолати бузилиб,  аҳоли уйлари ва ташкилот бинолари захлаб кетди. Шунинг­дек, фермерлар экин майдонларига сув етиб келмай қолди.  Жумладан, ўзим ҳам фермер сифатида шу муаммога дуч келганим боис 2012 йилда 5 миллион, 2016 йилда 12 миллион сўм сарфлаб, мазкур ҳудудлардан ўтувчи Кечкелдик зовурининг экин майдонларимизга тегишли қисмини тозалаган эдик. Лекин вазият йилдан-йил оғирлашиб бораверди. Масала сессияда муҳокама қилиниб, қарор қабул қилиниб, тегишли мутасаддиларга аниқ тавсиялар берилди ва ижросини навбатдаги сессияда кўриб чиқиш белгиланди.
Хўш, сессия қарорида белгиланган банд­лар бажарилдими? Тегишли комиссия раҳбари Қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича доимий комиссияси раҳбари А.Дўстмуродовнинг оғзаки маълумотига кўра, мазкур масала махсус дастурга киритилган бўлиб, ҳар икки ММПТ ҳудудидаги зах зовурлардаги мелиоратив ҳолатни яхшилаш мақсадида жами 20,5 км массофада таъмирлаш ишларини олиб бориш кўзда тутилган. Ҳозиргача 12 км масофа коллекторларни тозалаш ва таъмирлаш ишлари олиб борилибди.  Ҳозирча шу.
Муҳаббат РАВШАНОВА,
“XXI asr”  мухбири