Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Фракциянинг йил сарҳисоби

Фракциянинг йил сарҳисоби

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ўтказди. Унда O‘zLiDeP депутатлик корпусининг 2018 йилдаги фаолияти бўйича журналистларга атрофлича маълумот берилди.

Брифингда таъкидланганидек, ўтган йили қонун ижодкорлиги самарадорлигини яхшилаш йўлида қатор чора-тадбирлар кўрилган. Агар 2016 йилда O‘zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида бор-йўғи 7 та қонун лойиҳаси киритилган бўлса, 2017 йилда ушбу рақам 18 та, 2018 йилда эса... 12 тани ташкил этди.

Парламент назоратини амалга ошириш ишлари ҳам сифат жиҳатидан ўзгарди. Жумладан, ўтган давр мобайнида Президентимиз таклифлари асосида Қонунчилик палатаси мажлисларида “ҳукумат соати” доирасида ҳукумат аъзоларининг, фракция йиғилишларида турли идоралар ва муассасалар раҳбарларини эшитиш механизми жорий этилди.

O‘zLiDeP ташаббуси билан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг республика аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ҳудудларда аҳоли бандлиги масаласида йўл қўйилаётган расмиятчиликларни бартараф этиш, аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талабни ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги, Қишлоқ хўжалиги вазирининг 2018/2019 йиллар куз-қиш даврида аҳолини барқарор нархларда ва узлуксиз равишда асосий турдаги қиш­лоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда бу борадаги захирани шакллантириш юзасидан амалга оширилаётган ишларнинг бориши тўғрисидаги фаолияти юзасидан ахборотлари эшитилди. Хуллас, ҳисобот даврида жами 14 та эшитув ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда парламентга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини бажариш борасида бир қатор ижобий ишлар олиб борилиб, иккала концепцияни ҳаётга тадбиқ этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Юқоридагилардан ташқари, “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги”, “Ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги”, “Yoshlar – kelajagimiz” ҳамда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурлари ижроси устидан парламент ва депутатлар назорати амалга оширилди.

Брифингда фракция аъзолари томонидан турли вазирлик, идора ва ташкилот раҳбарларига жами 113 та депутатлик сўрови юборилганлиги қайд этилди. Таъкидлаш лозимки, O‘zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан бу йўналишда анчагина фаоллик сезилмоқда, жумладан, 2016 йилда бор-йўғи 2 та депутатлик сўрови юборилган бўлса, 2017 йилда ушбу рақам 104 тага, 2018 йилда эса 113 тага етганлигини кузатиш мумкин.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг ўтган даврдаги фаолиятига бағишланган ахборот маълумот учун қабул қилинди. Йўл қўйилган камчиликлар кўрсатилиб, уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Жаҳонгир АБДУРАҲИМОВ