Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ҲАЁТ ҲАҚИҚАТЛАРИДАН

ҲАЁТ ҲАҚИҚАТЛАРИДАН
Саид АҲМАД,
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси:
– ...Ниҳоятда шўх, тизгинсиз бола бўлган эканман. Бир қарасанг, артист бўлгим, бир қарасанг, дорбоз бўлгим, бир қарасанг, масхарабоз бўлгим келарди. Қаерда бирон қизиқ одамни кўрсам, ўшанга ўхшагим келаверарди. Самарқанд дарвоза маҳалласига дор келганда бир масхарабоз қопдаги шиша синиқларини бўйрага тўкиб, устида ялангоёқ ўйин тушган. Мен ҳам ўнтача шишани синдириб, устига девордан сакраганман, сўнг икки-уч ҳафтача қўлтиқтаёқда юрганим эсимда. Дор ўйнаб йиқилиб оёғим синган. Дарахтдан, томдан қулаб, беш мартача қўлим чиққан. Ҳар гал қўлим чиққанида,  Лабзакдаги Маҳсум табибга олиб бориб, қўлимни тахтакачлатиб келишарди...
Уч акам, уч опам бор эди. Мен кенжатой эдим. У пайтларда қизларда ҳам, йигитларда ҳам ибо, шарм-ҳаё баланд эди. Кўчада қиз кишининг ўғил бола билан гаплашиб туриши катта айб саналарди. Оврупонинг беҳаё одатлари ҳали биз томонларга етиб келмаганди. Ўпишиш қаёқда, қўлтиқлашиб юриш қаёқда, ҳатто қўл бериб кўришиш ҳам гуноҳ саналарди. Бечора йигитлар яхши кўрган қизлари ўтган кўчаларнинг ҳавосини ҳидлаб, ғингшиб юришарди. Худога минг қатла шукрки, мен вояга етганимда баъзи қизлар унча-мунча “беҳаё”лашиб, йигитлар билан кинога бориш, ҳилват боғларда сайр қилиш айб бўлмай қолганди...
Отам раҳматли гул “жинниси” экан. Ҳовлимизда, боғимизда хилма-хил гуллар бўларди. Боғимизни шаҳарликлар “Гулбоғ” деб аташарди. Дадам темир-терсакка ҳам ўч эди. Овчилик жон-дили эди. Шундан бўлса керак, чап кўзини қисиброқ қарашга одатланиб қолганди. Кейинги пайтларда у серзарда, жаҳлдор, тажанг бўла бошлаган. Дарсдан қочган пайтларимда бир-икки марта калтаклаган ҳам. Ўша кезлари мол-дунёси қўлдан кетган, ўзи қатори зиёлилар бирин-кетин қамалаётган эди. Бир нохушликни кутиб, тажанг бўлаётгани билиниб турарди. Мени етаклаб кинога, паркларга олиб борганда ҳам бировга қўшилмас, салом берганда алик олиб, индамай қайтиб келарди.
Уни 1938 йилнинг эрта баҳорида олиб кетишди. Лабзак кўчасигача кўрпасини кўтариб чиққандим. Юк машинаси орқасидан кўнглим вайрон бўлиб қараб қолганман. Дадам қийноқларга чидолмай, Тошкент турмасида жон берган...
...Қандай фазилатим борлигини ўзим ҳам билмайман. Аммо меҳмонсиз яшай олмаслигимни биламан. Одамларга яхшилик қилгим келади. Элликка яқин ёш ёзувчига оқ фотиҳа берган, газета, журналлар орқали “оқ йўл” тилаган эканман. Китобларига сўзбоши ёзибман. Неъмат Аминов, Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов, Носир Фозилов, Худойберди Тўхтабоев...
...Мен ҳам инсонман. Энг азиз, энг қадрдон кишиларимни йўқотганимда ўкириб-ўкириб йиғлаганман. Аммо ҳар қандай ноҳақликка кўз ёшсиз туриб берганман. Фақат... Фақат бир марта ўксиб-ўксиб йиғлаганман.
