Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Фокусчи оддий томоша билан кўзни боғлайди. Сиёсий партиядагилар эса...

Фокусчи оддий томоша билан кўзни боғлайди. Сиёсий партиядагилар эса... Қурол билан бир ёки бир неча давлатни босиб олиш мумкин. Моҳирона ирод этилган нутқ билан эса бутун дунёни бўйсундириш тарихда ўз исботини топган. Cўз инсон онгини эгаллаш учун асосий восита, ҳамма гап ўша яроқни тўғри қўллай билишда!

–  Сиёсий партия тизимида фаолият юритаётган ҳар бир ходим нотиқлик кўникмасига эга бўлиши лозим, – дейди "Нотиқлик санъати академияси" таълим муассасаси директори, партия аъзоси Раҳимбой Жуманиёзов. – Бунинг учун ҳам иқтидор керак, мен тўртта гапни ҳам эплаб айтолмайман, дейдиганлар хато қилади. Аксарият етакчилар ўз фикрини эркин ифода этолмайди. “Мен тилчимасман, чиройли сўзлай олмайман”, дея ўзини чегаралаб қўяди. Ҳатто тутилиб гапирадиганлар ҳам такрор машқлар натижасида оммани оғзига қаратиб қўядиган даражага эришиши мумкин.

Инсон қалби ва онги учун кураш кетаётган бир пайтда сўз асосий қуролга айланган. Чуқур билим ва маърифатли бўлишнинг ўзи камлик қилади, воизлик маҳорати орқали фикр етказиш санъатини ҳам эгаллаш лозим. Нотиқлик, аввало, ишонтириш санъатидир. Бунинг учун далилларга бой, асосланган таъсирли нутқ зарур.  Ҳар қандай мафкура омма онгига тўғри сингдирилгандагина, қудратли кучга айланади.

Инсон миясида 86 миллиард нейрон тўқимаси бор. Ҳар секундда ҳужайралар бир-бирига минглаб маълумот етказади. Нотўғри, асоссиз, уйдирма фикрлар вирус каби мияни заҳарлайди. Натижада дунёқарашда кескин ўзгариш бошланади. Фокусчи оддий томоша билан кўзни боғласа, воиз таъсирчан нутқ билан мияни авраб қўйиши мумкин. Шу боис сўз сеҳри ва таъсир кучига алоҳида аҳамият бермас эканмиз, миллий ғоя моҳиятини етказиш, тарғиб этишда оқсаш юзага келаверади.

Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар, деб бежиз айтишмаган. Мазмунли нутқ, аввало, мавзуни чуқур ва атрофлича ўрганишни талаб этади. Фикрлаш равон бўлса, сўзлаш ҳам равон бўлади. Мавзуга дахлдор маълумотларни тўплаш, далил ва асосларни йиғиш ҳамда таъсирчан усулда етказиб беришга эътибор қилиш зарур. Бунинг учун эса мунтазам изланиш, айниқса, китоб ўқиш ва фикрларни эмас, фикрлашни ўрганиш муҳимлигини доимо ёдда тутиш лозим.

Партия фаоллари таъсирли ва мазмунли нутқлари билан оммани ўз ғоя ва мақсадларига ишонтиролса, шу йўлда саъй-ҳаракат қилишга илҳомлантира олса, сиёсий кучнинг сайловолди дастуридаги устувор вазифаларини адо этишига  жуда катта мадад бўлади.

Чарос ЁҚУБОВА

суҳбатлашди.