Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ФИДОЙИ, ШИЖОАТЛИ, ИШБИЛАРМОН

ФИДОЙИ, ШИЖОАТЛИ, ИШБИЛАРМОН
хотин-қизлар ўртасида ўтказилган кўрик-танловнинг республика босқичида ана шундай эътироф қайта-қайта таъкидланди
Ҳунарманд кишиларнинг саодатманд чеҳрасига, заҳматли меҳнат чизгилари – қадоқ қўлларига ҳеч разм солганмисиз? Ёки бунёд бўлаётган асари жараёни мобайнида ҳеч кузатганмисиз? Меҳнатсеварлик, мамнунлик, хотиржамлик, шукроналик уфуриб туради уларнинг юз-кўзларидан. Демак, ЭНГ БАХТЛИ ОДАМ – БУ ҲУНАРЛИ ОДАМДИР!

Куни кеча Ўзбек миллий академик драма театрида бўлиб ўтган “Ишбилармон аёл – 2017” кўрик-танловининг ҳал қилувчи босқичини кўриб, кузатиб ана шундай оддий хулосага келдик.
Театрнинг кириш залида ишбилармон аёллар ўз маҳсулотлари – қалб тафтини қўшиб етиштирган мева ва сабзавот, полиз ҳамда дуккакли экинлардан намуналар, нафис матолар, улардан тикилган бежирим уст-бош, оёқ кийимлари, кўрпа-тўшаклар, ётоқхона жамланмаси, заргарлик буюмлари, шифобахш чойу неъматларни кўз-кўз қилишди. Кўргазмага қўйилган ҳар бир маҳсулот эътиборни тортади. Чунки бу маҳсулотлар биз бундан 15-20 йил муқаддам кўрган ва фойдаланган либослар эмас, аксинча, замонавий дид, безаклар билан уйғунлашган, янада қулай, бежирим бўлса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам янгича навлардан тайёрлангани учунми, аввалгилардан-да ранго ранг ва кўркамроқ.
– Дастлаб, 1994 йилда 7,5 миллион сўм миқдорида кредит олиб фаолиятимизни бошлаган эдик, – дейди Навоий вилоятидаги “KarmanaDASD” хусусий корхонаси раҳбари Дилором Астонова. – У пайтлар ҳозиргидай йилига 270-300 миллион сўм соф фойда олишни ҳатто хаёлимизга ҳам келтирмас эдик. Барчаси биз тадбиркорларга давлатимиз томонидан қаратилаётган эътибор ва имконият натижаси, деб биламан. Қайси фаолият тури бўлмасин, албатта, бир нечта имтиёзлар ажратилган. Мана, масалан, ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйганимизда икки йилгача ягона давлат солиғидан ва коммунал тўловларининг ярмидан озод қилинганмиз. Ҳозирда  кунига 10 минг дона пишган ғишт, шпатлёвка, полимер шиферларини ишлаб чиқаряпмиз. Энг қувончлиси, бу каби маҳсулотларимизни туманимизда барпо этилаётган намунали, арзон уй-жойлар қурилишига етказиб беряпмиз. Бу билан чекланиб қолмасдан, автомашиналарга сервис хизмати кўрсатиш, боғдорчилик ва бедана етиштириш билан ҳам шуғулланамиз.
– 2010 йилдан буён фермер сифатида фаолият юритиб келаман. Бугунга келиб, ишчиларимиз сони 71 нафарга етди, – дейди Наманган вилоятидаги “Короскон Дурдона” кўптармоқли фермер хўжалиги раҳбари Нодира Маматова. – Асаларичилик, боғдорчилик, паррандачилик, қорамолчиликка ихтисослашган хўжалигимизда бу йил пиллачиликни ҳам йўлга қўйдик. Натижада яна 17 нафар коллеж битирувчисини иш билан таъминладик. Ўзимиз етиштираётган пиллани қайта ишлаб, каштачиликни ҳам ривожлантириш ниятидамиз. Ҳозирда маҳалламиз қизларини кашта тикишга ўргатяпмиз. Ишлар қизғин.  Бугунги ютуқлардан руҳланиб, режаларимни имкон қадар тезроқ ҳаётга татбиқ этиб, бунданда юксак марраларни қўлга киритишга ҳаракат қиламан.