...1950  йили қамоқхонанинг бир кишилик камерасида тўққиз ой ўтирганимдан кейин Саи­дахон билан ўн минутлик учрашувга рухсат бўлган. (Сиёсий маҳбуслар қамоқхонада ётмас, ўтирарди. Академик Иван Павловнинг итига ўхшаб, ҳуштак чалганда ётиш, ҳуштак чалганда туриш рефлексга айланарди. Бу жойда деворга суянишнинг ҳам иложи йўқ, фақат ўтириш мумкин эди.) Кўзим қоронғига мосланиб қолганиданми, Саидахон жуда узун, новча бўлиб кўринди. Ранги бир ҳол бўлиб қолганга ўхшарди. У менинг кўнглимни кўтариш учун бўлса керак, “сизга яхши пижама олиб қўйдим” деди. Бу гапни эшитиб, томоғимга нимадир тиқилгандек бўлди-ю, овозим чиқмай қолди. Шунча уринаман, қани овозим чиқса. Бир оғиз ҳам гапиролмадим. Кўзимдан дув-дув ёш оқаверди. Учрашувга ажратилган 10 минутлик вақт ҳам тугади. Гапларим ичимда қолиб кетди. Якка жой камерада ўй ўйлаб ўтирибман. Нега йиғлаганимнинг сабабини билмоқчи бўламан, билолмайман. Саидахон менга атаб олган пижама тушимга кирибди. Ажойиб, ҳеч кимда йўқ ҳаворанг пижамани кийиб Ёзувчилар союзига борган эмишман. Ёзувчи ўртоқларим қаердан олдинг, деб сўрашар эмиш. Саидахон олиб берди, деяр эмишман. Ўшанда Саидахон менга ҳеч ким айтмаган гапни айтди. Эсимни таниганимдан буён бунақа илиқ гапни ҳеч кимдан эшитмаган эдим. “Халқ душмани”нинг ўғлига биров меҳрибончилик қилмаган, бошини силамаган. Болалигини боладек ўтказмаган. Болалигини тирикчилик кўйида исроф қилган киши учун бундай сўз жаҳоннинг жами хазинасидан қимматроқ, ўксик қалбга оқиб кирган шаффоф тоғ ҳавосидек қадрли эди...
Ўша замонларда қамоқхона остонасидан ҳатлаб ўтган бирон кишининг қайтиб чиққанини кўрмаганман. Энди мен ҳам қайтиб келишим гумон йўлга кетаяпман. Саидахоннинг илтифотида, бардам бўл, дийдор кўришамиз, бу кунлар ўтиб кетади, деган маъно бор эди. Бу сўзнинг йўқлик қаърига сингиб кетаётган одамга қандай таъсир қилишини биласизми? Дийдаси қаттиқ одамни ҳам йиғлатадиган сўз эди у...
...Кўксимда аламлар қалашиб ётибди. Болалигим ўксиб ўтди. Отам, акам, ўзим “халқ душмани” бўлдик. Деярли бир умр бўйнимни қисиб, ўксиб яшадим. Оқланиб, қайтиб келганимдан кейин ҳам бахтим очилмади. Ёзувчилар союзида бирон хайрли иш бўлса, рўйхатдан ўчиришарди. Мажлислардан бошимни эгиб чиқиб кетардим. Бошимдан ўтганларни ёзиш учун хаёлан бўлса-да, яна қамоққа боришим, жами изтиробларни яна руҳан тортишим керак. Буни энди юрагим кўтара олмайди, деб чўчийман. 
– Сизни фарғонача аскияга жуда уста дейишади...
– Аския халқ ижодида энг мураккаб жанр. Бу тез фикр қилиш мусобақаси.  Рақиб томонидан берилган зарбага бир-икки лаҳзада ундан ўтказиб жавоб қилиш керак. Жавоб мавзудан чиқмаслиги, кишини ҳайрон қолдирадиган даражада мантиқли, сўз тагига рақибни “фош” қилувчи сўз яширинган, айни пайтда жуда ақлли, кулгили бўлиши шарт. Жавоби қандоқ бўларкин, деб тикилиб турган юзлаб кўзлар қаршисида довдирамасдан, ўзини йўқотмасдан, рақибининг “саломи”га    шундай “алик” олиш керакки, давра аҳли бомба портлагандек, гумбурлаб кулиб юборсин.
Фарғона томонларда уста аскиячилар кўп. Мен ҳам йигитлик пайтларимда, ишқибозлик қилиб, улар билан аския айтишганман. Аммо аския фақат эркаклар даврасида айтишга мўлжалланган жанр. Абдулла Қаҳҳор бир мақоласида, “аския гўнг устида очилган гул” деб айтган эди. Бу – жуда аниқ ва тўғри баҳо.
Аския замирида аёллар олдида айтиб бўлмайдиган уят гап ётади. Баъзан телевизорда аския мусобақаларини кўрсатишади. Унда аёлларнинг ҳам гурра-гурра кулишаётганини, баъзан уларни ҳам аскияга аралашаётганларини кўриб ҳайрон бўламан. Аския бамисли эркаклар ҳаммоми, унга аёлларнинг кириши мумкин эмас...
...Устоз Абдулла Қаҳҳор ҳазиллашиб, “мен қилган меҳнатни  маймун қилганда у ҳам ёзувчи бўлиб кетар эди”, деган. Нимагаки эришган бўлсам, фақат меҳнатим орқали эришганман. Машҳурлик масаласида бир нима дейишим қийин. Ким билади, у балки масъулият деганидир. Машҳур киши халқнинг кўзида бўлади. Ҳар гапи, ҳар бир ҳаракати эл назарида туради.
1994 йил