Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Фракция таклифлари 2019 йилги Бюджетномада акс этди

Фракция таклифлари 2019 йилги Бюджетномада акс этди

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур соҳага давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Мисол учун, 2018 йилда 9,6 триллион сўм маблағ йўналтирилди.

Бу эса 2017 йилга нисбатан қарийиб 3 триллион сўмга кўпдир. Яна бир аҳамиятли жиҳати, дори воситалари ва тиббий буюмлар учун 2018 йилда 2016 йилга нисбатан 4 баробардан ортиқ маблағ ажратилди.

Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Соғлиқни сақлаш соҳасига масъул этиб белгиланган. Депутатларимиз ҳудудларда ўтказилаётган ўрганишлар давомида кўплаб масалаларни жойида ҳал этиш, тизимли масалаларга эса қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритиш орқали ечим топишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга ўрганишларда аниқланган айрим масалаларнинг ҳал этилиши бир мунча чўзилмоқда. Бу аксарият ҳолларда соҳага ажаратилаётган маблағлар билан боғлиқдир.

Ана шундай масалалардан бири O‘zLiDeP фракцияси ташаб­буси билан ҳал этилди.

Гап шундаки, фракция аъзоларининг жойлардаги ўрганишлари  давомида айрим тиббиёт муассасаларида қаттиқ ва юмшоқ мебелларнинг эскирганлиги ёки етишмаслиги, шу билан бирга даволанаётган беморларнинг чойшаблари йилда камида 3 марта алмаштирилиши ўрнига бир марта янгиланаётганлиги ёки йўқлиги каби масалалар аниқланган. Мазкур масала юзасидан депутатларимиз томонидан мутассадиларга қилинган мурожаатлар жавобсиз қолаётган эди.

Ўтган бир ҳафта мобайнида парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, шунингдек, қўмиталар йиғилишларида Ўзбекистон Респуб­ликасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари кенг муҳокама қилинди.

Юқоридаги масала O‘zLiDeP фракцияси йиғилишидаги муҳокамалар чоғида депутатлар томонидан молия вазирлигига таклиф сифатида киритилган эди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 17 ноябрь куни 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларига бағиш­лаб ўтказилган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан фракциямиз аъзоларининг билдирган таклифи инобатга олингани, 2019 йил Бюджетномасида тиббиёт муассасаларида қаттиқ ва юмшоқ мебеллар, чойшаблар учун режалаштирилаётган 30 миллиард сўм маблағга қўшимча 75 миллиард сўм, жами 105 миллиард сўм маблағ ажратилиши маълум қилинди.

Тоир САЛИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатасидаги O‘zLiDeP
фракцияси ижрочи котиби