– Бугунги танловга туя жунидан тайёрланган кийим-кечаклар билан иштирок этяпман, – дейди учқудуқлик тадбиркор Зебинисо Шарипова. – Яхши биламизки, азалдан халқ табобатида туянинг сутидан тортиб, жунигача самарали фойдаланиб келинган. Мисол учун, оёғи оғрийдиган кишилар мана бу пайпоқни кийиб юрсалар, дарддан фориғ бўлишади, нимча эса беланги, умуртқа касалликларида шифодир. 18 йилдирки, бизнинг маҳсулотларимизга талаб ортса ортдики, асло камайгани йўқ. Айниқса, Наманган ва Андижон вилоятларидан харидорларимиз талайгина.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилган танловнинг бу йилги шаҳар ва вилоят босқичларида 15 минг нафардан зиёд тадбиркор, ишбилармон ва фермер аёллар иштирок этди! Вилоят босқичларида фаол иштирок этиб ғолибликни қўлга киритган 57 нафар тадбиркор ва фермер аёллар респуб­лика босқичига етиб келишди.
Хуллас, бир-биридан ажойиб, энг муҳими ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намойишини ҳамкор ташкилотлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси аъзоларидан иборат бўлган ҳакамлар ҳайъати холисона кўриб чиқиб, уларни очиқлилик, адолатлилик принциплари асосида баҳолаб боришди.
– Партиямиз дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур танлов Ўзбекистон Фермерлари Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди, – дейди  O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Севара Муслимова. – Танловнинг ҳудудий босқичларида мамлакатимизнинг энг чекка, олис туманларидаги тадбиркор ва фермер хотин-қизлар қамраб олганлиги ва янги иқтидор эгалари кашф этилганлиги эътиборга молик. Иштирокчиларнинг аёлларимиз учун қўшимча янги иш ўрни яратгани, фаолият туридан келиб чиқиб экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳолига кўрсатаётган хизматининг сифати ҳамда фаолиятида ҳаётга йўналтириб келаётган инновацион ғоялари ҳам баҳолашда алоҳида эътиборга олинди.
Ниҳоят, ҳаяжонли лаҳзалар бошланди. Негаки, ғолибликка даъвогарларнинг барчаси совриндор бўлишга ҳақли эди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева фахрли 1-ўринни эгаллаган Сирдарё вилоятидаги “Санжар Алимардон Умид” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Асалхон Давронова ҳамда Навоий вилоятидаги “Кармана ДАСД” хусусий корхонаси ва “Олтин тола” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилором Астоноваларга танлов дипломи ҳамда қимматбаҳо совғаларни тантанали суръатда топширди.
Чортоқ  туманидаги “Короскон Дурдона” фермер хўжалиги раҳбари Нодира Маматова ҳамда  Яккабоғ туманидаги “Сетора имкон плюс” нодавлат таълим муассасаси раҳбари  Наргиза Саломова 2-ўринга лойиқ кўрилди.
Пойтахтлик  Шоҳида Хожиева ҳамда Тошкент вилоятидан Раънохон Бобоева 3-ўринни эгаллади.
Шунингдек, турли номинациялар –  “Замонавий тадбиркор аёл портрети”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантираётган фермер аёл”, “Ташаббускор аёл” каби номинациялар бўйича ҳам  ғолиблар аниқланди. Уларга партия ва ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
 
/////////////////////     СЎЗ ҒОЛИБЛАРГА!     ////////////////////////

 

Асалхон Давронова,

Сирдарё вилоятидаги

“Санжар Алимардон Умид” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари,

1-ўрин соҳибаси:

 

– Фермер деган номнинг ўзи инсонга катта масъулият юклайди. Бунда ишнинг кўзини билиш – даромад манбаи. Шу соҳанинг нонини еб, суягим қотди. Қийинчиликлар мени янги марралар сари етаклади. Фаолиятимнинг илк даврида уруғларнинг кўкариб чиқиши, мўл ҳосил бериши учун жазирамани ҳам, қаҳратон совуқни ҳам писанд қилмадим. Булар бари бесамар кетмади. Буғдой, пахта, пилла етиштиряпман. Шу кунларда мош, қовун-тарвуз, бодрингларимизни экспорт қиляпмиз.    

