Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҲАЁТ ҲАҚИҚАТЛАРИДАН

ҲАЁТ  ҲАҚИҚАТЛАРИДАН
Асқар Маҳкам,
шоир:
 
* * *
– Сизлар тугилган муштдек бир бўлишларинг керак. Ўзаро нифоқ, ихтилофнинг баҳридан ўтинглар. Адабиёт – миллатнинг иши. Унда маҳаллийчилик, тасодифий ҳодисалар бўлмайди. Биргина бемаъни китобнинг зарари миллат учун юз йилларга татигувлик фожиага айланиши мумкин.
 
Ўшанда мен шоирнинг халтурачилик ва сохта адабиётга тиш-тирноғи билан қарши туришининг сабабини англаб етгандек бўлдим. Бугун айниқса “сариқ адабиёт” бало-қазодек бостириб келган кунларда Шавкат Раҳмоннинг ўрни шу қадар билинмоқдаки! Қаранг, адиб ва адабиётнинг чегараси қолмади. Пул, маблағи бор каслар бугун энг истеъдодли одамларни мардикорликка ёллаб ҳам китоб чиқаришмоқда. Болалари учун нон истаб юрган адиблар улар берадиган “сариқ чақа” учун адабиётимиз тарихида ҳеч қачон кузатилмаган қабоҳатга қўл урмоқдалар.
 
* * *
...”Ватан” газетасининг 1992 йил 14-22 июль сонида эълон қилинган суҳбатда у шундай деган эди: “Миллатимнинг яхши ўғилларини, қизларини кўрсам, кайфиятим кўтарилади. Гарчи миллатнинг оёқларига қараб эмас, миллатнинг бошига қараб фикрлашга ўрганган бўлсам ҳам, баъзан ич-ичимдан ўкинчлар, ғазаблар оқиб келадиган пайтлар бўлади. Чунки миллатпарварлик, баланд ғоялар ва бу ғоя бугунги адабиётнинг етакчи мавзусига айланмоғи, ҳар бир ватандошимизда миллатпарварлик туйғусини уйғотмоғи зарур…”
 
* * *
...Бугун ўша саксонинчи йилларнинг охири, тўқсонинчи йилларнинг бошида мамлакатимизда содир бўлган воқеалар хусусида ўйлар экансиз, миллатимиз чинакам фожиалар домидан эсон-омон ўтиб олганини ҳис қиласиз. 1985 йилдан бошланган қатағоннинг янги оқими минг-минглаб ўзбек хонадонининг шўрини қуритишга қаратилган мустамлака сиёсати эканлиги, бу сиёсат миллат умуртқасини яна юз йилларга синдириб юборишни мақсад қилганлигини англаш қийин эмас. Миллий урф-одатларга қарши бошланган ошкора тажовуз, Масковдаги Бутирка ва Лефортово қамоқхоналарига судраб олиб кетилаётган деҳқонлар ва генераллар, парчаланиб, кунпаякун бўлаёзган шўролар давлатининг ўлим олди талвасаси эди...
 
…Саҳрода кўринар тағин Тўмарис,
тағин бир қўзғатар сабр тошини,
бу сафар мешгамас,
қон денгизига
отар бу зобитнинг оғир бошини…
 
...Бу – Шавкат Раҳмоннинг шеърий башорати эди. Империя пойтахтида яшаб кўрган шоир унинг нималарга қодир эканини яхши биларди.  У миллатининг тўмарислар каби ўлмас руҳи қўзғолиб, бир кун икки юз йил чўзилган бу асоратдан халос этишига ишонарди. Фақат шундай руҳгина руҳсиз жасаддангина иборат “жез отлиқ”ларни мағлуб қилишини чуқур ҳис қилган шоир унинг муқаррар ҳалокати ҳақида хабар беради. Миллатнинг тўмарисона руҳи бу “зобит”нинг тошдек зил-замбил бошини мешга эмас, балки унинг ўзи яратган сўнгги йўқ қон денгизига улоқтириб ташлайди.
...Вақт ҳар бир нарсани ўз жойига қўяди. Сунъий аралашувдан бузилган қадриятлар аслиятига қайтади. Янги иқтисодий, сиёсий шароитда қадим Туркистон ўлкасининг қариндош халқлари бир-бирларига астойдил талпина бошлади. Беш республиканинг кучли зиёлилари бошини қовуштириш орқали бошқа  соҳаларни ҳам яқинлаштиришни шароит талаб қилиб турибди.
 
