Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

«Ғарб назарида: Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар кутилмоқда»

«Ғарб назарида: Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар кутилмоқда»

  Президентимизнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномаси нафақат халқимиз, балки дунё жамоатчилигида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Негаки, мазкур мурожаатнома мустақилликка эришганига 26 йил бўлган Ўзбекистон давлатининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида улкан ўзгаришлар ва туб бурилиш даврига йўл очди, дея хабар бермоқда uza.uz “Ғарб аҳлида ҳам умид уйғотган мурожаат” муносабат-мақоласида.

         Мазкур материал айни кунларда шуниси билан аҳамиятлики, Ўзбекистонда юз бераётган ўзгариш, дадил ва умидбахш ислоҳотлар ўз таъсир кучи билан Океан орти ва Европа халқларида чинакамига қизиқиш уйғота бошлади. Узоққа бормайлик,  BBC журналисти Ибрат Сафо муқаддам “Ўзбекистон деган давлатни биласизми? У қаерда жойлашган” каби саволлар билан Лондон кўчалари бўйлаб одамларга мурожаат қилган, уларнинг аксарияти эса “билмайман” қабилида жавоб қайтарган эди. Ишонамизки, эндиликда бу тасаввур, бу қараш ўзгарган. Ва яна ишонамизки, ташқи сиёсатимизда тамал тоши қўйилаётган очиқлик ва ошкоралик келгусида янада кенг қулоч ёзиб бораверади.  Қуйида uza.uz сайтида эълон қилинган муносабатларни келтирамиз.

 

Навбаҳор Имомова,

“Америка овози” телерадиоси журналисти,

Вашингтон.

– Бир гуруҳ ватандошлар билан Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини томоша қилдик. Тўғрисини айтганда, ҳеч биримиз бу мурожаатни 4 соат давом этишини кутмаган эдик. Мурожаат кўпчилик эътироф этганидек, барча мавзуни жамлаган ўзига хос маъруза бўлди. Ватандошлардан бирининг сўзи билан айтганда, “Президент Ўзбекистондаги ҳамманинг дардини айтишга улгурди”. 

АҚШда йилига бир марта давлат раҳбари халқ ва конгрессдаги вакиллар олдига чиқиб мурожаат қилади ва ҳисобот беради. Ҳисобот ва мурожаатнинг орасидаги фарқ ўзи қандай, деб сўрашингиз мумкин. Гап шундаки, Президент ҳар сафар гапирганида у кимгадир ёки қайсидир қатламга мурожаат қилади. Лекин бу мурожаат нимадан иборат бўлиши қизиқ. Айрим ҳолларда у эълон ёки изоҳ бўлиши, айрим ҳолатларда эса шарҳ ҳам бўлиши мумкин. Лекин мурожаат деганда Қўшма Штатларда асосан ҳисобот назарда тутилади. Чунки, демократик давлат ва жамиятларда раҳбарлар ўзини халқ олдида масъул деб ҳисоблайди. Ўзини халқ хизматидаги шахс деб билади. 

Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳам ўз Мурожаатномасида халқ ҳукуматга эмас, ҳукумат халққа хизмат қилиши керак, ҳукумат халқнинг хизматидаги органдир, деб қайта-қайта таъкидлади. Ва бу борадаги гапларни олдин ҳам Ўзбекистон Президентидан бир неча бор эшитганмиз. Очиғини айтганда, мана шу гаплари билан Ўзбекистон раҳбари Ғарбда катта умидлар уйғотмоқда. Ғарб назарида Ўзбекистонда жиддий ислоҳотлар бошланган ва айтиш жоизки, мамлакатда улкан ўзгаришлар кутилмоқда. 

Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга қизиқадиган сиёсий доиралар, айниқса, иқтисодий, бизнес доиралар сўнгги бир йилда олиб борилган ўзгаришларни кузатиб келмоқда. Чунки улар Ўзбекистондаги ўзгаришларга қараб қарор қабул қилади. 

Албатта, мазкур мурожаат ўзбек тилида бўлгани учун барча америкаликлар тўғридан-тўғри эшитмаган бўлса-да, тегишли манбалар, ижтимоий тармоқлар орқали эшитиб, айниқса, тегишли доиралар, дейлик Давлат департаменти, Оқ уй, Пентагон, умуман, Марказий Осиё билан шуғулланадиган даргоҳлар, албатта, Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг халққа нима дегани билан қизиқади. Улар “...ўзгаришлар, аввало, Ўзбекистон халқига керак, биз кузатувчимиз, биз ҳамкормиз, шерикмиз. Бу мамлакат қанчалик ривожланса, бизга ҳам шунчалик яхши”, дейишмоқда. 

Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев ўз даврининг биринчи йил якунида кутилмаган равишда Олий Мажлис олдига чиқиб халққа мурожаат қилгани, ўз сиёсатини тушунтиргани, айтиш мумкинки, Ўзбекистонда ҳам сиёсий бир анъана бошланганидан дарак бермоқда. Ўша эркин жамиятлар раҳбарлари ҳар йили қиладиган мурожаатини Ўзбекистонда ҳам мунтазам кўриш мумкин, деган умид уйғонмоқда. Албатта, сиёсатни тушунтириш одамларга ёқади. 

