Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Гидропоника-субстракт усулида етиштирилган помидор кўчатидан юқори ҳосил олинмоқда

Гидропоника-субстракт усулида етиштирилган помидор кўчатидан юқори ҳосил олинмоқда

Интернет тармоқлари орқали шаҳрихонлик фермернинг гидропоника-субстракт усулида помидор-бодринг етиштираётгани тўғрисидаги хабар тез тарқалди. Унга қизиқувчилар сони ошди. Бугун “Универсал агро люкс” фермер хўжалигидан  турли жойлардан тажриба ўрганувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қадами узилмай қолди.

Санжарбек Раҳимов эндигина 29 ёшни қаршилаган ёш фермерлардан. Аммо ер билан тиллашишдаги тажрибаси унча-мунча ёши улуғ деҳқонникидан қолишмайди. Асли мутахассислиги иқтисодчи бўлган йигит зиёли оилада вояга етди. Олий ўқув юртини тамомлагач, тумандаги “Имрон медикал сервис” хусусий шифохонасида ҳисобчи бўлиб ишлади. Бироқ барибир унинг фермерликка қизиқиши интернет тармоқларидан янги технологияларни ўрганишга, намуна олиб нималарнидир “ясаб” кўришга тортаверди.

Елкасида отанинг қўли...

Санжарбек янги технология­лар асосида деҳқончиликни мақсад қилди. Бу борада отаси Абдумажид Раҳимовнинг кўмаги айни муддао бўлди. Касби шифокор бўлишига қарамай, Абдумажид ака катта томорқасини яшнатиб қўйган. Замонавий иссиқхона технологияси борасидаги ташаббус ҳам дастлаб Абдумажид акадан чиқди. Ўғлини ёнига олиб, йўл-йўриқ кўрсатди. Санжарбек қувониб кетди – ёнингда қўллагувчинг бўлса, қийинчиликлар писанд эмас.

Шу ўринда пурмаъно ривоят ёдга келади. Бир ота ўғлини ёнига чорлаб, елкасига қўлини қўйиб, “Дунёда ким энг зўр?” деб сўрабди. “Мен!” дебди фахр билан фарзанд. Иккинчи марта сўраб ҳам ота ўша жавобни олибди. Ҳафсаласи пир бўлганини билдирмай, эшик томон юрган ота яна бир марта ортига ўгирилиб, саволини такрорлабди. Шунда ўғил: “Сиз!” дебди. Ота илкис бошини кўтариб, нима сабабдан икки мартадан кейин фикри ўзгарганини сўрабди. Фарзанднинг жавоби отани қалқитибди: “Икки марта сўраганингизда қўлингиз елкамда эди, учинчи мартасида эса мендан олисда эдингиз!”

Санжарбек ҳам елкасида отасининг қўлини, дилида далдасини ҳис қилиб иш бошлади. Ўшанда 2015 йилнинг баҳори эди. Туман ҳокимлиги захирасидаги ер майдонидан унумли фойдаланиш таклифи акс этган бизнес лойиҳасини мутасаддиларга кўрсатганида, улар йигитчанинг ўз мақсадини амалга ошира олишига унчалик ишонишмаганди. Бироқ Санжарбек қатъият билан ҳаракат қилди. Ҳужжатларни тайёрлашга икки йил кетди. Ниҳоят, 2017 йилнинг апрель ойидан асосий иш бош­ланди. Жаҳон тараққиёт банкидан 500 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиб, уни “Янги Ваҳим” массивидаги 1 гектар майдонда иссиқхона қуришга сарфлади. Жанубий Кореянинг “Майсон плакон” компанияси билан имзоланган шартнома асосида вилоятда биринчи марта гидропоника-субстракт усулида 21 минг помидор кўчати инновацион технология асосида парваришлана бошланди.

Гидропоника – юқори ҳосил ва катта даромад

Шу ўринда гидропоника тушунчасига изоҳ бериб ўтиш мақсадга мувофиқ. Бу атама  тупроқсиз, фақат озуқа моддалар билан тўйинтирилган сув ёрдамида деҳқончилик қилишни англатади. Ўсимлик томири сув ичида ривожланади.

Тилга олинган хўжаликда помидор уруғи кокоснинг қуриган поясига жойлаштирилган субс­трактга экилган бўлиб, ўсимликнинг униб-ўсиши давомида барча зарур ўғитлар шприц ёрдамида юбориб турилади.

– Иссиқхонамизда ҳосилга кирган помидорларнинг “Тори” навини Туркиядан келтирганмиз, – дейди Санжарбек Раҳимов. – Бошида фақат помидор эккан бўлсак, энди бодринг ва қулупнай ҳам етиштиряпмиз.

Иссиқхонада жорий этилган совутиш технологияси жазирама кунларда ривожланишдан тўхтайдиган ўсимликлардан ҳам доимий ҳосил олиш имконини беради.

Шу йили фермер хўжалиги ёнига икки гектардан иборат янги иссиқхона қурилди. Хўжалик иш бошлаганида ишчилар сони 20 нафарни ташкил қилган бўлса, бугунга келиб 80 нафарга етди. Таъкидлаш керакки, фермер ишчи танлашда ҳудуддаги коллеж битирувчилари, вақтинча ишсиз ёшлар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оила вакилларига эътибор қаратди.

Фаолият самарадорлиги ҳар қандай мутахассисни янги ғоя­лар сари етаклайди. Шу йилнинг апрель ойидан Санжарбек Раҳимов “Универсал агро люкс”га ёндош ҳудудда “Помидор агро люкс” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилди ва Жанубий Кореядаги тадбиркор билан қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг шартномани имзолади. Фирма тасарруфидаги 6 гектар майдонда жойлашган замонавий иссиқхоналарда помидор, бодринг, қулупнай, булғор қалампири экиш йўлга қўйилмоқда.

Вилоятда катта экспорт салоҳиятига эга тадбиркорлик субъекти сифатида тан олинаётган хўжалик ўтган қиш мавсумида Москва, Санкт-Петербург шаҳарларига 300 минг АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилди.

Зилола РАҲМОНОВА,

“XXI asr” мухбири