Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Фурсат ғаниматдир...

Фурсат ғаниматдир...

Машҳур шоиримизнинг ҳаммамизга ёд бўлиб кетган машҳур шеъридаги ушбу сўзларни ҳар гал ўқиганимда Вақт аталмиш тенгсиз бойликнинг нақадар азиз ва қадрли эканини англагандек бўламан.

Ватанимиз тарихида ўзига хос саҳифага айланаётган 2017 йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган Мурожаатномаси, айтиш мумкинки, кейинги чорак асрдан кўпроқ унутилмас даврнинг ўзига хос бурилиш нуқтаси бўлди.

Нафақат мамлакатимиз халқи, балки хорижий давлатларда яшаётган ва бизнинг юртимиздаги тарихий ўзгаришларга хайрихоҳ бўлган таниқли сиёсатчилар, зиёлилар, хуллас, кўпчилик ушбу Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини ижобий баҳолашяпти. Неча йиллардан бери ўттиз миллиондан кўпроқ аҳолини ўйлантириб келган ва илк бора давлат раҳбари томонидан ошкор этилган бор ҳаётий ҳақиқатлар турлича талқин этилаётгани ҳам рост.

Мен бир оддий журналист сифатида кенг қамровли Мурожаатноманинг бевосита ўз соҳамизга боғлиқ айрим жиҳатлари хусусида тўхталмоқчиман. Юртбошимиз республикамизда бугун 1 минг 500 дан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатаётгани, улар мулк шакли, йўналиши, ахборот узатиш воситаларига кўра турличалиги, барчасига ҳам юқори малакали кадрлар кераклигини бежиз таъкидламади.

Ҳақли савол туғилади: хўш, аслида бу рақам озми, кўпми? Оз дейдиган бўлсак, ўзи шундоғам журналистикада кадрлар масаласи аянчли аҳволдалигини инобатга олганда, соҳанинг эртаси не кечаркин? Кўп дейилганда-чи? Устозимиз Сафар Остонов таъбири билан айтганда, ҳатто ишга кириш учун ёзаётган аризасини ғиж-ғиж имловий хатолар билан тўлдираётган дипломли, ёш журналистлар билан қандай ишлаш мумкин? Бу билан ижодга ҳавасманд йигит-қизларнинг ҳаммаси саводсиз, иқтидорсиз, маҳорати паст даражада дейиш фикридан йироқман, албатта.

Ҳақиқат шуки, иқтидорли ёшларнинг аксарияти дуч келаётган энг оғриқли муаммо битта – пойтахт пропискаси масаласидир! Олий ўқув юртларининг журналистика йўналиши дипломини қўлга киритган йигит-қизлар орасидан, халқ ибораси билан айтганда, боқса одам бўладиган қаламкашларни топиш тонналаб қум қатидан зар заррасини илғашдан мушкул бўлса мушкулдирки, асло осон эмас. Афсуски, адабиёт ва журналистикани севадиган, қўли қаламга келиб қолган, энг асосийси, тажрибали устозлар таҳсилини олиб, нуфузли нашрларда ишлашни ният қилган кам сонли истеъдодларнинг аксариятини ҳам ана шу прописка важи билан қайсидир маънода бой бериб қўйяпмиз. Бор умидлари армонга айланган, яшин тезлигида ўтиб кетгувчи “вақтинчалик прописка”дан зада бўлган умидли кадрлар, айниқса, бирор тилни биладиган ёш журналистлар дипломини қўлтиқлаб... она қишлоғига эмас, хориж­га жўнаб кетади! Ёки бўлмаса, мўмай маош таклиф қилган бошқа бир идорага ишга жойлашади. Чет элда биздагидек етти пуштигача сўраб-нетишмайди, дуч келган жойда “Прописканг борми?” деяверишмайди... Ёшларимиз хорижда ҳам интеллектуал йўналишда малакали кадрга айланса-ку яхши, дипломини сандиққа ташлаб қора ишнинг бошини тутиб кетаётган истеъдодларга ачинасан киши. Бу масаланинг бир жиҳати.

