Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

So`ngi habarlar:
Biz tarmoqlarda:

Фармацевтика соҳасида белгиланган вазифалар ижроси қониқарли эмас

Фармацевтика соҳасида белгиланган вазифалар ижроси қониқарли эмас

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 6 февраль куни фармацевтика соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар натижадорлигини таҳлил қилиш, истиқболдаги долзарб вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълумот берди.

     Йиғилишда соҳадаги ишлар танқидий таҳлил қилиниб, белгиланган вазифалар ижроси қониқарли эмаслиги таъкидланди. Жумладан, фармацевтика корхоналарининг аксариятида замонавий технологиялар умуман қўлланилмайди, дори субстанциялари ишлаб чиқаришга умуман эътибор йўқ, деди Шавкат Мирзиёев. Корхоналар тўлиқ циклда маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш ўрнига, ҳали ҳам асосан хориждан тайёр маҳсулотларни олиб келиб, қадоқлаш билан шуғулланаяпти.

      Йиғилишда таъкидланганидек, мавжуд 94 та корхонадан 12 тасигина маҳсулотининг бошқа давлатларда тан олинишини таъминлайдиган GMP - “яхши ишлаб чиқариш амалиёти” халқаро сертификатига эга. Буни кенгайтириш бўйича тармоқ раҳбариятида ташаббус етишмаяпти. Оддий мисол, йиллар давомида қизилмия илдизини чуқур қайта ишлашга умуман эътибор берилмаган. Ўтган йил охирида Қорақалпоғистонга ташриф давомида топшириқ берилганидан кейингина Қизилмия етиштирувчилар ва қайта ишловчилар уюшмаси тузилди.

     Бу масалани алоҳида назоратга олиш кераклиги, ҳамма фақат ёввойи қизилмия илдизини йиғиш билан шуғулланмасдан, плантацияларни ташкил этиш ва илдизни чуқур қайта ишлаб, дори субстанциялари ва воситалари ишлаб чиқаришга ўтиш зарурлиги қайд этилди.

         Йиғилишда давлат томонидан барча имкониятлар яратилганига қарамай, бу борадаги ишларни ташкил этиш суст кечаётгани, айрим муаммолар ҳамон сақланиб қолаётгани танқид остига олинди.

      Хусусан, дори воситаларига эҳтиёжни аниқлаш тизими ва мавжуд эҳтиёж бўйича аниқ маълумотлар базаси яратилмаган. Жорий йилда мингта ижтимоий дорихона ташкил этиш бўйича ҳали натижали иш қилинмаган.

       Фармацевтика йўналишида 7 та эркин иқтисодий зонани ташкил этиш бўйича фармон қабул қилинганига 9 ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, ҳали биронтасининг ҳудудида иш бошланмаган. Уларнинг бош режалари тасдиқланмаган, муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилмаган.