Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“Газчи”нинг ниқоби ечилди

“Газчи”нинг ниқоби ечилди

Эшик олдида турган йигит хонадон соҳибасига ўзини газ идорасиданман, деб таништирди. Мезбоннинг таклифини кутмай остона томон қадам қўйган одамни уй бекаси беихтиёр ошхона томон бошлади. Бу ерда газ плитасига кўзи тушмагач, "текширувчи" дарров "қоидани бузибсиз-ку!", деди.


Газ плитасининг ошхонадан балконга кўчирилгани белгиланган қоидага зидлигини ўзи ҳам яхши билган Лола опа айб устида қўлга тушганидан хижолат бўлиб, довдирай бошлади. Шуни кутиб турган ходим энди аста "ҳужум"га ўта бошлади. "Энди уйингизни газ тармоғидан узамиз, ўзингизга каттагина жарима ёзаман". Йўқ жойдан чиққан ташвишдан ҳуши бошидан учай деган бека эса қаршисидаги йигит ҳақиқатан газ идорасининг ходимими ёки йўқми, буни ўйлаб ҳам кўрмай, унга ялинишга тушди: "ундай қилманг, ука, бирор йўли бордир, ахир?"

Шу саволни кутиб турган "текширувчи" дарров муддаога ўтди: "Майли, сиз учун бир иложини қиламиз. Сизга ўзи 1,5 миллион сўм жарима ёзишим керак эди. Лекин ярмини берсангиз, қолганини ўзим тўғрилайман, газингиз ҳам узилмайди". Аёзли кунларда гази узилмаслигини эшитишнинг ўзиёқ аёлга катта мадад бўлди. У ҳеч иккиланмай айтилган пулни олиб чиқди.

Орадан икки кун ўтиб пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи бу аёлнинг эшигини яна газ идораси ходимлари тақиллатди. Аёл шундагина фирибгарга чув тушганини англади. Л.Алиеванинг аризаси асосида ҳуқуқ-тартибот органлари тезкор-суриштирув ишларини олиб борди. Кўп қаватли уйнинг ён-атрофини лентага муҳрлаган видеокузатув мосламаси хотирасини кўздан кечириш натижасида фирибгарнинг шахси аниқланди. У Яшнобод туманида истиқомат қилувчи Ж.Ҳ. бўлиб чиқди. Унга нисбатан тегишли органлар томонидан жиноят иши қўзғатилди, деб воқеа ҳақида uza.uz сайти хабар беради.

Аслида бундай бўлмаслиги мумкин эди. Аёл эшикни очгач, келган одамнинг ҳужжатини сўраши, бор бўлса, туман газ идорасига қўнғироқ қилиб, шундай шахс ишлайдими ёки йўқми аниқлаши лозим эди. Эътирозларни қонунан ҳал этишга ҳаракат қилиши, жарима тўлаши зарур бўлса, тегишли квитанция ёзиб беришни талаб қилиши шарт эди.

Булар ҳаётда талаб этиладиган жуда оддий қоида ва шартлар. Лекин айрим соддадил юртдошларимиз буни арзимас икир-чикир, деб ўйлайди. Шундан кўра кўз ўнгида турган одамга ишониб қўя қолади. Баъзилар қонунни четлаб бўлса ҳам озгина фойда кўрсам, дейди. Лекин кейин икки баравар зиён кўришини тарозига солиб кўрмайди.