Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҲАМОН ЎЛАНЛАР ТЎҚИБ, ЎҚИМОҚДА ЎЛМАС ЗОТ!

ҲАМОН ЎЛАНЛАР ТЎҚИБ, ЎҚИМОҚДА ЎЛМАС ЗОТ! Биз ўзбеклар учун миллатимиз пири комили ҳазрат Навоий, қондошларимиз, жондошларимиз ҳисобланган қорақалпоқлар учун саҳро булбули Бердақ, қирғиз қардошларимиз учун сўз чечани Тўқтағул, туркман туғишганларимиз учун шукуҳли шеър сарвари Маҳтумқулидек буюк сиймолар қанчалар ардоқли бўлса, атоқли шоир ва маърифатпарвар Абай, яъни Иброҳим Қўнонбоев қозоқ халқи учун шунчалар қадрлидир. У янги замон қозоқ реалистик ёзма адабиётининг асосчиси, бадиий сўз заргари сифатида жаҳон адабиётига ўзининг ёрқин саҳифаларини қўшди ва ҳақли равишда башариятнинг Фирдавсий, Данте, Ҳофиз, Шекспир, Сервантес, Гёте, Пушкин, Гюго каби даҳо адиблари қаторидан ўрин олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарорида буюк оқиннинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келаётгани, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётган бугунги кунда бу сингари улуғ алломаларнинг ўлмас мероси халқларимиз учун янада муҳим маъно ва аҳамият касб этиши таъкидланган. Шу кунларда республикамизнинг барча жойларида абайхонлик тадбирлари қизғин ўтмоқда.

Улуғ халқнинг ўлмас шоири Абайнинг шажараси Ўлжой-Айдўс-Ирғизбой-Ўскинбой-Қўнонбойдан иборат бўлиб, ўрта жузнинг арғин уруғига мансуб тўбиқти тийрасидандир. Қўнонбойнинг учинчи ўғли Иброҳим (бўлғуси Абай шоир) 1845 йилнинг 10 августида Семипалатинск вилоятининг Чингизтоғида, Қашқабулоқ аҳоли маскани яқинидаги Жийдабой овулида дунёга келади. Наинки бобоси Ўскинбой ва отаси Қўнонбой, балки бувиси Зерде момо ва онаси Улжоной ўз замонасининг онгли, илғор кишилари эди. Бола бир неча йил мобайнида эртак, мақол, ривоятлар дунёсида ўсади. Кейин отаси қурдирган Эскитом мадрасасида овул имоми Ғабитхон мулла мураббийлигида дастлабки диний саводини чиқарарди. Ўн ёшидан бошлаб уч йил давомида Семейдаги Аҳмад Ризо мадрасасида араб, форс тилларида сабоқ олади. Шу тариқа Низомий, Навоий, Саъдий, Ҳофиз, Фузулий каби мумтоз шоирлар асарлари билан ошно тутинди. Мурғак чоғидан Шўртанбой, Бухор жиров ва бошқа халқ оғзаки ижоди усталарини тинглади. Семей шаҳридаги рус приход мактабида рус тилини ўрганади. Бу унга А.Пушкин, М.Лермонтов, И.Крилов, Л.Толс­той, Ф.Достоевский оламига, рус таржимонлари орқали Гёте ва Байрон дунёсига йўл очади...

 Абай биринчи шеъри “Ким экан деб келгандим туя қувган”ни 1855 йили 10 ёшида ёзади. 14 ёшида мумтоз адабиёт хрестоматиясига оид қуйидаги ажойиб сатрларни қоғозга муҳрлайди:

Фузулий, Шамсий, Сайқалий,

Навоий, Саъдий, Фирдавсий,

Хўжа Ҳофиз – сиз ҳаммангиз

Мадад беринг, қилманг осий.

Айнан шу даврда ёзилган “Юзи равшан” шеърида ўз лирик қаҳрамонининг бош нуқтаи назарини ифода этади. Бу инсон қадр-қимматидир. Ушбу фалсафий фикр Абай шеъриятининг биринчи ҳарфидан бошлаб сўнгги нуқтасигача қизил ип бўлиб ўтади. Шоир бахт инсон қад­рининг нечоғлик юксак бўлиши билан боғлиқ, дейди. Жамият барча инсонни бирдек кўриши керак, деган хулосага келади Абай. Очкўз, таъмагир, порахўр, текинхўр, майхўр, ялқов, маишатпараст, манфаатпараст, маддоҳ зотларни жамият дарахтига тушган қуртлар деб билади:

Ақл керак, соз иш керак, хушхулқ керак,

Эр уялар, ишни қилса бўлмай зийрак.