Маълумки, эркин демократик жамиятларда ўз сиёсий позициялари хақида давлат раҳбарлари оммавий ахборот воситаларига тез-тез интервьюлар бериб туради. Мана энди умид қиламизки, Ўзбекистон раҳбари ҳам нафақат маҳаллий, балки чет эл ахборот воситаларига, хусусан, мен ишлайдиган “Америка овози” билан ҳам интервью қилади, бизнинг ҳам саволларимизга жавоб беради келажакда. 

* * *

 

Паҳлавон Содиқ,

Би-би-си журналисти, bbcuzbek.com муҳаррири


– Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг нутқидан бир кун олдин хабар топдик. Биз буни онлайн мулоқот тарзида бўлади, деб кутгандик. Аммо биз кутган форматда бўлмаса-да, Президентнинг нутқи танқидийлиги ва қамрови жиҳатидан бизнинг кутишларимиздан ошиб тушди. Ва албатта, давомийлиги билан ҳам. Менинг ўзим нутқни Лондон вақти билан эрталаб соат 5.30 дан томоша қилишни бошладим ва нутқ бошланиши билан Би-би-сининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида унга ҳавола бердик. Ўн минглаб Би-би-си тингловчилари ва муштарийлари Ўзбекистон Президентининг нутқини жонли эфирда томоша қилишди. Шавкат Мирзиёевнинг танқидий чиқишлари янгилик эмас. Президент ҳокимиятнинг барча органлари ва бошқарувнинг барча бўғинлари фаолиятини ўз чиқишларида танқидий таҳлил қилиб келаяпти, аммо 22 декабрь кунги Мурожаат аввалгиларидан ҳам танқидийроқ эди. Бу сафар Президент ўзини ҳам аямади. "Бир хиллар айтиши мумкин, сен 13 йил бош вазир бўлиб ўтириб, шуни билмаганмисан, билганман, лекин жуда атроф чатоқ бўлган", деди Президент нутқ матнидан четга чиқиб. Шавкат Мирзиёевнинг танқидчилари 13 йил давомида ҳукуматга раҳбарлик қилгани ва мамлакатдаги аянчли аҳволга биринчи навбатда унинг ўзи масъул эканини айтиб келишади ва бу ўринли танқид. Президент охирги чиқишида ана шу танқидларга жавоб берди. Яъни якка шахс томонидан бошқарилган ҳокимият вертикалида нафақат парламент, жамоатчилик ёки сайловчи, ҳатто давлатнинг иккинчи рақамли одами бўлган бош вазир ҳам ўз сўзига эга эмасди. Шавкат Мирзиёев мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги жамоатчиликка "мен ана шу бошқарув услубини ўзгартираман", деган муждани беряпти. 

Президентнинг ўзи ҳам бунга изоҳ бергандек бўлди. Мамлакатда "тийиб туриш ва мувозанат" тизими ишдан чиққанлигини айтди. Бу Мурожаатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири эди. Ҳокимиятнинг бир идора қўлида жамлангани ва ортиқ бунга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. Таъкидлабгина қолмай, ўтирганларга "буни ёдда тутинглар", дея уқтирди. Президент биринчи марта Миллий хавфсизлик хизматини танқид қилди. Ҳозиргача бу идора танқидлардан четда қолиб келаётганди. Танқид МХХнинг туман, шаҳар ва вилоят бошқармаларига қаратилди, аммо умумият-ла, МХХ ислоҳ қилиниши кераклиги айтилди. Бу Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён унинг ички сиёсатга доир энг муҳим баёноти эди. Баёнотни аниқ қадамлар таъқиб этадими, ҳозирда шу муҳим. Сўз ва иш бирлиги муҳим. Бу каби танқидлар марҳум Президент бошқарувининг илк йилларида ҳам янграган, аммо амалиётда мутлақ тескариси бўлган эди. Яна бир муҳим жиҳат: Президент амалдорларни, айниқса, собиқ ҳукумат мулозимларининг кўпчилигини коррупция ва бошқа жиноий ҳаракатларда баралла айблаяпти. 

