Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ҳаловат бор жойда тинчлик, хотиржамлик бўлади, ёхуд 9 йилда икки марта қайта қурилган шохобча

Ҳаловат бор жойда тинчлик, хотиржамлик бўлади, ёхуд 9 йилда икки марта қайта қурилган шохобча
Мамлакатимизда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ўз самарасини бераётир. 
 
Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.
 
Сирдарё вилояти Гулистон туманида “Деҳқонобод метан газ” масъулияти чекланган жамиятига қарашли автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаси ишга тушди. 30 киши меҳнат қилаётган шохобчанинг умумий майдони 0,80 гектарни ташкил этади. бу ерда ишчилар ва мижозлар учун барча қулайликлар яратилган.
 
photo5267480692659432166.jpg
 
Йўловчи, ҳайдовчи ва шохобча ишчиларига хизмат қиладиган 30 ўринли ошхона, автомобилларга газ тўлдирилгунига қадар йўловчиларнинг дам олиб ўтириши учун 0,20 гектарли майдонда мевали, манзарали дарахтлар экилган сўлим боғ яратилган. Анвойи гуллар, митти сув пуркагичлар, дарахт соясига ўрнатилган ўриндиқлар кишига ҳузур бағишлайди.
 
“Саноатқурилиш банк” вилоят филиалидан 3 йиллик муддат билан 11 фоизга олинган 685 миллион долларлик кредит маблағи шохобчани қуришда қўл келди.
 
Жорий йилнинг май ойида ишга туширилган шохобчага аслида 2010 йилда асос солинган. Аммо айрим сабабларга кўра уни қуриш ишлари тўхтаган. 
 
photo5267480692659432169.jpg
 
– Шохобчамизнинг қурилиши 2013 йили якунига етиб, 10-15 кун ичида фойдаланишга топшириш маросими ўтказмоқчи эдик, – дейди “Деҳқонобод метан газ” МЧЖ раиси Муроджон Йўлдошев. – Шохобчани барпо этиш учун банкдан 500 миллион сўм кредит олдим, бир қанча кўчмас мулк ва техникаларни сотдик, ака-укаларим ёрдам қилди. Республика Бош вазири диклакациясини олдик. Хуллас, МЧЖни оёққа турғазиб, шохобчани туманда биринчи бўлиб бунёд этдик. Аммо минг афсуски, қувончимиз узоққа чўзилмади. Тумандаги амалдорлардан бири 1 минг 500 доллар беришим лозимлигини, унинг улуши шунча эканини айтди. Мен эса бунинг ҳеч иложи йўқлиги, чунки шохобча қуриш учун банкдан 500 миллион сўмлик кредитни тўлашим, оға-инидан олган пулларни ҳам қайтаришим, эндигина иш бошлаган корхонанинг ишини кўнгилдагидек юриши учун бу ерда ишлаётганларга ҳам ойлик-маош беришим ва ҳоказоларни тушунтирмоқчи бўлдим. Аммо у тушунишни ҳам истамади ва бу гапим учун жуда қаттиқ пушаймон бўлишимни айтиб, чиқиб кетди. Ҳибсга олинган икки нафар кишидан “Муроджон Йўлдошевга 1 минг 500 АҚШ доллари берганмиз” деган сохта гувоҳлиги билан мени қамоққа олишди, товламачилик айби билан 2013 йил 7 йилу 6 ойга қамалдим. Мансабдор бу билан ҳам кифояланмасдан тегишли идоралар номидан сохта ҳужжат тайёрлатиб, газ қуйиш шохобчасини ноқонуний равишда буздириб ташлаган. Орадан 2 йилу 6 ой ўтиб Мурод Йўлдошев қамоқдан чиқади. 
 
– Кечагидек ёдимда, 2018 йил 9 февраль куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг миллий хавфсизликдаги нопокликлар, коррупция, жиноятлар хусусида куйиб-пишиб гапирганларини, соҳада туб ислоҳотлар амалга ошириш лозимлиги тўғрисидаги маърузасини ижтимоий тармоқлардан эшитдим, – дейди Муроджон. – Бироз вақт ўтиб, Президентимиз ташаббуси билан 2018 йил 5 апрелида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида” ги қонунни имзоланди. Шундай эзгу ишлар амалга оширилмаганида, менга ўхшаб айбсиз айбдор бўлиб қамалганларнинг боши эгиклигича, айрим нопок амалдорларнинг пичоғи ҳамон мой устида бўлар эди.
 
Муроджон Йўлдошев Республика Ҳарбий прокурорига бўлиб ўтган барча воқеаларни баён этиб, арз йўллади. Республика ҳарбий прокуратураси шикоят юзасидан текшириш ўтказиб, мазкур мансабдорни қамоққа олади. Судда айбдорлиги аниқланган мансабдор 14 йилга озодликдан маҳрум этилди...
 
– Давлатни халқпарвар, адолатпарвар инсон бошқарса, ҳақиқат эгилар экан, букилар экан, лекин синмас экан, – дейди М.Йўлдошев. – Бунга ўз ҳаёт фаолиятимда гувоҳ бўлдим. Бу воқеалардан хабар топган вилоят ҳокими Ғофиржон Мирзаев мени чақиртириб, гаплашди. 2013 йилдаги республика Бош вазиридан олган деслокацияни ҳақиқий деб ҳисоблансин, дея қарор чиқариб берди. Тадбиркорликни қайта тиклаб оёққа турдим. Бунинг учун Президентимиздан миннатдорман.
 
 
Муроджон Йўлдошев 2018 йил май ойида автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчасини бутунлай янгитдан қурди. Айни пайтда фаолиятини янада кенгайтириш устида изланмоқда. Жумладан, автомобилларни таъмирлаш, автоуловларга газ балони ўрнатиш, техникаларни ювиш шохобчалари барпо этиш режалаштирилган. Энг эътиборлиси Йўловчилар яхна ичимлик ёки кофе ичиб, турли ширинлик ёки музқаймоқ истеъмол қилиб, интернет тармоғидан фойдаланиши учун зарур шароитлар яратилмоқда. “Book kafe” шаклида қурилаётган ушбу шохобчада яна йўловчилар ўзлари ва болалари учун жаҳон адабиёти дурдоналари кутубхонасидан ўрин олган энг сара бадиий асарларни ҳам харид қилиш имкониятига эга бўлади.
 
“Деҳқонобод метан газ” МЧЖ бошлаган лойиҳанинг иккинчи қисми амалга ошса, яна камида 20 киши ишли бўлади. Бу эса 20 оиланинг уйида қозони қайнайди, дастурхонига қут-барака киради, китоб жавонларида энг ноёб адабиётлар сони ортади ва асосийси неъматларнинг энг буюги ҳаловат бўлади, деганидир. Ҳаловат бор жойда эса тинчлик, хотиржамлик ҳукмрон бўлади.