Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Гол уриш учун ҳам математикани билиш керак!

 Гол уриш учун ҳам математикани билиш керак!

              Математика фанини хуш кўрувчилар кўпчиликни ташкил этмаса керак.
Айниқса, ижодкорлар орасида. Халқимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуф “Математикани ёмон кўраман”, дея ёзган эди. Агар унинг Дилфуза Йўлдошевадек ўқитувчиси бўлганидами, балки бу мисра “Математикани яхши кўраман”, дея битилармиди...

             Пойтахтимиздаги 287 мактабда ташкиллаштирилган тадбир ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида алгебра, геометрия билимларига эҳтиёж борлигини эслатиб ўтди.  Шифокор ҳам, ҳайдовчи ҳам, қурувчи-ю сузувчи, ҳаттоки сиёсатчилар ҳам... Математика ўқитувчиси Дилфуза Йўлдошева бошчилигида 6-7 синфлар томонидан уюштирилган ижодий кечада математиканинг спорт, санъат ва адабиёт билан уйғунлиги яққол очиб берилди.

             Тадбир аввалида алгебра фани асосчиси Ал-Хоразмийнинг дунё илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссаси, кашфиётлари эслаб ўтилди. 6-синф ўқувчиларининг фан ва унинг терминларини ўзбек, рус ва инглиз тилларида шеърий таништириши барчага илиқ кайфият берди. 

            Аудитория билан интерактив ўйин­лар олиб борилди. Жумладан, “Ким кўпроқ арифметик формула билади?”, сўроғи остида ўтказилган беллашувда кўнгиллилар орасида 7-а синф ўқувчиси Хадича Ҳасанова ғолибликни қўлга киритди. “Ширин саволлар” ўйини ҳам қизиқарли ўтди. Унда ўқувчилар ўзлари танлаган ширинликка ўраб яширилган саволларга жавоб беришди. Кичик синф билимдонлари ушбу ўйинда фаоллик кўрсатишган бўлса, спорт турларида ишлатиладиган фанга оид терминлар ҳақидаги саволлар ҳозиржавоблар томонидан жавобсиз қолдирилмади.

           Сўнг саҳнага бир гуруҳ ўқувчилар чиқиб келиб, футбол ўйнай бошлашди. Ҳаракатлари давомида 11 метрлик жарима тўпи, марказ, айланма ҳаракат каби спорт ва математикага оид терминларни келтириб, яхши спортчи бўлиш учун ҳам билим кераклигини таъкидлашди.

           – Ҳаттоки гол уриш учун ҳам, масофани, дарвозани чамалай олиш лозим. Бунинг учун ҳам билимга эҳтиёж сезамиз, – дейишди 7-синф ўғлонлари. – Агар футболчиларимиз ҳам математикани яхши ўзлаштиришса, жаҳон чемпионатларида албатта, ғалабага эришишади. Келажакда ана шундай футболчи бўлмоқчимиз.

              Меҳмонлар – “Odil Junior” болалар футбол клубининг бош мураб­бийи Рауф Инилеев ва Тошкент шаҳар футбол федерацияси етакчи мутахассиси Бахтиёр Ибрагимов ҳам ушбу фикрни қўллаб-қувватлашди.

              – Бу фан бизга нимага керак, математик ёки ҳисобчи бўлмаймиз, дей­диган ўқувчиларим кўп эди, – дейди Дилфуза Йўлдошева. – Уларнинг қай касбга қизиқиши билан танишиб чиқдим ва дарсларимни ўша касбларга боғлаб ўтадиган бўлдим. Ўқувчиларимнинг ўзлаштириши анча яхшиланди.

                Дарвоқе, кечада  ҳаттоки, мусиқий чиқишларда ҳам математик амаллардан фойдаланилгани қизиқарлидир. Болаларнинг самимиятга йўғрилган чиқишларини кузатар экансиз, ўқувчининг фанни ўзлаштиришида муаллимнинг роли муҳим эканлигига яна бир бор амин бўласиз.

                                                                                                                                        Чарос ЁҚУБОВА,

“XXI asr”   мухбири