Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ГУЛ ВА КИТОБГА МЕҲР ҚЎЙГАНМАН

ГУЛ ВА КИТОБГА МЕҲР ҚЎЙГАНМАН
дейди Шароф Рашидов туманидаги  “Холмўминов Зоҳид” фермер хўжалиги раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳибаси Шарофат НОРИЕВА
Шарофат опа, мукофот муборак бўлсин!
– Ташаккур!
– Эшитишимча, сизни Жиззахда ободликни севадиган, маърифатли аёл деб мақташаркан. Бунинг боиси нимада?          
– Ҳеч эсимдан чиқмайди. Бир куни тунда дадам ва ойимнинг ғала-ғовур суҳбатидан уйғониб кетдим. Ойим кўзларида ёш билан “катталар” келаётгани, зудлик билан гулларни таг-томири билан суғуриб ташлаш кераклигини айтди. Отам шоша-пиша кийинганча, гулзор – туманимиздаги ташландиқ жойда барпо этилган сўлим гўша, одамлар ҳордиқ чиқарадиган масканга қараб югуриб кетди. Сўнг... гулзорни тракторда  ҳайдаб, гулларни янчиб ташлади. Болалигимни эсласам, ўша воқеа хаёлимда гавдаланаверади.
Аслида у пайтларда гулни сотиш, ундан даромад кўриш хаёлимизга ҳам келмаган. Шунчаки, қалб ройиши билан ўстирганмиз, уларни. Байрамларда онам хилма-хил гулдаста ясаб берар ва биз уларни уруш қатнашчилари, кексалар, беморларга уйма-уй юриб, улашар эдик. Энди ўйласам, ойим бизга одамларнинг кўнглини олиш ва шундан хурсанд бўлишга ўргатган экан.
Отамерос одатлар барибир кундалик турмуш тарзимизга аста-секин ўтар экан. Кўзим кўриб қотган ҳунарни зиммамга олиб, уйимизнинг битта хонасини иссиқхона қилдик. Қандай қилиб дейсизми? Бир том остидаги хоналардан бирининг устини алоҳида очдик-да, полни олиб ташладик. Ерга ишлов бериб, ҳар хил гул, кўкатлар экдик. Ҳаммаси биз кутгандан-да аъло бўлди.
Йигирма йил аввал илк бора меҳнатим маҳсулини бозорга олиб чиқдим. Қарангки, ўша пайтларда Жиззах вилояти ҳокими лавозимида ишлаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев тегишли ташкилот раҳбарлари билан бирга бозорни айланиб юрган эканлар. Ҳамма билан бир-бир кўришиб, суҳбатлашиб келдилар. Мен билан ҳам дилдан савол-жавоб қилдилар-да, шундай дедилар: “Янаям каттароқ жойга гул экинг, ҳамма жойни боғу бўстон қилишда сизларнинг ёрдамингиз керак бўлади!”
Бу қанотли даъватдан илҳомланиб, шу йили вилоятимиздаги “Ўрда” истироҳат боғига ўтқазиш учун гул кўчатлари етказиб бериш бўйи­ча бир миллион сўмлик шартнома имзоладим ва буни уддасидан чиқдим! Тасаввур қиляпсизми, у вақтлари бу сумма каттагина даромад эди! Бир-икки ой ўтиб, боғни болаларим билан сайр қилиб юрар эканман, атрофга хушбўй ҳид таратиб турган анвойи гуллар барқ уришида ҳиссам борлигидан бошим кўкка етди.
Хуллас, тинимсиз ҳаракатлар билан мана бугун катта тадбиркорга айландим. 2010 йилда “Флора гуллари” масъулияти чекланган жамиятига асос солдик. 80 турдан ортиқ гулларни етиштириб, гўзаллик шайдолари қадам ранжида қиладиган дўконларга тарқатдик. Ютуқ келганда шукр қилдим, муаммолар қошида довдираб қолмадим. Оила аъзоларим билан бирга қўлни-қўлга бериб, олға қадам ташладик. 2012 йилда  “Холмўминов Зоҳид” кўп тармоқли фермер хўжалигини ташкил этдик. Деҳқончилик, қуёнчилик, чорвачилик, йилқичиликда ҳам юқори марраларга эришдик.
Сиз ҳақингизда сўз очилса, қўни-қўшниларингиз, танишларингиз Шарофат ниҳоятда китобсевар деб таъриф беришар экан. Бунинг боиси нимада? 
– Очиғини айтайин сизга, Гул ва Китобга меҳрим бўлакча. Иккисисиз бу дунёда яшолмасам керак.
Ўзим мутолаани севганим учун ҳам фермер хўжалигимиз жойлашган дала шийпонимизда  уч мингга яқин китобни ўзида жамлаган кутубхона ва ўқув маркази ташкил қилдик. Ўқув марказимизда тикувчилик, ҳайкалтарошлик, инглиз, рус тили саводхонлиги бўйича болалар таҳсил олиши мумкин. 15 нафар фидойи ўқитувчини жалб қилмоқчимиз. 
Инсон ишлаган сари режалари кўпаяверар экан. Хориждан 180 миллион сўмлик дастгоҳ сотиб олиш бўйича шартнома имзоладим. Қарабсизки, тикув цехи очсак,  22 нафар коллеж битирувчисини банд қиламиз, қўямиз. 
Яна бир режам – полиз маҳсулотлари етиштирадиган иссиқхона қуриб, йилига уч марта ҳосил олиш. Бу 80 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлади, дегани-да.
Гапнинг очиғи, юртмиизда ишлайман деган катта-кичик тадбиркорларга яратиб берилган шарт-шароитлар, имтиёзлар туфайли юзимиз ёруғ бўляпти, мароқ билан ишлаяпмиз.
Байрам арафасида бизнинг уйимиз, маҳалламизда тўй-томоша бошланиб кетди. Менинг ҳам камтарингина меҳнатим қадрланиб, юртбошимизнинг фармони билан “Шуҳрат” медалига муносиб кўрилибман. Бу хушхабарни эшитиб, кўзларимга севинч ёшлари келди. Бундай эътибордан бошим осмонда, қўлим кўксимда. Бир аёл эришиши керак бўлган бахт бундан ортиқ бўлмайди.
“XXI asr” мухбири
Дилноза НОМОЗОВА
суҳбатлашди