Агар Президент кимнидир жиноятда айбласа, тергов ва суд идоралари бунга қонуний баҳо бериши керак. Президент инвестицион лойиҳаларнинг талон-тарож қилингани ҳақида гапирди, аммо аниқ рақамларни келтиргани йўқ. Гап миллиардлаб доллар халқ маблағлари ҳақида бораётган бўлиши мумкин. Бу маблағлар халққа қайтарилиши керак ва жамоатчилик, матбуот бунинг учун зарур ҳуқуқий процедураларни бошлашни талаб қилишдан чекинмаслиги керак, назаримда. Битта одам, у Президент бўлса ҳам, ҳамма нарсани ўзгартиролмайди. Жамоатчилик фикри, қўллови, айниқса, матбуот ва журналистларнинг фаоллиги муҳим. Матбуот Президентни мақташ бўйича пойгага ўтиб кетмаслиги керак. Президентнинг нутқини танқидий таҳлил қилиши тўғрироқ бўлади, деб ўйлайман. Айримлар Шавкат Мирзиёевнинг нутқини Уинстон Черчиллнинг 1946 йилдаги Фултон нутқига қиёслашди. Мен бу каби муқояса қилишга шошмаган бўлардим. Черчиллнинг нутқи "Фултон нутқи"га айлангунича орадан бир неча ўн йил вақт ўтган, бунгача унинг ўзи "шуҳратпараст" ва "ҳаётдан узилган" раҳбар, дея истеъфога мажбурланган. Фақат вақт Черчиллнинг нутқига баҳо берди. Шунга ўхшаб, Шавкат Мирзиёев Мурожаатига ҳам энг яхши ҳакам вақтдир. 

Менга қолса, матбуотда Президентни мақташга камида икки йиллик мораторий эълон қилган бўлардим. Президентнинг ўзи икки йиллик фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу матбуотга ҳам жорий этилса, яхши бўларди. Чунки матбуотимиз сўз эркинлиги деганда кўпроқ ҳукуматни мақташни тушунади. Ҳар ҳолда, яқин ўтмишда шундай эди. 

22 декабрь куни мени Би-би-си Жаҳон хизматининг инглиз тилидаги дастурларидан бирига Шавкат Мирзиёевнинг нутқи ҳақида гапириб бериш учун таклиф қилишди. Бошловчининг биринчи саволи "Ким бу одам, қандай раҳбар?" деган савол бўлди. Би-би-сининг аудиторияси катта ва бу каби савол табиий эди. Мен Шавкат Мирзиёевни ўзим билганимча таърифладим ва у ўзининг ўтмишдошиникидан фарқли бошқарув услубини намойиш этишга уринаётганига урғу бердим. Бу муҳим эди. Чунки ўтмишда Ўзбекистондаги сиёсий бошқарув борасида дунёда жуда ҳам салбий фикр шаклланган. Бу фикрни ўзгартириш учун Шавкат Мирзиёев ҳали бир эмас, бир нечта "Фултон нутқлари"ни қилиши керак бўлади ва бундан ҳам муҳими, қатъий сиёсий иродани намойиш этиши лозим бўлади. Дунё матбуоти сўнгги чорак асрда Ўзбекистонда ижобий ўзгаришларни кўрмагани боис, Шавкат Мирзиёев қўяётган қадамларни эҳтиёткорлик билан олқишлаяпти. Ғарб журналистлари уларни ҳатто "ғалати ўзгаришлар" деб ҳам таърифлашмоқда. Мана, жаҳон нашрларининг сарлавҳаларидан бир нечтаси: "Ўзбек баҳори келди, аммо ёзгача ҳали кўп бор" ("Экономист", 14 декабрь, 2017 йил), "Бир пайтлар ёпиқ ва репрессив Ўзбекистон дунёга очилмоқда" ("Нью-Йорк Таймс, 25 октябрь, 2017 йил), "Ўзбекистонга қайтиш: илиқлашув бўладими?" (BBCNews, 22 ноябрь,2017 йил), "Бу Ўзбек баҳорими?" (RFE/RL, 16 июл, 2017 йил). Жаҳон матбуоти ва жамоатчилиги Ўзбекистондаги ўзгаришларни яқиндан кузатмоқда. Ҳозиргача, кўпроқ яхши ният ва яхши баёнотларни кўраяпмиз. Ўзгаришлар бор, аммо ҳали улар муқаррар, орқага қайтмайдиган нуқтага етганича йўқ. 

22 декабрь кунги Мурожаати билан Шавкат Миромонович Мирзиёев мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги жамоатчиликни ўзгаришларнинг самимийлигига бир қадар ишонтирди. Аммо ишонқирамаётган, скептик жамоатчилик ичкарида ҳам, ташқарида ҳам бор. Улар аниқ қадамларни кутаяпти. Масалан, мамлакат қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбусларни озод қилиш, айбсизларни реабилитация қилиш, қийноқларга буткул барҳам бериш, сўз, матбуот ва ифода эркинлигини кафолатлаш, хорижий ва мустақил сайтларга қўйилган тўсиқларни дарҳол олиб ташлаш, сиёсий мухолифатга йўл бериш, дин эркинлигини кенгайтириш, яқин ўтмишда йўл қўйилган хатолар ҳақида баралла гапириш ва уларга сиёсий баҳо бериш. Булар кўп нарса эмас. Инқилоб ҳам эмас. Булар нормал, тараққий қилишни истаган жамиятнинг атрибутлари, холос. Шавкат Мирзиёев ҳам назаримда муаммо борми, ҳал қилиш керак, деган прагматик бир мантиқдан келиб чиқаяпти. Ортиқча пафосга берилаётгани йўқ. Буларнинг ҳаммаси умид уйғотадиган ишоралардир.