Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ФАРҒОНАДА ТОМОРҚАЧИЛИК МАКТАБИ ЯРАТИЛГАН

ФАРҒОНАДА ТОМОРҚАЧИЛИК МАКТАБИ ЯРАТИЛГАН

Яқинда Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Фарғона вилоят бўлими раиси Топволди Холдоров ва Тошлоқ туман ҳокимининг ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Комилахон Кавлонова билан суҳбатлашдик. Суҳбат асносида Топволди Холдоров ўтган асрнинг етмишинчи йилларида республикамизнинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов Фарғонага “Водий марвариди” дея таъриф бергани ва бу бежиз эмаслигини айтди. У кишининг таъкидлашича, ҳудуд иқлими, сўлим табиати, айниқса, ерининг унумдорлиги бетакрордир. Энг муҳими, аҳоли бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланиб, деҳқончилигу боғдорчилик бобида ўзига хос мактаб яратилгани ўша пайтдаёқ Шароф отанинг эътирофига сазовор бўлган.

– Қуванинг анорини, Олтиариқнинг узум ва турпини, Бешариқнинг тилими тилни ёрар қовунларини емаган, билмайдиган киши топилмаса керак мамлакатимизда. Чунки вилоятимизда нафақат туманлар, балки Фарғона, Қўқон, Марғилон ва Қувасой шаҳарлари аҳолиси ҳам азал-азалдан “Ер хазина, сув гавҳар” деган ҳикматга амал қилиб келади, – дейди Топволди ота. – Бугун бор-йўғи 2-3 сотихли иссиқхонасида кўкат етиштириб, 15-20 миллион сўмдан даромад олаётган оилалар талайгина.

– Дарҳақиқат, ҳозир вилоятимизнинг қай бир нуқтасига борманг, ер билан тиллашиб, фаровон турмуш кечираётган юртдошларимизни истаганча учратиш мумкин, – дея суҳбатимизни давом эттиради Комилахон Кавлонова. – Нокамтарликка йўйманг-у, биргина туманимизнинг Арабмозор маҳалла фуқаролар йиғинида меҳнатга яроқли аҳолининг деярли барчаси, ҳаттоки қайсидир корхона, ташкилот ва муассасада ишлайдиган кишилар ҳам томорқачиликнинг бошини тутган.

– Минг марта эшитгандан кўра бир марта кўрган яхши, дейишади. Бориб кўрайлик бўлмаса.

– Бажонидил. Аммо мен пахта йиғим-теримига оид юмушлар билан бандман. Шу боис сизларга маҳалла фуқаролар йиғини котиби Баннопжон Ғозибеков ҳамроҳлик қиладилар, ­– деди ҳоким ўринбосари.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фотомухбири Муқимжон Қодиров билан бирга Арабмозорга етиб бордик.

– Маҳалламизда 5150 нафар аҳоли 740 та хонадонда истиқомат қилади. Шундан 460 та ҳовлида иссиқхона мавжуд. Қолганларида эса очиқ майдондаги томорқадан ҳосил олинади. Лимон, помидор, бодринг, булғор қалампири, саримсоқ пиёз, карам, пиёз ва бошқа қиш­лоқ хўжалик маҳсулотларини етиштираётган маҳалладошларимиз ихтиёрида 114 гектардан иборат томорқа ерлари бор, – дейди Баннопжон ака салом-аликдан сўнг.

У бизни Неъматилло Исаевлар ҳовлисига бошлади. Хонадон соҳиби 6 сотих ерда 2 та иссиқхона барпо этган, бирида 14 туп лимон етиштирилмоқда. Олти йиллик лимон кўчатлари 2 йил илгари ҳосилга кирибди. Иккинчи иссиқхонада бодринг бўй чўзиб ётибди. Неъматилло аканинг айтишича, бу жойга аввал – февраль ойининг дастлабки кунларида 600 туп помидор кўчати эккан экан, ҳосилдорлик кутганидан ҳам зиёда бўлибди...

– Ўз эҳтиёжимиздан ташқари, қариндош-уруғ ва қўни-қўшниларга ҳам улашдик. Қолганини сотиб, 3 миллион сўмдан ортиқ даромад олдик. Август ойида эса 400 туп бодринг кўчатини ўтқазиб, парваришлай бошладик. Дастлабки ҳосилни узиб олдик. Бозорда улгуржи нархда 1800-2000 сўмдан сотяпмиз, – дея изоҳ беради Неъматилло Исаев.

– Қанча ҳосил олишни кўзлаяпсиз? – сўраймиз ундан.

– Яхши қаралса, ҳар бир тупи 6-7 килогача ҳосил беради.

– Демак, бундан ҳам 4,5-5 миллион сўм даромад бор экан-да?

 – Албатта, ниятимиз ундан ҳам кўпроқ фойда олиш.

Ҳовлидаги ишкомларда 20 туп ҳусайни ва қизил ҳусайни узумлари бамисоли олтиндек товланади...

Маҳалланинг яна бир намунали хонадони – Орифжон Қўрғоновникига ҳам кирдик. Орифжон ака ва оила бекаси Мавлуда опа
5 сотихдан иборат 2 та иссиқхонада деҳқончилик қилиб, рўзғор тебратишади. Улар ҳам помидор ва бодрингдан 11 миллион сўмга яқин даромад қилишибди. Август ойининг бошида пойтахтимиздан 1600 туп гулкарам кўчатини келтириб экишган. Йил якунига қадар карамдан ҳам ўртача 7,5-8 миллион сўм даромад олишни кўзлашяпти. Карамлар орасида эса 3 йиллик лимон ниҳоллари баравж ривожланмоқда. Ҳадемай улар ҳам ҳосилга кириб, оиланинг даромади янада ортиши шубҳасиз.

– Мана шу иссиқхонадан келган даромад ҳисобига уч ўғлимизни уйлантирдик ва бир қизимизни чиқардик. Қолаверса, уларни уйли-жойли қилдик. Шу билан бирга, “Кобалт” автомашинасини сотиб олдик. Энди навбат невараларимизнинг тўйларига. Айтамиз, келасизлар-да, – дея мамнунлигини изҳор қилади Мавлуда опа.

Таъкидлаш лозимки, вилоятда аҳолининг томорқаларидан самарали фойдаланишини ташкил қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда. Бугун вилоятдаги 573 300 та хонадон ихтиёрида 40,7 минг гектар томорқа ер майдони мавжуд. Малакали мутахассислар ҳамроҳлигида хонадонма-хонадон юрилиб, томорқанинг битмас-туганмас даромад манбаи эканлиги юзасидан тушунтириш олиб борилди. Тижорат банклари айни йўналишга 166 миллиард 200 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратди. Хусусан, мевали дарахт ва узум кўчатлари сотиб олиш учун бир йиллик имтиёзли давр билан 3 йилгача, уруғликлар (сабзавот ва полиз кўчатлари), минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш, паррандачилик, асаларичилик ҳамда ихчам иссиқхоналар (цитрус мевалар етиштиришга мўлжалланган иссиқхоналардан ташқари) ташкил этиш учун олти ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача, цитрус мевалар (лимон, апелсин, мандарин, киви ва ҳоказолар) ни иссиқхоналарда етиштириш узоқ вақт талаб қилишини инобатга олган ҳолда уч йиллик имтиёзли давр билан 5 йилгача, чорва моллари (қорамол, қўй, эчки), қуён, балиқчиликни ривожлантириш учун 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга имтиёзли кредитлар ажратилди. Қолаверса, тегишли хизмат кўрсатувчи субъектлар томонидан аҳоли томорқаларидаги қишлоқ хўжалиги экинлари парвариши учун талаб этиладиган барча моддий-техник ресурслар ўз вақтида етказиб берилди. Йил бошидан буён 3739 гектарга пиёз, 4275 гектарга кўкат, 4153 гектарга саримсоқпиёз, 3383 гектарга сабзи, 10713 гектарга картошка, 1844 гектарга карам, 4735 гектарга помидор, 4017 гектарга бодринг, 2298 гектарга шолғом-турп ва 1505 гектарга бошқа турдаги экинлар экилиши таъминланди.



Фарғонада хайрли ташаббуслар тобора кенг қулоч ёзмоқда. Айниқса, 2017 йил 9 октябрь куни давлатимиз раҳбарининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг қабул қилиниши вилоят аҳлини янада руҳлантириб юборди. Фармонга биноан 2018 йилдан бошлаб фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар чоракда халқ депутатлари туман кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб борилиши, ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига нисбатан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишига қадар қатъий жавобгарлик чоралари кўрилиши, шунингдек, келгусида деҳқончилик маданиятини оширишда муносиб ҳисса қўшган ва ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришган фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгалари тақдирланадиган “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонларининг таъсис этилиши бошқа вилоятлар қатори фарғоналик деҳқон ва миришкорларни янада кўпроқ изланишга, ердан аввалгидан ҳам унумлироқ фойдаланишга, бу ишга ўн чандон масъулият билан ёндашишга ундади.

Хуршид СУЛТОНОВ,
“ХХI asr” мухбири

Муқимжон ҚОДИРОВ
(ЎзА) олган суратлар.