Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ҳамкорлик бўйича Москва декларацияси қабул қилинди

Ҳамкорлик бўйича Москва  декларацияси қабул қилинди
Единая Россияпартиясининг таклифига кўра OzLiDeP вакили Москвада ўтказилган Осиё сиёсий партиялари анжуманида иштирок этди.

Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 24-27 октябрь кунлари Осиё-­Тинч океани минтақасидаги 53 мамлакатнинг 360 дан зиёд парламент партияларини бирлаштирган Осиё сиёсий партиялари Халқаро конференцияси (ICAAP) Бош Ассамблеясининг 10-йиғилиши Москва шаҳрида бўлиб ўтди.

 

Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон сиёсий партиялари делегацияси аъзолари таркибида “Единая Россия” партияси раҳбариятининг алоҳида таклифига биноан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Бахтиёр Якубов ҳам қатнашди.

Йиғилишда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг конференция иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Анжуманда, шунингдек, мамлакат Бош вазири Дмитрий Медведев қатнашди ва нутқ сўзлади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, Осиё сиёсий партияларининг халқаро ассоциацияси 2000 йил 17 августда Филиппин пойтахти Манилада тузилган. Ташкилот штаб-квартираси Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида жойлашган. Унинг мақсади минтақа мамлакатлари сиёсий партиялари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, Осиё давлатлари ўртасида ўзаро тушуниш ва ишончни мус­таҳкамлаш, минтақавий ҳамкорликни ривож­лантиришда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, тинчлик ва умумий фаровонлик учун шарт-шароит яратишдан иборатдир.

Ташкилотнинг навбатдаги 10-юбилей конференцияси доирасида халқаро миқёсда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, партиялараро ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада ривожлантириш, шунингдек, дунё миқёсида кескинликни юмшатиш, экстремизмга қарши курашда сиёсий партияларнинг роли, давлатлар ўртасида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ривожлантиришда халқаро партиялар­аро ҳамкорликнинг аҳамияти каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Конференцияда аёллар, оммавий ахборот воситалари ва ёшлар форумлари бўлиб ўтди. Тор доирадаги давра суҳбати ҳам ташкил этилди. Аҳамиятга молик жиҳати, унга Марказий Осиё давлатлари сиёсий партиялари орасида фақатгина O‘zLiDeP вакили таклиф этилди. Давра суҳбатида суверен давлатларнинг ички ишларига аралашувнинг олдини олишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш масаласи юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Таъкидландики, бугунги кунда терроризм, ақидапарастлик каби ёт ғоялар бутун бир халқларни, мамлакатларни ташвишга солиб келмоқда. Бундай ёт ғоялар замирида кўп йиллар давомида шаклланган миллий давлатчилик анъаналарига путур етказиш мақсади ётибди. Умуммиллий ғоялар кушандаси бўлган иллатларга қарши курашиш эса ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар кўришни талаб этади. Йиғилишда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш давр тақозоси эканлигига алоҳида эътибор қаратилди. Умуман олганда, тор доирада ўтказилган давра суҳбатида терроризм, экстремизм, айниқса, ёшлар орасида радикаллашувга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Бу борада зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Анжуманнинг яна бир эътиборга лойиқ жиҳати шу бўлдики, ICAPP доирасида Осиё, Африка ва Лотин Америкаси сиёсий партияларининг фаолиятини мувофиқлаштириш  мақсадида қўшма котибият ташкил қилинди. Мақсад Лотин Америкаси ва Кариб денгизи сиёсий партияларининг доимий конференцияси (COPPAL), Африка сиёсий партияларининг иттифоқи (CAPP) ҳамда Осиё сиёсий партиялари доимий конференцияси (ICAAP) ўртасида уч томонлама ҳамкорликни кучайтиришдан иборат. Бошқача айтганда, бу келишув натижасида ушбу минтақалардаги йирик сиёсий партиялар кучлари бирлашади.

Ассамблея турли қитъалар, давлатлардан ташриф буюрган сиёсий партиялар вакиллари ўртасида ўзаро фикр алмашувлар учун имконият яратганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Бу жараёнда дунё мамлакатларида, жумладан, сиёсий элиталарда Ўзбекистонда кейинги йилларда юз бераётган ўзгаришларга жуда катта қизиқиш билан қаралаётганлиги ва бу тарихий жараёнлар кузатиб борилаётганлиги яққол намоён бўлди. Хусусан, кейинги икки йил давомида Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсат соҳасида олиб бораётган ислоҳотларига халқаро экспертлар, сиёсий партиялар вакиллари томонидан илиқ фикрлар билдирилди. Айниқса, ўтган давр мобайнида чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш, хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани конференция иштирокчилари мулоҳазаларида яққол акс этди.

Осиё сиёсий партиялари халқаро конференцияси доимий аъзоси, Россия Федерал кенгаши қўмитаси раисининг ўринбосари Андрей Климовнинг таъкидлашича, яқинда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга уюштирган давлат ташрифи бунга яққол мисол бўла олади. Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасида стратегик шерик­лик ва иттифоқчилик руҳидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада ривож­лантириш борасида янги босқични бошлаб берди. Ўзаро келишувлар натижасида нафақат ижтимоий-иқтисодий, маданий соҳалар, балки сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам янги босқичга кўтарилишга шубҳа йўқ. Бевосита бугунги конференция “Единая Россия” ва O‘zLiDeP ўртасидаги алоқаларни ўрнатишда ҳамкорликнинг янги қирраларини очишда яхши имконият бўлди, деб айтиш мумкин.

Икки кун давом этган Осиё сиёсий партиялари Халқаро конференция­си (ICAAP) Бош Ассамблеясининг 10-йиғилиши якунида Москва декларацияси қабул қилинди. Унда сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги қирраларини очишга қаратилган  қатор масалалар ўрин олган.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати