Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҲАНГОМАЛАР

ҲАНГОМАЛАР
Эҳтиёткорлик

1992 йилнинг 19 август куни эрталаб соат еттидан беш дақиқа ўтганда Тошкентда қаттиқ ер силкинди. Буни қарангки, ўша куни таниқли кино ва театр актёри Фарҳод Аминовнинг тўртинчи қаватдаги уйи ҳам қимирлабди. Фарҳод ака болаларини шоша-пиша пастга чиқариб юбориб, даҳлиздаги бор оёқ кийимларини йиғиштирибди-да, қучоқлаганича ўзлари ҳам пастга югурибдилар. Тушсалар, пастдаги майдончада одам гавжум, бутун “дом” аллақачон чиқиб бўлган экан. Одамлар бир-бирини юпатган, соғ-омон қолгани билан табриклаган, кимдир кўзига ёш ҳам олган. Ахир, жон фойдага қолиб тургандан кейин…
Ҳамма нима ташвишда-ю, кеннойимиз Фарҳод акага нима дермишлар:
- Ҳай, адаси, уйни қулфлаганмидингиз?..

Меҳрибонлик

Бир куни Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов қайсидир қариндошининг тўйидан жуда кеч қайтибди. Эрталаб бошини кўтарса, аёли ҳовли супураётган эмиш. Индамабди, чунки аҳволи индайдиган даражада эмас экан-да. Бошини яна ёстиққа қўйибди. Бир неча соатдан кейин тағин бошини кўтарибди. Қараса, хотини кир юваётган экан. Бир банка қатиқ ичиб, яна ётибди. Кечга яқин бош кўтарса, хотини ошхонада овқат қилаётган экан. Бу ҳеч тиниб-тинчимайдиган хотинга ўзларича танбеҳ бермоқчи бўлибдилар:
- Вей, сенга нима азоб-а? Мен сенинг ўрнингда бўлганимда маза қилиб, оёғимни узати-иб ётардим.
Кеннойимиз камтарлик қилиб, секингина дебдилар:
– Шундоқ ҳам нима қил­япсиз?..

Ғамхўрлик

Кейинги пайтларда тез-тез шамоллайдиган бўлиб қолдим. Бир куни хотиним ишхонасидан ҳинд йогларининг машқ дастурини олиб келиб қолди.
– Мана шу машқлар билан мунтазам шуғулланиб турсангиз, сизни ҳеч қанақа касаллик безов­та қилмайди, – деди хотиним ишонч билан.
Астойдил киришиб шуғуллана бошладим. Мундоқ қарасам, китобда нуқул машқ қилаётган аёлларнинг расми чизилган, биронта ҳам эркаги йўқ.
– Менимча, бу китобинг фақат хотин-қизларга мўлжалланган-ов? – дедим шубҳаланиб.
– Йогларда эркак-аёл деган гап йўқ, – деди у мени юпатиб. – Одам организми бир хил.
Организм бир хил экан деб, яна беш-олти кун шуғулланиб юрдим. Йўқ, бўлмади. Шубҳа-гумонлар оёқ-қўлимни боғлаб ташлади. Бир куни ёрилдим:
– Йўқ, бу хотинларники! – дедим шубҳа-гумонлардан чарчаб. – Мана, қарагин, биронта куч ишлатадиган машқлар йўқ, ҳаммаси нозик, енгил-елпи ҳаракатлар. Точно, хотинларники!
Хотиним менга раҳми келиб термулди:
– Нима, сезиляптими?..
Оғир замон
Ичкиликбозликка қарши кураш айни қизиб, бир кружка пиво ичганни ҳам миршаблар мошинга солиб олиб кетадиган замонлар. Домла Азиз Абдураззоқнинг бир эски портфели бўларди. Жуда машҳур портфель эди, чунки ичида ё тўла, ё ярми ичилиб тиқинланган виноми, ароқми, коньякми – албатта топиларди. Бир куни Азиз ака “Табассум” радиожурнали таҳририятига кириб келдилар. Қўлларида ўша машҳур портфель. У киши билан сўрашяпмиз-у, лекин ҳамманинг кўзи “хазина”да. Радиожурналнинг режиссёри Раҳмат Жумаев умид билан портфелни кўтариб-кўтариб қўйди-да, Азиз акадан сўради:
– Устоз, портфель оғирми?
Азиз ака ҳазин овозда жавоб қилдилар:
– Йўқ, бўтам, замон оғир…

“Ш” ҳарфи

Ёзувчиларнинг “Дўрмон” ижод уйида Шукрулло домла билан устоз Саид Аҳмад суҳбатлашиб ўтиришибди. Шукрулло домланинг қандайдир саҳна асари ҳақида газетада танқидий мақола эълон қилинган экан, домла жиғибийрон бўлиб турибди. Вазиятни чамаладим-да, домлани юпатиб, кўнглини кўтармоқчи бўлдим.
– Парво қилманг, домла, ўзи ҳамма буюк ижодкорларнинг исми “Ш”дан бошланади, – дедим “икковимиздан зўри йўқ” деган маънода. – Масалан, Шекс­пир, Шиллер, Шуман, Шуберт, Штраус… – Кейин Россия томонларни ораладим: – Шостакович, Шолохов, Шукшин… – Ўзимизники-лар ҳам бенасиб қолмади:
– Шайхзода, Шукур Бурхонов, Шукрулло, Шукур Холмирзаев…
– Шароф Бошбеков… – дедилар домла ҳазиллашаётганимни тушуниб.
– Канешно! – дедим ясама виқор билан.
Устоз Саид Аҳмад саноқни давом эттирдилар:
– Шаид Аҳмад…