Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Фаровон ҳаётимиз ва тараққиётимиз пойдевори

Фаровон ҳаётимиз ва тараққиётимиз пойдевори
Наргиз ХАЛИЛОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
 
Мустақил юртимизда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг бош ҳуқуқий асоси Асосий қонунимиз – Конституциямиздир.
Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек, Конституция тўғрисида, унинг маъно-мазмуни ва устувор тамойиллари ҳақида гапирар эканмиз, Асосий қонунимизда биринчи навбатда шахс манфаатларининг давлат манфаатидан устун этиб белгилангани, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрлаб қўйилганини, юртимизда тинчлик ва тотувлик ҳукм сураётгани, аҳоли фаровонлиги йилдан йилга юксалиб бораётгани, ҳар бир фуқаронинг ҳаёти янгича мазмун билан бойиб, кишилар онги ва тафаккурида ижобий ўзгаришлар рўй бераётгани Конституция меъёрлари ҳаётга татбиқ этилаётганининг ёрқин далолатидир.
Конституцияда ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги ва ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланиши белгилаб берилди. Айни пайтда барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги шароитида истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлиги, хусусий мулкнинг бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги кафолатланди.
Ўтган 25 йиллик тарихий даврда Конституциямиз мамлакатимиз, халқимиз ҳаётининг барча соҳаларини тартибга солаётган миллий ҳуқуқий тизимимизнинг асосий манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, ушбу ҳужжат инсон ҳуқуқлари, эркинлик­ларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш кафолатларини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлганини таъкидлаш зарур. Зотан, тарихан қисқа даврда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди.
Мустақил Ўзбекистон Конституцияси туфайли мамлакатимизда истиқлол йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғулари юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.
Давлатимиз халқаро ҳуқуқ нормаларига мос, хорижий мамлакатларнинг илғор ҳуқуқий тажрибасига, аждодларимизнинг бой маънавий меросига ва халқимизнинг урф-одатлари, сиёсий ва ҳуқуқий тажрибаларига асосланган миллий ҳуқуқ тизимига эга бўлди. Энг муҳими, Конституциямиз юртимизда барпо этилаётган инсонпарвар, адолатли ва демократик ҳуқуқий давлат ва унинг ҳуқуқий тизимининг назарий ҳамда ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликлари билан дунё­га келади. Асосий қонунимизда ҳам ана шу ҳуқуқ ва эркинликлар энг олий қадрият экани белгиланиб, мустақиллик йилларида уларни сўзсиз таъминлаш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Хусусан, ундаги нормалар асосида судларнинг мустақиллиги ва эркинлигини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари амалга оширилди. Бундан кўзланган мақсад инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишдан иборатдир. Асосий қонунимизнинг 43-,44-моддаларида давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаши белгиланди, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланди. Бундан ташқари, 19-моддада фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз экани, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги алоҳида таъкидланди.
Ўтган давр мобайнида Бош қомусимизга бир неча муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, мукаммаллик касб этганини ҳам алоҳида эътироф этиш зарур. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 2017 йил 28 мартда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан Конституцияга киритилган ўзгартириш ва тузатишлар Конституциянинг мазмун ва моҳияти, мақсад ва вазифаларига дахл қилмаган ҳолда, аввало, суд тизимини ихтисослаштириш ҳамда такомиллаштириш жараёнини кенгайтириш, судлар вазифаларини янада аниқроқ белгилаб, уларнинг мустақиллигини амалда кафолатлашни таъминлашни ўзида акс эттирди. Шунинг­дек, мазкур қонун 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Харакатлар стратегияси, уни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга ошириш бўйича Давлат дастурида белгиланган вазифалар, яъни суд тизимида қабул қилинаётган ҳар бир қарор қонуний, адолатли ва асосли бўлишига эришиш, судларнинг чинакам мустақиллиги ва одил судловга аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш, мамлакатда ягона суд амалиётини жорий этиш, суд тизимини бошқариш вазифаларининг такрорланишини бартараф этиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларининг ишончли суд ҳимоясини таъминлаш, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида киритилгани билан аҳамиятлидир.
Амалдаги суд тизимида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий Хўжалик судининг мавжудлиги суд тизимини бошқариш вазифаларининг такрорланишига, ягона суд амалиёти таъминланмаслигига олиб келган эди. Очиғини айтиш керакки, суд ҳокимиятининг юқоридаги икки олий органининг бир пайтнинг ўзида фаолият олиб бориши қонун ҳужжатлари талабларини бир хилда қўлланишида қийинчилик ва мураккабликни келтириб чиқарарди.
Бир-бирига ўхшаш масалалар юзасидан турлича қарорлар қабул қилиниши ҳолатлари ҳам юзага келган эди.
Юқоридаги қонун билан суд тизими такомиллаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди ва шу муносабат билан Конституциянинг 83, 93, 107 ва 111-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Бизга маълумки, Конституциянинг 80-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мутлақ ваколатлари белгиланган бўлиб, унинг 4-бандида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судини сайлаш ҳақидаги норма мавжуд эди. Ушбу норма “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раисини тайинлаш” деб янги таҳрирда баён қилинди.
Конституциянинг 93-моддаси 13-14-бандларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Конституциявий суд раиси ва судьялари, Олий суд раиси ва судьялари, Олий хўжалик суди раиси ва судьялари лавозимларига номзодларни тақдим этиши, вилоят, туманлараро, туман, шаҳар, ҳарбий ва хўжалик судларининг судьяларини тайинлаши ва лавозимларидан озод этиши ҳақидаги нормалар мавжуд эди. Конституцияга киритилган ўзгартиш­ларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарлари Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Рес­публикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, туман (шаҳар), туманлараро судлари судьялари эса Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Кенгаш томонидан лавозимга тайинланиши ва лавозимдан озод этилиши тартиби белгиланди.
Конституцияга киритилган ўзгартишлардан яна бири 81-модда 7-қисмида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, республика Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди раислари, Бош прокурори иштирок этиши мумкинлиги белгиланган нормадаги “Олий хўжалик суди” деган сўзлар ҳам “Судьялар Олий кенгаши” деган сўзлар билан алмаштирилди.
Конституциянинг 83-моддасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга субъектлар кўрсатилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокурор, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ва Олий суди билан бир қаторда Олий хўжалик суди ҳам санаб ўтилган эди. Ушбу моддадан ҳам “Олий хўжалик суди” деган сўзлар чиқарилди.
Конституцияга киритилган бу ўзгартириш ва тузатишлар ҳозирги кунда давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти тармоқлари ўртасида янада мутаносиб ҳамда барқарор мувозанатга эришишни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Халқимиз буюк мақсадлар, эзгу ниятлар билан яшаш қандай юксак марраларга, муваффақиятларга ва олий саодатга олиб келишини яхши билади. Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, деган тамойил халқимиз ҳаётида, турмуш даражаси ва сифатининг изчил ўсиб бораётганида яққол ифодасини топмоқда. Шу боис Ватанимиз мустақиллигининг қадрига етиш, уни мустаҳкамлаш учун курашиш ҳар биримизнинг фуқаролик, фарзандлик бурчимиздир.