Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Ҳалол меҳнат қилиб, ФАРОВОН ЯШАНГ

Ҳалол меҳнат қилиб, ФАРОВОН ЯШАНГ
Бугун касб-коридан ортиб, бирим икки бўлсин, дея қўшимча даромад топишни ўйлаб юрганлар кўп. Бу йўлда кимдир ўзини савдога урса, яна биров деҳқончиликка, боғ-роғлар яратишга интилмоқда. Ҳатто мўъжазгина ҳовлисидан миллионлаб қўшимча даромад олаётганлар ҳам оз эмас.
 
 
 
Дарҳақиқат, бугун юртимиздаги деҳқону миришкорларга ўзлари етиштирган маҳсулотларни бемалол хорижга олиб чиқиш имконияти яратилди. Шу боисдан деҳқончиликка, ерга муносабат кун сайин ўзгариб, кўпчилик бир парча ердан унумли фойдаланиш пайида бўлмоқда. Аммо беш қўл баробар бўлмаганидек, айримлар ўз томорқасига эътиборсизлик билан, ерни қаровсиз ташлаб қўяётгани ҳам бор гап.  Тупроғи саховатли, чўп қадасанг ҳам униб чиқадиган юртда бу бизга ярашармикан, деган савол туғилади кишида.
 
Томорқадан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида жорий йил 18 мартда Республика Вазирлар Маҳкамасининг “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва мониторингини юритиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Унга кўра, туман ҳокимининг қарорига мувофиқ, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, профилактика инспектори, туман касаба уюшмалари, хотин-қизлар қўмитаси, туман бандликка кўмаклашиш маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, давлат солиқ инспекцияси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Айни кунда улар ҳудудларда тегишли ўрганишлар, тушунтириш ишларини олиб 
боришмоқда.
 
Бугун маҳалла оралаб аҳоли томорқасини кузатаркансиз, уларнинг ерга муносабатидан кимлигини англаш мумкин. Дангаса ё меҳнаткаш, тадбирли ёки уқувсиз дегандек. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Оқдарё  “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Нажмиддин Тоғаев шундай дейди:
 
—Вазирлар Маҳкамасининг 18 мартдаги қарори асосида туманда тузилган ишчи гуруҳи томонидан Мустақиллик, Лоиш, Амир Темур маҳаллаларидаги хонадонларга уйма-уй кириб, томорқадан фойдаланиши ўрганилди. Кичкина ердан яхшигина даромад қилаётганларни ҳам ёки томорқасини қаровсиз қолдирганларни ҳам кўрдик. Тадбирли хонадонларда файз-барака бошқача, озодалиги остонадан билинади. Томорқасини ҳам гуллатиб қўйибди. Бунинг мутлақо тескариси бўлган хонадонлар ҳам учрагани ачинарли ҳолат. Туманимиз географик жиҳатдан икки дарё — Қорадарё ва Оқдарё оралиғида жойлашганлиги сабаб сув муаммоси деярли учрамайди. Шундай бўлса-да, бундан унумли фойдаланмаётганларни кўриб, хайрон қоласан, киши. Улар учун томорқа фақат чорва учун ўт экиш майдони. Сабзавоту меваларни бозордан олишни маъқул кўради. “Бозордан арзонга сотиб оламиз, меҳнат қилишга арзимайди”, дейди. Ҳолбуки, охирги йилларда бозорларимизда айрим сабзавот-мевалар қимматлашиб, хориждан импорт қилинганини ҳаммамиз биламиз. Бунинг бош с
абабчиси ўзимиз эмасми, десак, индамай қолади. Мазкур оилаларга қарорнинг мазмун-моҳияти, солиқ имтиёзлари, ерга даромад манбаи сифатида қараш кераклиги атрофлича тушунтирилди. Бундан улар тегишли хулоса чиқариб, ерга бўлган муносабати ўзгармоқда.
 
– Бугун томорқачиликни қўллаб-қувватлаш учун солиқ имтиёзлари берилиши катта имконият, – дейди маҳалла фаолларидан бири Шавкат Қурбонов. – Бир ўйлаб кўринг, ерингиздан унумли фойдаланиб, миллионлаб даромад қиляпсиз. Яна ер солиғидан имтиёз олсангиз. Бу икки томонлама наф эмасми?! Агар фойдаланмасангиз, уч баробар юқори солиқ тўлайсиз. Бу адолатданми, дегувчилар ҳам учради. Бу адолатдан, дедик уларга. Нега энди тайёр ер бўла туриб, фойдаланмас экансиз? Бу нонкўрлик эмасми?! Ўз ҳовлинг, томорқангни чиройли қил дейилса, нимаси ёмон. Аслида, бизнинг элга бу гапларни ҳокимиятдан келиб айтиш уят. Агар ҳар бир киши ўз еридан унумли фодаланиб гуллатиб қўйса борми, сабзавоту мева-чева мўл-кўл бўлади. Мана Янгировот-1 маҳалласида яшовчи 67 ёшли Иброҳим ота Машрабовнинг саъй-ҳаракатлари бутун маҳаллага ўрнак бўларли.
 
Иброҳим ота хонадонида бўлганимизда кичкина иссиқхонадаги сабзавотларни кўриб, балли, деб юбордик. Ёш йигитлардек шаштли Иброҳим ота 3 сотих ерга 730 туп помидор қадаб, ҳар бир тупидан 2,3 килограмдан ҳосил олмоқда. Икки сотихдан чиққан бодринг эса маҳаллаю бозорга ҳам етмоқда. Бундан ташқари, гуркираб ўсиб турган лимонларни айтмайсизми?! Кўриб, ҳавасинг келади.
 
– Аслида бу иссиқхонани невараларимга у-бу экиш учун бошлагандим. Худо баракасини берса, ҳеч гап эмас экан. Ўзимиздан ортиб, маҳалла-кўй, бозорга ҳам олиб чиқяпмиз. Харидорларнинг ўзи келмоқда. Буни қарангки, озми-кўпи даромад қилиб, рўзғору тўй-ҳашамларга, яхши кунларга ишлатяпмиз. Буни кўриб маҳаллада анча-мунча киши иссиқхонага қўл урди.  Уларга қўлдан келганча, йўл-йўриқ кўрсатиб, кўмаклашиб келяпман.
 
Шу ўринда бир мулоҳаза. Бугун ён-атрофимизда Иброҳим отага ўхшаган меҳнаткаш инсонлар кўп. Улар ўзини ҳам юртини ҳам обод қилиб, оз бўлса-да, мамлакат ривожига ҳисса қўшмоқда. Агар ҳар ким шу йўлни тутса, бу жамиятга қилган энг катта нафидир. Лекин ҳануз орамизда “ҳокимият нима бераркан, давлат нима бераркан?” дея боқиманда кайфиятда, нимадир ундириш илинжида идорама-идора юрганлар ҳам бор. Уларга қарата айтадиган сўзимиз — бугун замон ўзгарди. Ҳамма ўз аравасини ўзи тортиши, ҳалол меҳнат қилиб, яхши яшаши керак!
 
Бобур МУҲАММАДИЕВ

 "Ҳуррият" газетасидан олинди.