Фермерлик ҳаракати фидойи замондошларимизнинг ғайратини тошириб, меҳру саховатини ошириб юборди. Ўйлаб қоламан, 26 йил олдин ким эдигу, бугун ким бўлдик? Ернинг қатидан хазина топиб, эл-юрт фаровонлигига ҳисса қўшаётган хотин-қизларимиз билан фахрланаман. Ташкилотчилик, ишбилармонлик қобилиятига эга хотин-қизлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирок этаётгани жудаям қувонарли ҳол. Келгусида янги тармоқларни ишга тушириш, аҳолига хизмат кўрсатишни кенгайтириш ниятида изланмоқдаман.

 

Наргиза Саломова,

Қашқадарё вилоятидаги “Сетора имкон плюс”

нодавлат таълим муассасаси раҳбари, 2-ўрин соҳибаси:

 

– Аёлнинг бахти – орзуларининг ушалишида. Мен ана шундай инсонлардан бириман. Мактабда ўқиган кезларимда ҳунар ўргатадиган барча тўгаракларда қатнашиб, уйга кеч қайтар эдим. Устозларим берган илму тарбияни ўз вақтида қалбимга жо қилганим учунми, бугун тадбиркорман.

Биргина ўтган йилнинг шу даврига қадар 4 мингдан зиёд хотин-қизларни турли соҳаларда ўқитиб, касбга йўналтирдик. Энг қувончлиси, бизнинг муассасамизда таҳсил олган опа-сингилларимизнинг кўпчилиги бугун мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ишбилармонлар.

Марказимиз қошида “Аслзода” келинлик либослари дўкони, тикув цехи, гўзаллик салони очганмиз. Тикув цехининг ўзида 20 нафарга яқин қиз-жувонларнинг бандлиги таъминланган бўлиб, маҳалламизда истиқомат қилувчиларнинг буюртмалари асосида миллий кийимлар, костюмлар, келинлик либослари тикаяпмиз. Маҳалла-кўй, қўни-қўшниларим ҳавас қиладиган севимли ишим бор. Камтарона меҳнатларим муносиб баҳоланиб, бугун ғолиблар сафидан жой олдим. 

 

Санобар Воҳидова,

Самарқанд вилоятидаги “Шамсиддин Бибихоним” МЧЖ раҳбари,

“Битирувчи қизларга энг кўп иш ўрни яратган ишбилармон аёл”

номинацияси ғолиби:

 

– Инсон нимагадир қатъий интилса, албатта кўзлаган мақсадига етар экан. Болалигимда дўкон пештахталарида кўзларни яшнатиб турган торт ва ҳар хил ширинликларни кўрсам, татиб кўргим келар, ўз навбатида шуларни ўзим пиширишни, ўзгаларга завқ улашишни ният қилардим. Бир куни сотувчидан “Булар қандай пиширилади”, деб сўраганимда, жилмайиб “Катта қиз бўлганингда билиб оласан”, дея жавоб қайтарганди. Кейинчалик, ўзим шу соҳанинг бошини тутганимда, ҳар бир касбнинг ўзига яраша сир-асрори борлигини англаганман.

2009 йилда тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтдим. Тўғри, дастлаб айрим қийинчиликларга ҳам дуч келдим. Аммо ота-онам ва яқинларимнинг кўмаги менга далда бўлди. Дастлаб 10 киши билан иш бошлаган бўлсак, айни пайтда 60 нафар хотин-қиз билан баҳамжиҳатликда ишламоқдамиз. Уларнинг 80 фоизи коллеж битирувчиларидир.