Иккинчи тарафи, яна бир муҳим омил оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий аҳволи билан боғлиқ. Ҳозирги кунда, сир эмас, тажрибали журналистларнинг (қирқ ва олтмиш ёш орасидагиларни назарда тутяпман) аксарияти камида икки-уч, ҳатто тўрт-беш жойда асосий штатда, ўриндош бўлиб ёки шартнома бўйича ишлайди. Куч-ғайрати, билим ва маҳорати ҳам шунга яраша сочилиб кетади. Ўйлашга, фикрлашга, изланишга умуман вақти қолмайди. Нега? Сабаби оддий – ойлик маошлар кам! Бюджет таъминотидаги ОАВлар саноқли. Қолганлари ғалати равишда тоифага ажратилаётган “марказий”, “партия нашрлари”, “кўнгилочар”, МЧЖ ва ҳоказо кўринишларда ўз аравасини эплаганича тортиб ётибди. Алалоқибат, ҳозир малакали журналист-мухбирдан кўра... Бош муҳаррирлар кўпроқ!

Янада ачинарлиси, на тайинли муассиси, на-да ўқувчиси бўлган нашрлар ой сайин, йил сайин кўпайса кўпаймоқдаки, камаяётгани йўқ. Исталган бир тижоратчи пул топиш илинжида газета-журнал очволиб, ҳаваскор қўшиқчиларга ўхшаб ўзи бош муҳаррир, ўзи мухбир, ўзи дизайнер бўлиб макулатурани кўпайтириб ётибди. Қандайдир йўллар билан мажбурий-ихтиёрий обунани дўндириб олишга эришсалар, олам гулистон...

Миллий журналистикамиз жамиятда ўз иродасини, ижтимоий институтлар орасидаги мустаҳкам ўрнини кўрсата олмагани, асосий вазифасидан чекингани соҳадаги кўплаб муаммоларнинг, жумладан, кадрлар тақчиллигининг бирламчи сабабларидан бўлса, ажаб эмас. Охирги пайтларда журналистика факультетларига ҳужжат топшираётган абитуриентлар нисбатида чини билан шу соҳага қизиқадиган йигит-қизлар ва “ўқишга кириш осонлиги” (ижодий имтиҳонда турли йўллар билан юқори баллни қўлга киритиш имконини назарда тутишади) важидан амал-тақал қилиб талабага айланиш истагидаги ёшлар мувозанатида кейинги палла кўпроқ тош босаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Билимли абитуриентлар оқими жиҳатидан журналистика факультетлари иккиламчи, учламчи... поғоналарга тушиб қолгани афсусланарли, албатта. Кириш имтиҳонидаёқ талабалар чертиб-чертиб танлаб олинмаганидан кейин таълим самарадорлиги ҳақида ҳам ўйлаб гапиришга тўғри келади.

Давлатимиз раҳбари тили билан айт­ганда, юқори малакали кадрлар тайёрлашдек кенг кўламли вазифани талаб даражасида ҳал этадиган таянч олий ўқув юрти мамлакатимизда мавжуд эмас. Шу муносабат билан Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университетини ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Ҳозирданоқ айтиб қўя қолайлик, янги олий таълим муассасасидаги ўқув ишлари мавжуд факультетлар қолипида давом эттирилса, кутилган натижага эришишимиз даргумон. Бу университетда таълимнинг каттагина қисми худди тиббий билим масканларидагидек бевосита амалиёт билан чамбарчас боғланиши, таҳририятлар кафедраларнинг, кафедралар эса таҳририятларнинг ажралмас бўлагига айланиб кетиши керак. Бўлажак журналистларга умрида икки энлик мақола ёзмаган педагоглардан кўра амалиётчи журналистлар кўпроқ сабоқ бергани ўн карра фойдали ва самарали экани айни ҳақиқат. Ана шунда олий таълимни тугаллаган йигит-қизлар матбуотга ишга кириш учун яна ойлаб, баъзида йиллаб кўникма орттиришга мажбур бўлмайди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси билан танишган ҳар бир киши мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги ҳаётига дахлдор энг долзарб ислоҳотларда ўзининг ҳам бевосита иштироки муҳимлигини чуқур ҳис этади. Ватан равнақи, халқ тақдири билан боғлиқ жараёнларга оддий томошабин бўлиб ўтириш вақти ўтди. Абдулҳамид Чўлпон таъбири билан айтганда, денгиз ва куч эканлигимизни англаш фурсати етди. Давлат раҳбарининг “Уйғонинглар!” деган даъвати фақат депутат ва сенаторлар ёки давлат идоралари вакилларига эмас, шу юртни, шу элни севган ҳар бир инсон учун ҳам улуғ бир чорлов мисоли янгради. Буюк келажак деб аталмиш муаззам иморатга бир ғишт қўйиш учун ҳар дам ғаниматдир.

Норқобил ЖАЛИЛОВ