Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

"Фақат ойликка яшаш жонга тег­ди"

– Э укагинам, фақат ойликка яшаш жонга тег­ди, оддийгина уй­ни таъмирлаш учун кат­та пул ке­рак, маош қайси бирига ет­син? – ёзғирди На­воий шаҳар кадастр идораси раҳбари Бердиёр Хуррамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) шаҳар ҳо­кимлиги юристига.

– Ил­­­ти­мослар­ни қуруқ бажарганингиздан кейин бирингиз икки бўлмай юра­ве­расиз-да, –  шипшиди одамлар шохида юрса, баргида юрадиган юрист Шерхон Комилов.

– Сен айтган ўша “қу­ру­ғ”ини берадиган одамнинг ўзи йўқ-да.

– Сиз хўп денг, мен топаман!

– Энди, ука, сен кимсан – катта бир ҳо­ки­миятнинг юрис­тисан, сен­дан ўтиб биз нима ҳам қила олардик. Ўзингдан қолар гап йўқ. Ҳо­зир замон но­зик. Майда-чуйда гап чиқиб, шар­манда бўлмасак, дейман-да.

– Бу ёғига ишингиз бўлмасин, ях­ши “ўлжа” ке­либ қолса, мен шундай қи­ламанки, худди хамирдан қил су­ғур­гандек, ҳеч ким хабар топмайди...

Икки мансабдор узоқ маслаҳатла­шишди. Буни қарангки,  шу орада юристнинг таниши Қосим те­лефон қилиб қолди.

– Шерхон ака, бир ёрда­мингиз керак.

– Хўш?

– Жасур Хўжаев деган ака­миз чор­вачилик билан шуғулланиш учун 1 гектар ер сўраб, шаҳар ҳоки­ми номига ариза ёзган. Шуни ҳал қи­лиш керак.

– Тушундим. Шаҳар ер ре­сурс­лари ва ка­дастри бошлиғи, ер бе­риш комиссиясининг аъзо­си – яқин та­ни­шим. Ўша киши билан гап­ла­ша­ман. Фақат у одам тилига маҳ­кам­ми, иш­қилиб.

 – Биласиз-ку, мен ҳам дуч келган­нинг иши­га аралашмайман.

– Бўлди, гапла­ша­миз...

Юрист оғзи қулоғида, қўли ол­ти, оёғи етти бўлиб, Бердиёр Хуррамов­нинг олдига югурди. Икков­лон пул олишнинг антиқа усулини кашф қи­лиш­ди: 10 миллион сўм ҳомийлик қилсанг, ишинг ҳал бўлади, деб айтамиз, дея келишишди. Хуллас, икков­лон Жасур Хўжаев билан биргаликда бориб, ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ, ажрати­ла­ди­ган ерни кўр­сатишди ва айтилган сум­мани машина орқасига таш­лаш­ди. Қарабсизки, оқил юрист жа­­ноблари айтганидек, иш хамир­дан қил суғургандек осон битди. Энди фақат ер аж­ратиш учун ҳуж­жатлар тайёрланса бўлди. Туя кўр­­дингми, йўқ...

Бироқ кўза кунда эмас, кунида синади. Ҳуқуқ-тартибот органлари ўт­казган тезкор тад­бир даво­мида икки оғайни ботир қўлга киритган “муллажиринг” ашёвий далиллар билан исботланиб, ўзлари қўлга олинди. Уларга нисбатан Жиноят ко­дек­сининг те­гишли моддалари билан жиноят иши қўзға­тилди. Икки ман­сабдор судда берган кўр­сат­масида 10 миллион сўмни ер ажратишга ижо­бий хулоса бе­риш учун эмас, ҳо­мийлик маб­лағи та­риқасида ол­ган­миз, деган гап­лари чўп­чак­дан бошқа нар­са эмас­лигини гу­воҳ­ларнинг кўрсат­малари, пул олиш-бе­риш­даги баён­но­ма­лар, суд-кимё­вий экс­пер­тизаси ху­лосаси исботлади. Улар­нинг бу найранги одил судни чал­­ғи­тиш­дан бошқа нарса эмас­лиги аён бўлди-қолди.

Ер ажратишга ижобий ху­лоса бера­миз, дея жиноятга қўл урган бу икки мансабдор суд ҳукми билан қонунда бел­ги­лан­ган тартибда жазосини олди. Лекин маса­ла­нинг бош­қа то­мони ки­шини ўйлан­ти­ра­ди. Кат­та ташкилот раҳ­бари, юрис­ти шун­­­дай нопок ишларга қўл уришига ким шароит яратиб берди? Ушбу мансабдорлар бошқа шунақа қилғиликларни қилмаган деб ким кафолат беради? Бирни кўриб фикр қил, мингни кў­риб шукр, деб шунга айтса­лар керак-да!

Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,

“XXI asr” мухбири