Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ФЕРМЕРЛАР СИҲАТГОҲИ истиқлол айёми арафасида ишга тушади

ФЕРМЕРЛАР СИҲАТГОҲИ истиқлол айёми арафасида ишга тушади
Маълумки, Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифидан сўнг ҳудудларда фойдаланилмай бўш турган бинолар инвестиция мажбуриятлари эвазига “ноль” харид қийматида берилиши белгиланган эди. Айни кунгача тақдим этилган қатор лойиҳалар орасидан истиқболлилари танлаб олиниб, аллақачон қурилиш-реконструкция ишлари бошлаб юборилган. Ана шундай лойиҳалардан бири Хонободда республикада ягона ихтисослашган “Фермерлар сиҳатгоҳи”ни барпо этишдир.
Лойиҳа ҳақида икки оғиз сўз. Бир қанча давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида тайёрланган “Кескин континентал иқлимий шароитда фермерларни тиббий-иқтисодий-ижтимоий соғломлаштириш дастурини яратиш ва экохимия усулларини ишлаб чиқиш” мавзуидаги инновацион ишланма фермер хўжаликлари раҳбарлари, мутахассислари, ишчи-хизматчиларининг, жумладан, нафақагача охирги ўн йилликда меҳнат қилаётганларнинг саломатлигини тиклаш, шу йўл билан меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадларини ўзида ифода этади. Сиҳатгоҳ учун Хонобод шаҳридаги “ноль” харид қийматида сотилиши белгиланган “Берёзка” меҳмонхонаси танланди.
  Ушбу лойиҳа Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг фармойишига кўра, давлат буюртмаси мақомига эга, – дейди “Мадалбеков” МЧЖ раҳбари Х. Мадалбеков. – У икки босқичда амалга ошириляпти. Биринчи босқич “Оқсув” ва “Бахт, имкон, ривож” илмий-экспериментал фермер хўжаликлари базасида тажриба тариқасида муваффақиятли ўтказилди. Профилактика технологияси эса Андижонда амалга оширилади ва ихтисослашган сиҳатгоҳда давом этади.
Мамлакатимизда ягона бўлган “Фермерлар сиҳатгоҳи” мустақиллигимизнинг 26 йиллик тўйи арафасида фойдаланишга топширилади.
Ўз мухбиримиз