Буюк Турон кенгликларида
кўмилиб ётибди ҳадсиз хазина,
кўмилиб ётибди йиллар қаърида
хазинага туташ саноқсиз зина…
Адашдим,
руҳимда парокандалик
кўп сирли асрлар шабистонида
кезгандай бўламан азиз битиклар,
донишманд элларнинг қабристонида…
 
...Ватан тушунчаси куни кечага довур шу қадар мавҳум эдики, унинг сарҳадини белгилаб олиш учун шоирлар ҳам жуғрофий атамаларни қалаштиришдан нарига ўтмасдилар: “Хадрадан Арбатгача, Ўшдан тортиб то Сибир, Бутун сайёра бўйлаб бўй таратган муаттар, Шу Ватан бизникидир, шу Ватан бизникидир…”  Асл Ватан тушунчаси ўлиб бормоқда эди. Шоир “буюк Турон кенгликларида” дафн этилган ҳад-ҳисобсиз миллий “хазина”ларни қидиради. Аммо улар шу қадар чуқурликка дафн этилганки, сон-саноқсиз зиналар билан унга томон тушилади. Бу хазина – пароканда қилиб ташланган Туроннинг шонли ўтмиши, унинг яловбардор, туғбардор халқи, дунё халқларига сабоқ берган донишмандлари, маърифати ва маданияти. Ўтмиш, агар тарих нуқтаи назаридан баҳо берадиган бўлсак жуда нисбий тушунча. Биз уни оддий қоғозларга қайд қилинган “материал” сифатида қабул қилишга ўрганиб қолганмиз. Аслида, у жонли вужуд бўлиб, ҳали-ҳануз қони силқиб турибди. Уни на яшириб бўлади, на йўқотиб. Танангиздан силқиб оқиб турган қонга эътиборсиз бўлишингиз мумкинми? Худди шу жароҳатини унутган халқлар бора-бора ўз вужуди узвидан айрилади; яъни, ниҳоят, у чирий бошлайди ва кесиб ташланади. Тарихсизлик, хотирасизлик шу нуқтадан бошланади...
...Мутараққий халқлар ўз тарихлари ва тарихий хотиралари туфайли инсоният тараққиётининг баланд зиналарига чиқиб олдилар. Улар ўзиникини бировга садақа қилмадилар, бировникини ўзники қилмадилар. Ўғирланган шон-шуҳрат билан узоққа бориш мумкин эмас экан. Бугун дунё хазиналарига сочилиб кетган буюк Туркистон тарихи, унинг муқаддаслари ҳақида сўз юритган тарихчилар ёқаларини тутиб қолмоқдалар. Бу тажовуз ва ўғриликнинг умумдунёвий сувратига қаранг. Бир одамнинг чўнтагига қўл тиққан киссавур умрининг фалон қисмини авахтада ўтказса-ю, бутун миллат тарихини талаб кетган ўғрилар уларни ўз сандиқларида сақласалар.
Мана бу рақамларга эътибор беринг-а:
Нью-Йоркдаги “Метрополитен” музейида темурийлар даврига оид қуйидаги тарихий ашёлар (уларнинг таъбири билан айтганда, экспонатлар) сақланмоқда: медальон, муҳр, пичоқ, ханжар, олтин ва кумушдан ясалган, қимматбаҳо тошлар билан безатилган қилич дастаси, бронзадан ишланган кўзачалар, олтиндан ясалган узуклар, билакузуклар. Улуғбек Кўрагоний деб ёзилган, нефритдан ишланган кўзалар ва бошқа буюмлар.
 Бостон музейида: патнис, қадаҳлар, вазалар, кўзалар, сиёҳдонлар ва калит. Буюк Британия музейида: инглиз қироли Генрих IVнинг Амир Темурга ва Мироншоҳга юборган мактублари нусхалари. Франциянинг Лувр музейида: Амир Темурнинг Карл IVга йўллаган икки мактуби, исфаҳонлик уста Изаиддин ибн Тожиддин ясаган бронза шамдонлар (1397). Россия, Санкт-Петербург Давлат эрмитажида:  Темурнинг ўғли Мироншоҳ  номи ёзилган узук, Шоҳрухнинг хотини – Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегимнинг муҳри…
 
 * * *
...Аслида, ҳаётга асос солган Буюк Муаллим уни бир ЭР ва бир АЁЛдан яратган. Ўртада ҳеч қандай муаммо йўқ. Буюк Муаллим уларга вақти-вақти билан тўғри йўлдан чалғиб кетмасликлари учун ибодат буюрган, холос. Давлат қур, давру даврон сур, бирни қул қил, бирни босиб ўлдир, бир-бирингни ғорат қил, тала, топта, демаган. Бу мудҳиш мураккабликлар Буюк Муаллимнинг иши эмас. Бу – иблисга қўл берган одам фарзандларининг амали!
“Адабиёт ибодати”
(шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига чизгилар) эссе (2005) сидан парча