Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Ҳаёт ҳақиқатлари

Ҳаёт ҳақиқатлари
Омон МАТЧОН,
Ўзбекистон халқ шоири:
— Бизнинг халқимизда яхши одатлар жуда кўп. Одатлар қомуси тузилсаям яхши бўларди. Лекин ўнлаб докторлик диссертацияси бўладиган бу нарса шу пайтгача тартибга солинмаган. Ҳар қандай урф ижтимоийдир. Кишиларнинг ҳаёт кечириши, улар қандай тузумни бошдан ўтказиши, силкинишлар, ларзалар ҳам одамларга ўз таъсирини ўтказади...
Ўзбекларнинг яхши одатларидан бири, яъни ота-оналарнинг болаларига атаб уй солишини айтай. Улар сўнгги топганини ҳам йиғиб, уй солишади. Бу — Ватанга, туғилган тупроққа боғлиқлик белгиси. Буни баъзи бир тушунмаган одамлар бойишга боғламоқчи ҳам бўлишади. Нега ўзбек икки қаватли коттежда яшамаслиги керак? Кучи етса майли, ўн қаватли қилиб қурсин. Уй биз учун она Ватан деган гап!..
Самарқанд, Хоразмдаги обидаларни, ёдгорликларни халқ қурган деймиз-у, бу ўз-ўзидан амалга ошмаганлигини, бунёд қилинмаслигини унутиб қўямиз. Халққа катта йўналиш берувчи куч керак. Амир Темур бобомизнинг “Бизнинг қудратимизга шубҳанг бўлса, марҳамат, тиклаган иморатларимизни келиб кўр” дегани, менимча, классик гап.
Катта қурилишлар замирида, умумий, маданий даражамиз ҳам туради. Шунинг учун юртимиздаги бундай асрий ёдгорлик­ларни кўрганимизда беихтиёр улкан кишиларнинг улкан ишлари кўз олдимизга қелади. Уларнинг олдида суратга тушиб, ҳеч бўлмаганда, ўтганларни сўкмай кетишимиз лозим. Тинчлик, дорил­омон кунлар ҳам яхши одатларнинг кўпайишига сабабчи бўлади. Халқ ўз тинчига қўйиб қўйилган, ўз меҳнатининг самарасига қараб камол топадиган замонда анъаналар янгиларини пайдо қилади ва эскиларини сақлаб, ёдлаб қолиш учун шароит бўлади. Албатта, биз одатдан ташқари нарсаларни кўрсак, ҳайратланиб, “бу нима” деб турамиз. Лекин пайти келиб, шу нарса қабул қилинади. Мисол учун — ёшларнинг муқаддас жойларни зиёрат қилиши. Бундай анъаналар олдин бор эди деб айтолмайман. Тарих — соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, пешонага битилган, яшаб ўтилган тақдир. Уни тузатиб ҳам, ўзгартириб ҳам бўлмайди. Лекин йиллар шафқатсиз. Шу жумладан, ўзбек халқининг ҳам ўсиш босқичлари, таназзулга юз тутган йиллари кўп бўлган...
Келажак бугундан бошланади, деган ибора бугун эриш туюлиш у ёқда турсин, бу умуман нотўғри. Биз тарихни даврга, босқинчиларга бўлавериб, бу фанни бичиқчилик, ямоқчилик растасига айлантирдик. Келажак бугундан бошланмайди. Келажак аллақачон кечадан бошланиб бўлган. Вақт шундай категорияки, уни ҳисобласанг, бор, ҳисобламасанг йўқ.
Вақт санай бошлаган ерингдан бошланиб кетади. Биз ер шарида кичкинагина шаҳарда миллион одам яшаб ўтиб кетаяпмиз, ташқаридан туриб ҳисоблаётган биров борми уни? Унинг ҳисоби бизга қизиқми ёки қизиқмасми? Шунинг учун халқ ўзининг тарихини ўзи ёзиши керак, ўзининг ҳисоб-китоби бўлиши керак. Акси бўлса, авлодлар ўртасида бўлинишлар бошланади. Йўл қўйилган хатоларни ўнглаш учун қанча вақт кетса, яна такрорламаслик учун ҳам анча вақт керак...
“Гаплашадиган вақтлар”да Хоразмни қутқарса, фақат қўшиқ қутқаради, деганман. Ўша пайтда нима учун бу гапни айтганимни эслай олмайман. Аламдан айтилган гап эди бу. Яъни саксонинчи йилларнинг бошида ҳам Орол билан ҳеч ким шуғулланмаётганди, болаларнинг меҳнати билан ҳеч ким қизиқмаётганди. Энгельснинг иборасича, агар жамиятнинг куни болалар меҳнатига қолган бўлса, бу жамиятда катталарнинг аҳволи баттар фожиалидир. Касалликлар, ернинг, сувнинг ҳолати, қум, туз бўронларининг бошланганлиги, захлар-фожиалар, Амударёдан қайиқда ўтаётиб, ҳовучимда сув олиб ичмоқчи бўлдим, ичолмадим, шўр. Агар ёзувчи бир нарсага эътиборини қаратдими, мутасадди кишилар ҳам “Э бунақа экан-ку” деб фикрлашлари керак. Бараварига ман қилиш йўли энди ўтди, бунақада ишлаб бўлмайди. Ҳар бир халқ ўз ерида бахтли бўлиши керак...
...Бизнинг адабиётимиз тарих билан чамбарчас боғланиб кетган. Проза халқимизнинг тарихини ёзса, поэзия эса унинг қўшиғидир. Ҳозир бизнинг шеъриятимизда ҳам, прозамизда ҳам жуда катта бир тўлқин мавжланиб турибди.
Ҳамма муқаддас китоблар ўқилиб, барча ўтган машҳур шахс­ларга ҳар авлод ўз муносабатини билдириши шарт. Темур ҳақидаям, Муқанна ҳақидаям, Жа-лолиддин Мангуберди ва бошқалар тўғрисидаям тўлиқ ҳақиқатни ҳамма билиши керак. Темурийлар хонадонида кўплаб номдор, оқил ва лобар аёллар ўтган. Биз ҳали улар олдида қарздормиз. Юртнинг комил шажараси яратилиши керак...
1989 йил