Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ: ХАВФСИЗЛИК ВА ТОТУВЛИК

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ: ХАВФСИЗЛИК ВА ТОТУВЛИК
Ўзбекистон Республикаси  Президентининг “Ўзбекистон Респуб­ликасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида” шу йилнинг 7 февралида қабул қилинган Фармонида бешинчи устувор йўналиш қуйидаги тарзда белгиланган: “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш”.
Пухта-пишиқ баён этилган бу вазифаларнинг бари бир-бирига боғлиқ, бири иккинчисини талаб этадиган, давлат ва халқ учун ўта муҳим аҳамиятга эга йўналишлар ҳисобланади.
Энди Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ана шу бешинчи устувор йўналиш билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори 2-бандида белгиланган вазифалардан бирининг мазмун-моҳиятини ўзаро солиштирайлик: “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш орқали давлатимиз мус­тақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, қўшниларимиз билан рақобат қилиш эмас, балки ҳамкорлик қилиш, минтақамиздаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш тамойилига асосан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш”.
Бу ердаги энг муҳим янгилик шундан иборатки, мамлакатимиз бундан буён  қўшниларимиз билан рақобатлашиш эмас, балки, ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш,  яшаб турган минтақамиз бўлмиш Марказий Осиё муаммоларини биргаликда ҳал этиш йўлини танлади. Бу – жуда муҳим. Бундан оқилонароқ йўл йўқ.
Мустақиллик тарихига Ҳаракатлар стратегиясининг айнан ана шу бешинчи устувор йўналиши бўйича нималар қилинганини аниқлаштириш асосида ёндашсак, мамлакатимизда бу борада мисли  кўрилмаган ютуқларга эришганимиз ойдинлашади.
Мустақилликнинг илк дақиқасидан эътиборан Ўзбекистон Республикаси сиёсатида миллатлараро тенглик ва тотувлик ғоясига алоҳида эътибор қаратилди. Кўп ўтмай бу умуминсоний тамойил Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли моддаларида қатъий қилиб қайд этилди.
“Муқаддима”сидаёқ Асосий Қонунимиз “рес­публика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечириш­ларини таъминлашга интилиб”, “фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида” қабул қилинаётгани айтилган.
8-моддада: “Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, – дейилади.
Демак, тилшунослик нуқтаи назаридан ўзаро маънодош (синоним) ҳисобланса-да, Конс­титуция қабул қилган кундан эътиборан ўзбек сиёсатшунослиги ҳуқуқий терминологиясида “халқ” ва “миллат” сўзлари ўзаро маънодош бўлмай қолди. Чунки Конституцияда “халқ” деганда мамлакатнинг бутун аҳолиси, “миллат” деганда эса  бу ерда яшайдиган 136 миллатдан бири тушунилади.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат  вакиллари яшайди. Уларнинг бари – шу юрт фарзанди, ватандошимиз, Ўзбекистон Республикаси фуқароси. Миграциявий жараёнлар учун бирон-бир фуқаронинг заррача айби йўқ.
1989 йил 21 октябрида  қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонун амалда  респуб­ликамиздаги бошқа тиллар равнақи учун ҳам кенг йўл очди. Ҳозир мамлакатимизда 7 тилда – ўзбек, қорақалпоқ,  рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида умумий таълим мактаб­лари мавжуд. Аслида, иқтисодий жиҳатдан муайян мушкулликлар туғдирса ҳам, шу мактаб­лар учун дарслик ва қўлланмалар мамлакатимизнинг ўзида тайёрланиб, чоп этилади.
Ўзбек мактабларида она тили, рус тили ва бир хорижий (жами уч) тил,  рус мактабларида она тили, давлат тили ва бир хорижий (жами уч) тил, қорақалпоқ, тожик, қозоқ, қирғиз ва турк­ман мактабларида эса она тили, давлат тили, рус тили ва бир хорижий (жами тўрт) тил ўқитилади.
Тил ўрганиш амалда кишининг онг-тафаккурини ўстиради, унинг ахборот олиш имкониятини кенгайтиради, фикрлашда қиёслаш кўникмаларини пайдо қилади, шакллантиради.