Шилта, шилқим, асли таги лўттибозга

Садоқатли дўст топилгай жуда сийрак.

(Муаллиф таржимаси)

Юксак бадиият билан юқори ижтимоий мазмуннинг уйғунлашгани Абай поэзиясини наинки ўз даври, балки барча замонлар учун долзарб поғонага кўтаради. У ўз асарларида, шеър ва достонларида кенг кўламли хулосалар орқали зулм ва мунофиқликнинг асл қиёфасини очиб беради. Зулмат замонга нур олиб киради. Реал воқелик тасвири орқали реал мақсадларга ўтади.

Абай ўзи яшаган жамият ва келгуси замонларда баркамол авлодни кўргиси, халқ ҳаётини фаровон қиладиган бунёдкор ёшлар шаклланишини истайди. Бугунги эгамен Қозоғистоннинг янги қиёфаси, Евроосиё мегаполисларидан бирига айланган Астана, қозоқ ёшларининг академик фан, адабиёт, санъат, спорт соҳасидаги ютуқлари донишманд шоир орзуларининг яққол нишоналаридир.

 Абай атоқли шоир, таниқли таржимон бўлиш билан бирга проза ва публицистика устаси ҳам эди. Фалсафий-дидактик характерга эга “Қора сўзлар”и (“Қирқ беш насиҳат”) жаҳон бадиий публицистикаси хазинасидан муносиб ўрин олган. Давримизнинг М.Авезов, Ч.Айтматов, Т.Қаипбергенов, Ў.Ҳошимов каби адиблари асарларида акс садо берган.

Абай ижоди у ҳаётлик чоғларидан бошлаб ўзбек китобхонларини қизиқтирган. Ажойиб шеърлари, бошқа оқинлар билан айтишувлари тилдан тилга, элдан элга кўчган эди. Ўтган асрнинг қирқинчи йиллари Евроосиё минтақаси халқлари учун ўта машаққатли кечганига қарамасдан 1941 йили буюк ўзбек шоири Алишер Навоий таваллудининг 500, 1945 йили улуғ қозоқ оқини Абай Қўнонбоев туғилганининг 100 йиллик маъракалари ўтказилди. 1945 йили Алматида ўтган тадбирда академик шоиримиз Ғафур Ғулом “Абай – чинакам ҳурматга арзигулик алп шоир. Унинг ўланлари қозоқ саҳросидай бепоён. Олатовнинг атлас қирларидай жимжимадор. Чингизтоғ шаршараларидай суронли, Қозиғурт қояларидай баланддир”, деган эди.

Бугун Абайнинг ижодий мероси ўз эли ва бошқа ҳудудларда чинакам эъзоз топмоқда. Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев “Мустақиллик эраси” деб номланган китобида “Қурмонғозининг сеҳрли куйи, Мағжоннинг ёрқин лирикаси, Мухторнинг мароқли прозаси, Чўқоннинг мафтункор кашфиётлари, Абайнинг фалсафий иқрорномалари бу маънавий хазиналарга кирган ҳар бир замондошнинг ички оламини бойитиши”ни таъкидлаган. 1995 йили Абай таваллудининг 150 йиллиги Қозоғистонда ва ундан ташқарида кенг нишонланди. Мазкур йилни ЮНЕСКО “Абай йили” деб атади. Ўзбекистонимизда ҳам буюк шоир маъракасига бағишланган анжуманлар ўтказилди. Шоирнинг “Танланган асарлар”и босилди. Таваллудининг 170 йиллиги арафасида Тошкентда Абай ҳайкали қад тиклади. “Ёрқин юлдуз” китоби чоп этилди. Муҳтарам Президентимизнинг шоир ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга оид қарори, 2018 йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” деб эълон қилиниши муносабати билан бу ишлар янада жонланди. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат-илмий нашриётида “Қозоқнинг қирқ оқинидан қирқ ўлан” шеърий тўплами нашрдан чиқди.

 Асли Қозоғистон заминида, табаррук Туркистон тупроғида туғилган устоз Миртемир ёзганидек:

Олатов чўққисига қўнгандек ота бургут,

Олмаота ўртасида турибди у барҳаёт.

Гўё ҳамон элига сўйлар ҳикмат ва ўгит,

Ҳамон ўланлар тўқиб, ўқимоқда ўлмас зот!

 

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими,

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

шоир ва таржимон