Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Фарғонадаги маҳаллада фуқаролар қурт босган сув истеъмол қилмоқда

Фарғонадаги маҳаллада фуқаролар қурт босган сув истеъмол қилмоқда
Фуқаролар ҳали ҳам истеъмолда кавланган сунъий ҳовузлардан фойдаланишади, имкон бўлсагина бир ҳафтада унинг суви янгиланади, бўлмаса личинкалар босиб кетган оби раҳматни қайнатиб эҳтиёжига ишлатишади, десам ишонмасангиз керак-а? Ўрта Осиё гавҳари водийда-я, дерсиз? Лекин Риштон туманининг дашт ҳудудларидаги бир нечта қишлоқларда бу луқмани оддий ва одатдагидек қабул қилишади.
Риштон тумани марказидан 15 км олисда жойлашган Жалаер маҳалла фуқаролари йиғинида 3700 ортиқ фуқаролар истиқомат қилади. Аҳолининг асосий меҳнат фаолияти деҳқончилик ва боғдорчилик билан боғлиқ. Фуқаролар йиғинининг Янгиобод, Катта йўл, Юқори дашт маҳаллаларида эса деҳқончилик тугул ичимлик суви узоқ йиллардан буён муаммолигича қолмоқда. Аҳоли қиш мавсумининг қош –қовоғига қарашга мажбур. Чунки изғиринли кунлар серёғин келган мавсум маҳаллий тилда оқ сув, деб аталувчи сув бироз мўл бўлади. Ҳар бир хонадонда сув ғамлаб олиш учун кавланган мўжазгина ҳовузлардан чорва ва кундалик эҳтиёж учун ҳам бирдек фойдаланишади. Бироқ, қиш бу йилгидек қуруқ келса-чи? Ана унда Янгиобод, Катта йўл, Юқори дашт маҳаллаларида яшовчи фуқаролар учун ҳақиқий синов кунлари бошланади, десак ишонаверинг.
Садирхўжа ЗОКИРОВ,
Юқори дашт маҳалласи, 84-уй:
Хонадонда ўн жон истиқомат қиламиз. Ҳовлимизда ҳовуз кавлаб олганмиз. Жазирамада тез буғланишни олдини олиш ва сув мўтадиллигини сақлаш учун қирғоқларига тол экилган. Қирғизистон чегара ҳудудидан Учкўприк туманининг Сариқўрғон қишлоғига катта сой ўқиб ўтади. Сой сувидан Бағдод, Риштон ,Учкўприк туманлари деҳқончилик учун навбатдан фойдаланишади. Энди тасаввур қилиб олаверинг, ҳар учала туманда неча минг гектарлаб суғориладиган ҳудудлар бор. Бизга эса, мавсумда сув мўл бўлсагина маҳалламизга аранг 10-15 кунда сув навбати тегади. Шундагина ҳовузларимизга, хонадонимиздаги мавжуд йирик идишларга оби раҳмат ғамлаб оламиз.
Зокиржон ТУРДИАЛИЕВ,
Юқори дашт маҳалласи, 101-уй:
Ҳовузлардаги жамғарилган сувларни атиги уч кун мобайнида бемалол истеъмол қилиш мумкин. Ундан кейин ҳовузларда турли ҳашаротлар, личинкалар пайдо бўлади. Бошқа сув манбаси бўлмагандан кейин ана шу сувни қайнатиб эҳтиёжга ишлатишга мажбурмиз. Касаллик авж олиши, эпидемия тарқалиши эҳтимоли ҳудудимизда жуда юқори.
Кунлар иссисагина сойдан сув оқади. Бу йил айниқса, баҳор жуда қийин келди биз учун. Баҳор совуқ келганлиги боис, Сариқўрғон сой суви бир ойга кеч келди. Сизга ёлғон,бизга чин – чорва, истеъмол учун эҳтиёж у ёғида турсин, ҳатто, экин-тикин ва боғларни ҳар бир қатнови 50-100 мингдан сув ташувчи машиналар ёрдамида суғордик. Вақт ўтиши, вазият чигаллашиши билан, ҳаммамизга дўппи тор кепқолди. Сув келтирувчи машиналарнинг ҳар бир қатновининг нархи кўтарилиб кетди. Эшагидан тўқими қиммат тушса ҳам, боғбонлар боғларини сақлаб қолиш учун курашди.
Шуҳрат КОМИЛЖОНОВ,
Юқори дашт маҳалласи,126-уй:
Уч-тўрт хўжалик бир ҳовуздан фойдаланамиз. Болаларга хавфсиз бўлиши ва чорвадан иҳота қилиш учун четан билан ўралган.Уч нафар фарзандим бор. Икки нафари ҳудудимиздаги 22-мактабга қатнайди. Мактабда ҳам тоза ичимлик суви – артезиан бўлмагани учун, ҳар куни болаларга елим идишларда ёки термосчасига қайнатилган сув ёки чой дамлаб берамиз. Йил-ўн икки ой шу зайлда кечади. Мактабдаги махсус бетон сув цистернасига эса ишонмайман.
Орифжон ҚОДИРОВ,
22-мактаб директори:
Билим даргоҳимизда Янгиобод, Катта йўл, Юқори дашт маҳаллаларидан қатновчи 326 нафар ўқувчи таҳсил олади. Ҳақиқатдан ҳам мактабимиздаартезиан- тоза ичимлик суви мавжуд эмас. Илгарилари ўқувчилар баклашкаларда ўзларига сув олиб келишар эди. Бола барибир болада. Бир бирларининг сув идишларидан фойдаланишавергач, гепатит каби юқумли касалликларнинг тарқалиш эҳтимоли кучайиб қолди. Шунинг учун мактаб ҳудудига елим идишларни тақиқлаб қўйдим ва туман санитария эпидемиология назорат марказидан рухсат олиб,бир минг етти юз литрли бетон идиш ташкил қилдик. Бу цистернага эса сувни сотиб олиб тўлдирамиз. Ҳар тугул хавфсизроқ. Сувнинг истеъмолга яроқлилигини мунтазам назорат қиламиз.
Жалаер маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Янгиобод, Катта йўл, Юқори дашт маҳаллаларида нафақат тоза ичимлик суви, балки бир қанча бошқа муаммолар ҳам тўпланиб қолган. Масалан, ҳар учала маҳаллага транспорт қатнови қўйилмаган. Мобил алоқа воситалари яхши ишламайди. Қиш мавсумида кўчаларда юришнинг ўзи муаммо. Болалар мактабга қатновда қийналишади. Нонвойхона, устахона, маҳалла гузари умуман йўқ. Марказга бориш учун уч-тўрт транспорт воситасига эҳтиёж сезилади.
Маълумки, жорий йилдан фуқаролар халқ қабулхоналарига эмас, балки халқ қабулхоналари вакилларининг хонадон-ма хонадон аҳоли муаммоларини ўрганиши тартиби жорий қилинган эди. Хўш, мутасаддилар бу ҳудудларга келишганми?
Гулмира ТУРДИАЛИЕВА,
Юқори дашт маҳалласи, 101 уй:
Риштон тумани халқ қабулхонаси вакилларими,билмадим. Лекин қандайдир вакиллар маҳалламизга келишган. Лекин умуман ўзларини таништирмаган. Нимадандир шошилгандек, телефонларига хонадонлар суратини олишиб, муаммоларимизни сўрамасдан, аҳоли сони, яшовчилар рўйхати кабиларни билишгану, бирор нима сўрашмасин, деб тезда “ғойиб” бўлишган. Риштон тумани марказидаги Халқ қабулхонасига ҳам бориб муаммоларимизни айтганман. Қабулхона мудири тез фурсатларда кўчаларимизга шағал ётқиздириб беришга тантанали ваъда берган эди. Ўтган йили ана шу каби кўндаланг турган масалаларимизга жавобан,“кўриб чиқиляпти”, “Бартараф этилади”, “маълум қиламиз” қабилидаги умумий гапларга тўла мавҳум жавоб хатлари ҳам келган. Бизда эса муаммолар бисёр. Масалан, ҳудудимизда мактабгача таълим муассасаси йўқ.
Ваҳоланки, 348 дона 3-7 ёшдаги болалар бор. Уларни боғчага қамраб олиш ўта ачинарли аҳволда. Булоқбоши қишлоғидаги 23-мактабгача таълим муассасаси филиалиэса Юқори даштдан 6 км узоқликда жойлашган. Транспорт қатнови яхши эмаслиги боис у ерга фақат машинаси борлар олиб бориши мумкин. Автоулови йўқ хонадонларга эса болаларини муассасага бериш йўл харажатлари билан икки баробар қимматга тушади. Қизим эса 3 йил мобайнида боғчага яқин бўлганлиги учун катта ҳовлимизда мунтазам яшаб қатнаган.
ХУЛОСА ЎРНИДА:
Айни кунларда Риштон туманида президентимизнинг ташаббуслари билан катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Намунавий тарзда туман қайтадан чирой очмоқда. Босқичма босқич, бошқа ресурслардан ташқари,биргина маҳаллий бюджет ҳисобидан бунёдкорлик ишлари учун 30 млрд.сўм маблағ ажратилаётгани айни ҳақиқат.Яқин келажакда Риштонда 20 дона кўпқаватли уйларга 480 дан ортиқ хонадонлар кўчиб ўтади, 2 гипермаркет, 5 супермаркет, 8 ҳаммом, 5 йирик корхоналар,бозор, кутубхона, кўнгилочар масканлар қад ростлайди.Тумандан ўтувчи“Фарғона ҳалқаси” автомобил йўли ва унга туташ бўлган Риштон марказидаги барча йўллар ёқасидаги объектларни шаҳарсозлик талаблари асосида қайта қуриш бошланди.Ҳозиргача ишчи гуруҳи томонидан 149 нотурар жой, 178 турар жой объектларида бирламчи ишлар бошлаб юборилган.
Бироқ шунча катта ўзгаришлар оғушида бўлган Риштон туманининг олис ҳудудларидаги ичимлик сувига, таълим муассасасига, асфальт йўлларга, инфратузилмага эҳтиёжи катта маҳаллаларини бепарво ташлаб қўйиш тўғримикан? Усти ялтироқ ичи қалтироқ бўлиб қолмасмикан? Шу ҳудудларга масъул қилиб белгиланган сектор раҳбарларини шу ҳудуд аҳолиси танирмикан? Бирор марта улар билан ҳамфикр бўлиб дарду ташвишларини тинглаганмикан? Ёки ана шу фуқаролар истеъмолга яроқсиз сувларни ҳовуздан олиб қайнатиб болаларига ичираётганидан хабари бормикан? Шу ҳудуд номидан халқ депутатлари туман, вилоят кенгашларига сайланган депутатлар мана шу ҳудудларни обдон ўрганиб, кенгашга масала қўйганмикан? Хуллас, саволлар поёнсиз. Жавобга келганда эса...
Унчалик ишонмасакда, мутасаддилардан мана шу кўтарилган муаммолар юзасидан аниқ таҳлилларга асосланган жавоб кутамиз.
Элёржон ЭҲСОНОВ