Ҳозир маҳаллий бозорларга 30 турдан ортиқ пишириқлар етказиб бераяпмиз. Шунингдек, мева-сабзавотларни қайта ишлаш цехимизда турли мевалардан мурабболар тайёрлаяпмиз. Хуллас, ҳаракатимиз бесамар кетмаяпти. Маҳсулотларимиз ўз харидорини топаётир. Келгусида ишларимизни янада кенгайтириб, махсус ширинликлар сотиладиган дўкон очиш ва кўплаб қизларни иш билан таъминлаш ниятидаман.

 

Сайёра ЖЎРАЕВА,

Бухоро шаҳридаги “Севинч Текс Сервис” масъулияти чекланган жамияти ижрочи

директори,“Замонавий тадбиркор аёл портрети” номинацияси ғолиби:

 

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга тобора катта эътибор қаратиляпти. Мустақил фаолият юритишга бел боғлаган инсонлар учун барча имтиёз ҳамда шарт-шароитлар яратилган. Корхонамиздан қиёс: банкдан бир неча бор кредит олиб, қайта жиҳозлаш, қўшимча иш ўринлари очишга муваффақ бўлдик. Бу эса янгидан-янги ютуқларга йўл очмоқда.

Ҳозирги вақтда 19 нафар киши доимий иш билан банд бўлиб, бўз тўқишга мўлжалланган дастгоҳларимиз сони 30 тага етди. Иш тартиби икки сменада ташкил этилган. Қизларимизга қулайлик яратиш мақсадида махсус транспорт хизмати йўлга қўйилган.

Яқинда Хитойдан 20 та замонавий дастгоҳ олиб келиш учун шартнома имзоладик. Бу дегани, келгусида яна 12 та янги иш ўрни яратилади. Бугунги кунда маҳаллий бозорларга маҳсулотлар чиқараётган бўлсак, 2018 йилдан бошлаб Қозоғистон, Қирғизистонга экспорт қилиш ниятидамиз.

 

Раъно Бобоева,

Янгийўл туманидаги “Неъматжон олмалари”

фермер хўжалиги раҳбари, 3-ўрин соҳибаси:

 

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Ишбилармон аёл” лойиҳаси вилоятларимизнинг энг сара тадбиркор ва фермерларини бир жойга тўплади. Бу фақатгина танлов эмас, балки опа-сингилларимиз учун ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтайди. Бунинг самарасида эса кўплаб иқтидорли хотин-қизлар ўз бизнес лойиҳаларини илгари суриб, қўшимча иш ўринлари яратиш, коллеж битирувчилари ўртасида бандлик даражасини оширишга муносиб ҳисса қўшишади.

Мен 2009 йилдан буён зотдор қуёнчиликни ривожлантириб, аҳолини парҳезбоп гўшт билан таъминлаб келяпман. Еримизда экиладиган полиз экинлари мавсумга қараб, Янгийўл тумани ва Тошкент шаҳар бозорларига тарқатилади. Пиллачиликда ҳам айтишга арзирли ютуқларни қўлга киритдим. Тадбиркор бўламан, бойийман деган одамга катта имкониятлар мавжуд. Энг муҳими эса ана шундай имтиёзлардан оқилона фойдалана олишдадир. 

Буларнинг ҳаммаси биз, тадбиркорларга кўрсатилаётган юксак эътибор, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-хотиржамлик самарасидир. Шуни унутмайликки, мамлакатимиз тақдири ва келажаги учун барчамиз масъулмиз.

 

Сўнгсўз ўрнида

Донолардан бири  айтган экан: “Эр кишини саводли қилиш – бир эркакни саводли қилишни, бир аёлни саводли қилиш эса, бутун бир авлоднинг саводли бўлишини англатади”.

Демак, юртимизда тадбиркор, оқила, шижоатли  аёлларимизнинг кўпаяётгани келгуси авлодларимизнинг нималарга қодир бўлишини англатиб турибди. Ахир, келажагимиз ана шундай ёшларни кутмоқда!

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

Дилноза НОМОЗОВА,

Солижон ЗОИРОВ (суратлар)

XXI asr” мухбирлари