Мамлакатимизда ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ ва инглиз тилларида матбуот нашрлари мавжуд.
Мустақиллик йилларида амалда ҳар бир миллат ва элат вакилининг ўз тилида бадиий ижод қилиш имкониятлари ҳам кенгайди. Масалан, шўро даврининг сўнгги ўттиз-қирқ йили мобайнида Тошкентда тожик тилида биргина китоб чоп этилган.  Аммо истиқлол замонида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз ва бошқа шаҳарларда ўзбекистонлик тожик шоирларининг  100 дан ошиқ тўплами босилиб чиқди. Уларнинг аксариятида Ватан ҳақида шеърлар бор. Уларнинг барида “Ватан” деганда жонажон Ўзбекистонимиз, унинг водию воҳалари, шаҳару қишлоқлари, чўлу тоғлари, далаю боғлари таърифу  тавсиф этилади. Тожик ёзувчиларининг кўплаб насрий асарлари ҳам босиляпти.
Ўзбекистонда ўзига хос бир миллий тийнат юзага келган, десак муболаға бўлмайди. Чунки, ўз-ўзидан, миллат миллатга, маданият маданиятга таъсир ўтказади, улар бир-биридан акс таъсир олади ҳам. Шу тариқа ҳар бир миллий маданият амалда миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигидан иборат бўла боради.
Бугун мамлакатимиздаги бошқа миллат ва элатлар вакиллари учун ҳам ош – энг тансиқ таом бўлиб улгурган. Тўй-маъракаларимизни усиз тасаввур эта олмаймиз. Тўй-тантаналаримизда турли миллат ва элат вакиллари бемалол хоразмча “Лазги”га, бухороча “Мавриги”га ёки “Андижон полкаси”га завқ билан рақсга тушади. Турли миллат ва элатлар вакиллари бир маҳалла, бир кўпқаватли уйда ён қўшни – жон қўшни бўлиб яшаб келяпти. Ўртада “бор товоғим – кел товоғим” ҳам мавжуд.
Бугунги ўзбек маданиятини, шарқона ва ғарбона маданиятлар уйғунлигидан (синтезидан) иборат, деб ҳисоблашга тўла ҳақлимиз. Ғарб маданиятининг ижобий жиҳатларини ўзлаштириш – фақат ютуқ. Аммо Ғарбда демократиянинг суиистеъмол қилиниши оқибатида юзага келган “оммавий маданият”нинг, яланғочлик фалсафасининг кириб келишидан эҳтиёт бўлиш керак.
Шу йилнинг 24 январида Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг фармони асосида Рес­публика байналмилал маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан маданий марказларнинг бир гуруҳ фаоллари мукофотланди. Давлатимиз раҳбари Ватанимизнинг юксак мукофотларини тантанали равишда топширди. Республика байналмилал маркази ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, Республика байналмилал маданият маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди. Республика байналмилал маданият маркази, 138 та миллий маданий марказ, шунингдек,
Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, 34 та дўстлик жамияти фаолияти ўзаро бирлаштирилди.
Шу тариқа бу қўмита  миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга йўналтирилган ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминловчи бошқарув органи мақомига эга бўлди.
Мамлакат тараққиёти бугун бевосита 32 миллиондан ортиқ кишининг аъмолига – саъй­-ҳаракатига боғлиқ. Шундай экан, Ўзбекис­тонимиздаги барча миллатлар вакиллари – ҳамюртларимиз, жондош-қондошларимиз. Шунинг учун, миллатимиздан қатъи назар, шу Ватан тақдирига барчамиз бирдек масъулмиз. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов алоҳида шиор тарзида ўртага ташлаганидек: “Шу азиз Ватан – барчамизники!”
Хуллас, Ҳаракатлар стратегияси асосида бешинчи устувор йўналиш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами  ҳар қандай кишини мамнун этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 15 августда қабул қилинган “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармойишида муайян маънода ҳозиргача амалга оширилган ишлар бир сидра сарҳисоб ҳам қилинди.  Бугунги кунда Ҳаракатлар стратегия­сининг ижроси юзасидан давлат ва жамият ҳаё­тининг барча соҳаларини ривожлантиришга қаратилган 15 та қонун ҳамда 700 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани қайд этилди, шунингдек, беш устувор йўналиш бўйича қилинган ишлар қисқача санаб ўтилди.
