Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҲАЁТ ҲАҚИҚАТЛАРИ

ҲАЁТ  ҲАҚИҚАТЛАРИ
 
Пиримқул ҚОДИРОВ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси:
 
– Туркистон тизма тоғи этагида жойлашган онам туғилиб ўсган Оқсув, Сўфаркат қишлоқларидаги жонли халқ шеваси бугунги адабий тилимизга жуда яқин. 1964 йилда Одил Ёқубов билан Оқсувга борганимизда шаҳар кўрмаган баъзи кекса одамларнинг адабий тилимизга монанд ҳолда сўзлашганлари бизни ҳайрон қолдирганди. Кейинчалик суриштириб билдикки, тарих китобларига кирган Даҳкат қишлоғи яқинида ва Бобур ялангоёқ кезган Осмон Яйлов тоғи этакларида шу Оқсув қишлоғиям бўлган экан. Бобурнинг Андижон ҳақида айтган: “Эли туркдур, лафзи қалам билан ростдур…” сўзларини оқсувликларга нисбатан ҳам татбиқ этиш мумкин. Барлос уруғининг бир шохаси бўлган бу қавмлар шайбонийларга бўйин эгмай, тоғ оралиқларида ўзларининг кўҳна туркий лаҳжаларини, ҳатто “турк” деган номларини ҳам сақлаб қолганлар. Онамизнинг мана шу адабий тилга табиатан яқин бир муҳитда яшагани ва унинг бойликларини зеҳнимизга болалигимиздан сингдирганлиги мен учун катта неъмат бўлган...
 
...Биз биринчи навбатда табиатдан, сўнг китоблардан миннатдор бўлишимиз лозим. Бизни коинот бағрида омон сақлаб турган табиат неъмати – осмоннинг юқори қатламидаги азон пардасини эсланг. Уни “ернинг азон қалпоғи” ҳам дейишади. Лекин суратини кўрсангиз, миллион йиллар давомида тўпланган энг тоза ва энг тиниқ ҳаво – азон қалпоқдан кўра кўпроқ ҳарир ипак пардага ўхшайди. Эски китоблардаги “пардаи асрор” – “сирли ер пардаси” деган иборани ёдга солади у.
Нафис азон қатлами ердаги бутун тирик жонларни қуёшнинг хатарли зарраларидан ҳимоя этиб тураркан, аммо, афсуски, унга лат етказиляпти. Масалан, Антарктида устидаги минг­лаб квад­рат километр майдонда азон қатлами йўқолди. Бу бутун дунёни ташвишга солмоқда. Антарктидада-ку қуёшли кунлар кам, аҳоли деярли йўқ. Борди-ю аҳоли зич жойлашган қитъалар ва қуёшли минтақалар осмони азонсиз қолса, аҳволимиз қандай кечади?
Яхши китоблар бутун одамзод тарихи давомида тўпланган маънавий азон хизматини ўтайди. Улар инсониятни турли замонлардаги салбий таъсирлар ва ахлоқий бузилишлар “радиацияси”дан асраб келаётир. Энг яхши ёзувчилар эса одам зоти учун ана шу қадар зарур маънавий азон ишлаб чиқараётганликлари туфайли алоҳида эъзоздадирлар.
– Пиримқул ака, мен бир нарсага ҳайронман; юксак маданият тараққий этгани сари ёвузлик, жиноят кўпайиб бор­япти, кўпчиликда эътиқод йўқоляпти…
– Жиноят, менингча, илгарилариям кўп бўлган. Лекин у яшириб келинган. Мана, Сталин даврини олайлик, миллионлаб одамлар уйларидан битта-битта олиб кетилиб, ёвузларча ҳалок этилган, бадном қилинган. Инсоният тарихида минг йиллар давомида бунчалик катта миқёсда, чексиз шафқатсизлик билан қилинган жиноят содир бўлмаган эди. Кўп халқлар ўз Ватанидан бадарға қилинди. Лекин ҳиди чиқарилмаган бу жиноятларнинг. Ҳозир, ошкоралик даврида эса ҳамма нарса ҳақида очиқ-ойдин айтилмоқда. Шундай бўлгани яхши. Масалан, уйнинг деразаларини очиб, хоналарни шамоллатиб турсангиз, ҳаво тоза бўлади, микроблар қирилиб кетади. Сиз айтган иллатлар ҳам шу микробларга ўхшайди, яъни уларга қуёш нури тушса, тоза ҳаво таъсир қилса – бу иллатларни йўқотиш осонроқ кўчади. Энди эътиқодга келсак. Эътиқодсизлик 50–60-йилларда кўпроқ эди. Назаримда, эътиқодлилар, ҳозир, аксинча, кўпайиб бормоқда. Мен бу ерда самимиятга йўғрилган диний имон-эътиқодни ҳам назарда тутаяпман. Эътиқод яхши бўлиш ва яхшилик қилиш ниятидан келиб чиқиши керак.
– Лекин, аксари ҳолларда яхшиликка яхшилик қайтмайди-ку?
– Қайтиши шарт эмас. Бизда мақол бор-ку, “Яхшилик қил – дарёга ташла, балиқ билмаса, холиқ билади”, деган. Яхшилик билан одам ўзининг дилини обод этади. Бировга ёмонликни раво кўрган кишининг дилида, албатта, ўша ёмонликларнинг асорати қолади. Ёмонлик охир-оқибат қайтади, кутилмаган жойдан қайтади. Мана, менинг отамга адолатсизлик қилганлар ичида бир одам бор эди (мен уни “Қора кўзлар” романимда Исмат бобо деган ном билан келтирганман). У чақимчилик билан қишлоғимиздаги бегуноҳ кишиларни қаматиб юборганди. Сири очилгач, одамларнинг назаридан қолди. Кейин эса кўзлари кўр бўлди. Аммо шундаям ёмонлик қилишни қўймади, бора-бора хотини, келини, ўғли ўртасида низо чиқара бошлади. Охири ўғли чидолмай: “Ота, шунча қилган айғоқчилигингиз каммиди, энди уйдагиларни тинч қў­йинг”, дейди ғазаб билан. У эса “дод” солиб бақиради. “Мен сени оқ қиламан!” дейди ўғлига. Шунда хотини: “Оқ қиладиган одамнинг кўнгли оқ бўлади. Сизнинг эса кўнглингиз қора! Сизнинг кўзингиз кўр эмас, имонингиз кўр, виж­донингиз кўр!” дейди…
Дўрмондаги боғ атрофида кускут (чирмовиқнинг ёмон тури) деган бир ўсимлик ўсади. Барги йўқ, илдизи йўқ, худди чувалчангга ўхшайди. Баъзан ҳаводан учиб келиб, мевали дарахтларга ёпишади. Бир куни қарасам, четроқдаги баланд бир теракнинг ярмигача чиқиб, уни қуритибди, аммо ўзиям қуриб ётибди. Чунки унга ўша терак озиқ бериб турган эди-да. Ёмонлик бир куни, албатта, ўзиям барбод бўлади!..
Суҳбатдош: Анвар ЖЎРАБОЕВ
(қисқартириб олинди).
1990 йил.