Эртанги истиқболни белгилаш учун, табиийки, кеча ва бугуннинг тажрибаларига суяниш, яъни эришилган ютуқларни янада кўпайтириш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни эса сўзсиз тузатиш тадоригини кўриш керак. Мазкур Фармойишда ана шу қоидага амал қилинган. Унда қайд этилишича: “...Навбатдаги ислоҳотларни сифатли  ва олдиндан режалаштириш учун 2017 йил якунлари бўйича эришилган натижаларни чуқур ўрганиш ва пухта таҳлил қилиш зарур”.
Биз бундан кейин шу йўлдан борамиз. Чунки навбатдаги ғиштни олдинги ғишт устига қў­йиш керак.
Тарихан олганда, бир давлатнинг давлат, бир мамлакатнинг мамлакат, бир халқнинг халқ бўлиб шаклланиши осон кечадиган жараён эмас. Ўзбекистон Республикаси – шу ҳудудда  тарихан шаклланган, дунёда ўз ўрнини топишга эришган тамоман янги давлат. Биз миллий давлат қурдик. Турли миллат ва элатлардан иборат аҳоли бир сиёсий бирлик – Ўзбекистон Республикаси халқи сифатида шаклланди.
Мамлакатнинг манфаати ҳар биримизнинг манфаатимиз, халқнинг ютуғи ҳар биримизнинг ютуғимиз, ҳаммага яхши бўлса, албатта, менга ҳам яхши бўлади, кўпга берсин, кўп қатори менга ҳам берсин,  деган тушунча ва қарашларнинг одамлар қалби ва онг-тафаккуридан мустаҳкам ўрин олишига бирданига эришиб бўлмайди.
Биздаги аҳиллик, тилибирлик, тинчлик-хотиржамлик руҳини мамлакатимизга турли сабаб­лар билан ташриф буюраётган хорижлик­лар ҳам сезади, бу уларни ҳам хушнуд этади, албатта.
Ўн йиллар муқаддам бир кечаси Самарқанддан Тошкентга таксида келинди. Шерикларимиздан бири туркиялик савдогар йигит экан. Маҳмадонагина денг. Ҳеч кимга гап бермай келди ўзиям.
– Мен, –деди у, – ўз мамлакатимда ярим кечаси бегона машинада бир шаҳардан иккинчисига бормайман. Айниқса, ҳозир, мана чўнтагимда Америка пули ҳам, Европа пули ҳам, Туркия пули ҳам, Ўзбекистон пули ҳам бор. Бу ерда менга ҳеч ким тегмаслигини биламан. Мамлакатларингиздаги бу тинчлик-осойишталикнинг, бу оғизбирликнинг қадрига етинглар... 
Мамлакатимизда шу тариқа давлат ва халқ ўртасидаги чамбарчас боғлиқликни кучайтириш даври бошланди. Бундан буён ҳам тараққиётимиз айнан ана шу давлат ва халқнинг жипслигига таянади. Бусиз ҳеч бир мамлакат ўз олдига қўйган эзгу мақсадларга эришган эмас.
Мустақилликни мустаҳкамлаш, уни ҳимоя қилиш ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, чегараларимиз дахлсизлигини асраш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини кучайтириш, жаҳон миқёсида рақобат, қарама-қаршилик тобора бешафқат тус олаётган, радикализм, терроризм, экстремизм, “оммавий маданият” каби таҳдидлар кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, сафарбарлигимизни янада ошириш – бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифамиз эканини ҳаммамиз теран англашимиз даркор.
Истиқлол тарихининг кейинги бир йилини таҳлил қилиб, шу хулосага келиш мумкинки, мамлакатимизда туб ислоҳотларни амалга оширишнинг янги даври бошланди. Бошқача айтганда, ислоҳотлар жадал босқичга кирди. Бу босқичнинг кўп-кўп янги жиҳатлари мавжуд. Энг муҳим томони шундаки, бунда давлат ва халқ жипслигига эришишга қаттиқ киришилди. Давлат билан халқ бирикса, енгилмас кучга айланади.
 
Султонмурод ОЛИМ